Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
16 Июн, 2025   |   20 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:04
Қуёш
04:49
Пешин
12:29
Аср
17:39
Шом
20:01
Хуфтон
21:40
Bismillah
16 Июн, 2025, 20 Зулҳижжа, 1446

Энг қимматбаҳо маҳр соҳибаси

29.03.2019   3427   5 min.
Энг қимматбаҳо маҳр соҳибаси

Мадиналик Милҳоннинг қизи Румайсо хоним оқила, доно, хушхулқ ва гўзал аёл эди. Уни фарзандининг исми билан кунялаб “Умму Сулайм” деб чақиришар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккадан жўнатган Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳунинг даъвати билан Умму Сулайм муслима бўлган ва Муҳаммад алайҳиссалом дийнига эргашган эди. Лекин Аллоҳнинг тақдири мўминлар учун имтиҳонларга тўла экан. Ўлим вақти келганда бир сония ҳам кутиб ўтирмас экан. Умму Сулайм розияллоҳу анҳонинг эри узоқ яшамади. Ожиза ҳали ёш туриб бева қолди.

Мадинада Нажжор қабиласига мансуб Зайд ибн Саҳл деган одам бор эди. Уни Абу Талҳа деб чақиришар эди. Абу Талҳа ҳар қандай аёл ҳавас қилса арзигулик келишган, бой бадавлат, паҳлавон, қабиласида обрўси баланд, моҳир чавандоз ва саноқли мерганларнинг бири эди. Мадинада Маккалик Мусъаб кўпчиликни Исломга олиб кирган бўлса-да, лекин Абу Талҳа аждодлари дийнига содиқ қолди.

Абу Талҳа Умму Сулаймни яхши кўрар эди. Унинг эри ўлганини эшитди-ю, ҳаловатини йўқотди. Тўғрида, шундай гўзал, ақлли, фаҳм-фаросати ўткир аёлга ким ҳам уйлангиси келмайди дейсиз. Бошқа бирорта эркак унга совчи қўйишидан олдин Абу Талҳа отини қамчилади. Йўлда кетар экан ўзича ишонардики, Умму Сулайм мени кўриб дарров рози бўлади… Лекин ўйланиб қолди: Умму Сулайм анави Маккалик даъватчига эргашибди, Муҳаммаднинг дийнига кирибди деб эшитгандим, менга рози бўлармикин – деган ҳаёл уни тараддудлантирарди. Шундай бўлсада барибир Умму Сулаймнинг қўлини сўраб борди.

Умму Сулаймнинг эшиги тақиллади. У ўғли Анас билан эшикни очди. Ташқарида Абу Талҳа киришга изн сўраб турарди. Уни уйга киритишди. Салом-аликдан сўнг совчи мақсадага ўтиб қўя қолди:

Эй Умму Сулайм, мен қўлингизни сўраб келдим. Мени яхши биласиз, сизни ва фарзандларингизни моддий ва маънавий таъминотини уддасидан чиқаман. Хўп десангиз, сизга уйлансам?

Эй Абу Талҳа, сиздек кишига йўқ дейишнинг ўзи аҳмоқлик бўлади. Сиз қавми ичида обрўси баланд, етук, ҳамма ҳавас қилса арзигулик эркаксиз. Аммо мени тўғри тушунинг, сиз билан турмуш қила олмайман. Чунки сиз мусулмон эмассиз.

Абу Талҳа бирорта бадавлатроқ одам ундан аввал бунинг қўлини сўрабди шекилли, деб гумон қилди ва сўради:

Эй Умму Сулайм, тўғрисини айтинг менга тегишдан сизни нима тўсяпти?

Умму Сулайм: сабабини айтдимку, яна нима тўсиши мумкин?!—деди.

Менимча сиз бойликка учяпсиз, бойроқ одамдан совчи келганмиди? – деди Абу Талҳа.

Абу Талҳанинг бу гапидан Умму Сулайм ҳафа бўлиб кетди ва: “Наҳотки мени шундай деб ўйласангиз. Мен учун бойлик аҳамиятсиз, балки мен диёнатни устун қўяман. Сиз Мусулмон эмассиз, шунинг учун рози бўлмадим. Аллоҳ ва унинг Расулини гувоҳ қилиб айтаман: Эй Абу Талҳа, агар Исломга кирсангиз сизга турмушга чиқаман. Маҳримга сариқ чақа ҳам сўрамайман, мен учун сизнинг исломингиз маҳр бўлади” — деди.

Бу гапдан кейин Абу Талҳанинг ҳаёли уйидаги қимматбаҳо ёғочдан ясалган, зебу-зийнатларга бурканган санамига кетди. Наҳотки дийнимни ўзгартисам, наҳотки уйдаги илоҳимдан юз ўгирсам деб ўйланиб қолди.

Боя айтганимиздек, Умму Сулайм оқила ва фаросатли аёл эди. Темирни қиззиғида босди. У Абу Талҳага: “Эй Абу Талҳа ўша санамингиз ердан униб чиққан ёғоч эмасми?!”—деди. У: тўғри у ёғочдан ясалган — деди. Умму Сулайм: “ўша ёғочнинг ярми кимларнингдир ўчоғида ўтин бўлиб, аллақачон куйиб кул бўлмаганми?!”—деди. Абу Талҳа: Ҳа, тўғри, шундай—деди. Шунда Умму Сулайм: “эй Абу Талҳа, Исломга киринг, ҳақни англанг, мен сизга турмушга чиқаман, маҳр учун ҳеч вақо сўрамайман. Менга сизнинг исломингиз маҳрдир!”—деди. Абу Талҳанинг кўзи очилди. Шу кунгача жаҳолат ботқоғига ботиб юрганини англаб етди ва “мусулмон бўлиш учун нима қилишим керак”—деди. Умму Сулайм дарҳол унга шаҳодат калималарини ўргатди ва Абу Талҳа мусулмон бўлди. Исломингиз муборак бўлсин Эй Абу Талҳа!

Мадинаи мунавварада шов-шув. Одамлар орасида “энг қимматбаҳо маҳр Умму Сулаймнинг маҳри бўлди”.—деган гап тарқалди. Кимлардир Умму Сулайм хонимни табрикласа, яна кимлардир унга ҳавас қиларди.

Қиссадан ҳисса шуки, куёв танлашда куёвнинг бойлиги, шуҳрати обрўси эмас балки унинг диёнати муҳимдир. Мана бизга ўрнак, намуна! Умму Сулайм дарҳақиқат энг қимматбаҳо маҳр олди! Бир кишининг эътиқоди тузалишига, ҳақни топишига сабабчи бўлди. Унинг даъвати билан бир мушрик мусулмон бўлди! Тушунган одам учун бундан ортиқ бойлик борми?!

Бугунги кунда бойлик одамларнинг кўзини кўр қилиб қўйди. Бойлик ортидан кориялик кофирларга, ҳиндистонлик динсизларга эрга тегиб кетаётган қиз-жувонларни эшитяпмиз. Муҳтарама опа-сингиллар дунё ўткинчидир, уни деб охиратингизни қўлдан бой берманг!

 

Ўктамжон АБДУЛЛАЕВ

Андижон шаҳар “Мирпўстин ота” жоме масжид ноиб имоми

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Муаззам кунлар оғушидамиз

05.06.2025   15913   4 min.
Муаззам кунлар оғушидамиз

Диёримизга улуғ айём кириб келмоқда. Қутлуғ Ийдул Азҳо ватандошларимизни хайру саховат, меҳр-оқибат сари чорлайди. Бу байрам чин маънода одамийлик айёми. Инсонларга меҳр, ўксик кўнгилларга шодлик улашиш фурсати.


Қалблари ҳиммат ва карам неъматидан бобаҳра халқимиз бу муаззам кунларни бой бермаслик учун фурсатни ғанимат биладилар ва савобдан баҳраманд бўлиб қолишга ҳаракат қиладилар.


Динимиз кўрсатмалари, шариат ҳукмларини устивор тутган қодир ватандошларимиз қурбонликлар қилиб, Ҳақни рози қилишга, ҳақдорлар кўнглини олишга интиладилар. Яратганнинг раҳмати ёғилиб турган дамларда дуолар мустажоб бўлади. Аллоҳ таоло ўзининг каломида “Парвардигорингиз учунгина намоз ўқинг ва қурбонлик қилинг”, - деб марҳамат қилади.


Бу борада сарвари коинот саййидимиз ибратлари ўринли. Оила аъзоларимизни йўқлаш, қўшнилар ҳолидан хабар олишда, мискинларни севинтириш-у, хасталар аҳволидан  огоҳ бўлишда уларнинг ҳадиси мубораклари бизга нурли йўл, деймиз.


Амаллар кўп. Уларга бериладиган савобларнинг даражаси амалга қараб белгиланади. Энг савоби кўп амал бу фарз ҳисобланса, бошқаларга яхшилик улашиш ундан кейинги ўринда турадиган улуғ ибодатдир!


Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадисларида бошқаларга қилинадиган яхшиликни фарздан кейинги ўринда туришини баён қилиб шундай дедилар: “Фарзларни адо қилишдан кейинги ўринда турадиган Аллоҳга энг суюкли бўлган амал бу мусулмонинг қалбига хурсандчиликни киритишдир”.


Шунинг учун Шайх Абдуллоҳ Ҳошим раҳматуллоҳи алайҳ қозиликдан келган маошнинг тенг ярмига ширинлик сотиб олиб, ўзлари билан олиб юрар ва ҳар доим учратган болага ширинликдан бериб, уни хурсанд қилар эдилар.


Улуғ кунларда турибмиз. Ҳар дамни ғанимат билишлик, бир биримизга саховатда ибрат бўлишимиз савобли амаллар эканини ҳис қилмоғимиз лозим. Бу кунда исрофгарчиликдан холи дастурхонлар ёзиш, боримизни бошқалар билан бўлишишга интилишимиз даркор. Хайрни,  яхшиликни гуноҳга алмаштириб қўймаслик учун ҳам уйғоқ кўнгил бўлиш талаб этилади.


Бугун муаззам кунлар оғушидамиз, дедик. Ватандошларимиз улуғ сафарларни ихтиёр этганлар. Айни фурсатларда ҳожиларимиз Мино, Арофат водийларида, Муздалифада – дуолар қабул бўладиган маконларда, замонларда ибодатлар қилиб, элу юртга тинчлик, осойишталик сўрамоқдалар. Бу дуолар баракотидан диёримиз аҳлига қанча яхшиликлар етишади, иншааллоҳ. Ибодатлар ҳузурини тотган одамларнинг қалби салим, эҳсону, мурувватда пешқадам бўлишлари бу энг катта яхшилик аслида. Ҳожиларимиз сафар одобларини тушуниб, улуғ даргоҳлардан насибадор бўлиб қайтадилар. Диёримизга қайтганларидан сўнг эса ёшларимиз маънавиятига камарбаста бўладиган, Ҳақ ва ҳақиқат йўлида сидқидил хизмат қиладиган холис Ҳақ хизматчиларига айланадилар, деган умидимиз бор. Бундай улуғ зиёратлар инсонни қайси ёшда бўлмасин, эзгуликларга хайрихох қилади. Ўзгалар қалбини тушунишга, ватан ва халқ манфаати йўлида саъй-ҳаракатга чорлайди.


Бу кунларнинг Яратган даргоҳидаги ўрни мушарраф. Ҳайит кечаларида дуолар қабул бўлади. Қурбонлик гўштларидан насибадор оилаларга хурсандчилик киради. Бу эҳсонлар ортида ҳам меҳр-оқибат, ўзаро бағрикенглик мақсади мужассам. Биз бу маконда яшарканмиз, турли миллатлар вакиллари ягона Ўзбекистоннинг фуқароларимиз. Ўзаро тенглик, адолат ҳукм сурган юртда биродарлик, яхши қўшничилик анъаналарини қадрлаб яшамоқдамиз. Маҳаллаларда ҳамкорлик билан ободлик сари йўл очиляпти. Ватанимиз кундан- кунга фаровон, халқимиз турмуши чиройли бўлиб боряпти. Бу неъматларга шукрона қилиш, тўғри йўлда собитқадам бўлиш маърифатимиз, маънавиятимиз камолидан дарак беради.


Халқимизга саодат ва сано айёми – Қурбон ҳайити муборак бўлсин! Барчамизни Яратган хайру хурсандчиликлар устида бардавом қилсин. Ватанимиз тинч, юртдошларимизнинг оилалари фаровон бўлсин.

Холмурод МАМАЖОНОВ,

Фарғона шаҳар “Уммул қуро” масжиди имом-хатиби

Ўзбекистон янгиликлари