Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
27 Ноябр, 2024   |   26 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:01
Қуёш
07:25
Пешин
12:16
Аср
15:15
Шом
16:59
Хуфтон
18:17
Bismillah
27 Ноябр, 2024, 26 Жумадул аввал, 1446

"Менинг жанозамни бутун мамлакат аҳли ўқийди”

5.04.2019   5517   2 min.

Толеи баланд бир ўлканинг адолатпарвар подшоҳи одамларнинг ҳолидан хабар олишни ният қилиб, оддий инсонлардек кийиниб олди, қоровуллар бошлиғини ҳам шундай кийинтириб, у билан бирга шаҳар айлангани чиқди. Ўша куни шилта ёмғир ёққан эди. Улар йўлда бир одамнинг балчиққа ботиб ётганини кўрдилар. Унда ҳаёт асари кўринмасди. Одамлар беэътибор ўтиб-қайтиб юришибди.

Одамларнинг бепарволигидан ранжиган подшоҳ уларга қараб: “Бу одам қандай вафот этди, нима учун буни ташлаб кетяпсиз, унинг аҳли қаерда? деди. Одамларнинг бири: “У ароқ ичадиган фаҳшга борадиган, масжидга бормайдиган фосиқ эди. Шу ерга йиқилиб тушди-ю ўлиб қолди. Ундан нафратлангани боис ҳеч ким уни кўтаришни истамаяпти”, деди. Подшоҳ: “Ҳар қанча гуноҳкор бўлса ҳам менинг мамлакатим фуқароси, уни бу ҳолда ташлаб кета олмайман”, деб ўйлади. Сўнгра қоровулбоши иккаласи маййитни чеккароққа олдилар. Қоровулбошига сув қуйдириб унинг лой чапланиб қолган юзини юва бошлаган подшоҳнинг тобора ҳайрати кучайиб бораверди. Чунки сув теккани сайин маййитнинг чеҳраси очилиб нур таратиб бораётган эди.   

Атрофдагилардан унинг уйи қаерда эканини сўради.  Фалон жойда дедилар. Уйига бориб аёлига эрининг вафот этганини хабар қилмасдан унинг кимлигини, қандай одам эканини сўради. Аёли: “Эрим ҳунарманд. Кечгача ишлаган пулининг бир қисмига ароқ сотиб олади, бир қисмига енгилтак аёлларни уйга бошлаб келади. Уйга келгандан сўнг ароқ шишаларини ҳожатхонага бўшатади. Аёлларга эса мен тонггача зинонинг ҳаром иш эканини тушунтираман. Жамоага қўшилиб намоз ўқиш учун қўшни маҳалладаги масжидга боради. “Нега ўзимизнинг масжидга бормайсиз?” десам, “Узоғроқ юриб борсам кўпроқ савоб оламан-да”, деб кулади. Аммо унинг бу ишларини ҳеч ким билмайди, билдирмайди. Одамлар уни ёмон одам деб ўйлашади. Шуларни ўйлаб бугун жуда ҳам сиқилдим. “Кунингиз битиб қолса, ўлигингиз кўчада қолади, майитингизни ювадиган, жанозангизни ўқийдиган одам чиқмайди, бундай қилманг”, деб қаттиқ гапириб қўйдим.

У бўлса сира ҳам хафа бўлмади. Аксинча, масрурона жилмайиб: “Буни ўйлаб асло сиқилма, менинг жанозамни машойиху уламолар, бутун мамлакат аҳли ўқийди”, деди. 

Бу гапни эшитиб подшоҳ дод солиб йиғлаб юборди. Кейин аёлга эрининг вафот этгани ва ўзининг подшоҳ эканини айтиб берди. Майитни уйига олиб келтириб,  бутун мамлакат аҳлини жанозага чақиртирди. Майитни эса ўзи ювди. Кейин жанозасини ўқитиб жойига қўйиб келдилар.

 

Яҳё АБДУРАҲМОНОВ,

“Шайх Зайниддин” жоме масжиди имом-хатиби

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Иймоннинг боши

25.11.2024   1948   1 min.
Иймоннинг боши

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Имом Мусоҳибий шундай деган: «Неъматлар бир меҳмон, уларни иззат-икром қилиш шукр билан бўлади. Балолар ҳам бир меҳмон, уларни иззат-икром қилиш эса сабр билан бўлади».

«Сабр иймоннинг бошидир», дейишади. Агар инсон танаси бошидан жудо қилинса, у ҳалок бўлгани каби сабр бўлмаса, иймон ҳам ҳалокатга юз тутгусидир.

Абдулқодир Жийлоний айтган: «Эй ўғлим, мусибат-бало сени ҳалок қилиш учун келмайди, сабрингни синаш учун келади». Олтин ўтга кирса, сайқалланиб янада чирой очгани каби инсон ҳам мусибат олови орқали сайқалланади.

Закариё Аҳмад
«Ҳилол» журнали 4 (61) сон

Мақолалар