Мирзо Улуғбек буюк Соҳибқирон Темурнинг бунёдкорлик ишларини давом эттирди у кўплаб мадрасалар, масжид ва хонақолар қурдирди, Мовароуннаҳрни илм-маърифат марказига айлантириш йўлида улкан ишларни амалга оширади.
Жумладан 1417 - 1430 йиллар орасида Улуғбек Самарқанд маркази Регистон майдонида улкан мадраса, хонақоҳ, муқаттаъ масжиди ва ҳаммом қурдиради. Шунингдек, 1417 йилда Бухорода ва 1433 йилда Ғиждувонда ҳам мадраса қурдирган. Мазкур мадрасаларда диний илмларга нисбатан математика, геометрия, фалакиёт, табиёт, жуғрофия ва тарих каби дунёвий илмлар кўпроқ ўқитилган ва ўз даврининг энг нуфузли илм-фан маскани бўлиб ҳисобланган.
Самарқанддаги Мирзо Улуғбек мадрасаси ўз даврининг мукаммал олий таълим маскани бўлиб, ўз даврида ўзига хос университет вазифасини бажарган.
Бухородаги мадраса катталиги жиҳатидан Мовароуннаҳрдаги иккинчи нуфузли мадраса бўлиб, унинг эшигига Улуғбек томонидан «Илм олишга интилиш ҳар бир муслим ва муслима учун фарздир» деган ҳадис битилган.
Мадрасада билим олиш муддати 8 йил давом этган. Шу муддат давомида талабаларга ойлик маош ва «Улфа» деб аталган махсус тўлов пули бериб борилган.
Улуғбек Гўри Амир мақбарасига ҳам айрим қурилишлар билан ўзгача файз тароват бағишлайди. Самарқанддаги Афросиёбнинг жанубида улкан қабристон марказида жойлашган Шоҳи Зинда обидаси меъморчилик санъатининг камёб дурдоналаридан ҳисобланади. Мазкур ёдгорлик асосан XI асрдан бошлаб қурилиб келинаётган бўлса-да, Амир Темур ва Улуғбек замонасида ниҳоясига етказилган. Улуғбекнинг саъй-ҳаракати билан бу ерда ҳам меъморчилик ишлари олиб борилади. 1434 - 1435 йиллар мобайнида Шоҳи Зинданинг асосий дарвозаси ранг-баранг кошинлар билан зийнатланиб, қайтадан қурилганлиги ҳам Улуғбек замонасининг меъморчилик санъатидан нишонадур.
1424-28 йилларда қурилган Мирзо Улуғбек расадхонаси XV аср меъморчилигининг нодир намуналаридан бўлган. Бобур Мирзонинг ёзишича расадхонанинг сирти кошин ва чиройли безаклар билан зийнатланган бўлган. Мирзо Улуғбек расадхонасида квадрантдан ташқари бир неча кузатиш асбобларидан ҳам фойдаланилган. Уларнинг орасида армиляр сфера, триквер каби асбоблар мавжуд эди.
Мирзо Улуғбек мактабига мансуб олимларнинг аниқлаган маълумотлари улардан бир неча аср олдин яшаб ўтган буюк алломалар эришган натижалар билан солиштирилганда ўта аниқлиги билан ажралиб турар эди. Эклиптика оғмалиги, юлдуз йилининг хисоби, сайёраларнинг йиллик ҳисобини аниқлаш, каби масалалар алоҳида ўрин тутган. Мирзо Улуғбекнинг юлдузлар каталоги 1690 йили Поляк олими Ян Гавелийнинг (1611-1687) «Астраномия даракчиси» номли асарида нашр этилган ва бу асарда Мирзо Улуғбек беш астроном Птолемей, Тихо Браге, Жавани Риччиоли, Вильгелм IV ва Ян Гавелий даврасида, тўгарак стол атрофида астрономия музаси (маъбудаси) Ураниянинг ўнг томонида биринчи бўлиб ўтирибди. Унинг ўриндиғи орқасида «Ўз ишимни муносиб авлодларимга қолдирдим» деган сўзлар битилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким: «Розийту биллаҳи Роббан ва бил Ислами дийнан ва би Муҳаммадин соллаллоҳу алайҳи васаллама Росула», деса, унга жаннат вожиб бўлади», дедилар (Абу Довуд ривояти).
Маъноси: Аллоҳни Роббим деб, Исломни диним деб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни расул деб рози бўлдим.
* * *
Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтадилар: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Роббингиз ҳузурида амалларнинг яхшиси, даражангизни баланд қилувчиси, пул ва олтинларни инфоқ қилишдан афзалроқ бўлган ва душманингизга йўлиқиб, унинг бўйнига қилич уришдан ҳам яхши нарсани айтайми?» дедилар. Саҳобалар: «Айтинг», дейишди. Шунда Расулуллоҳ: «Аллоҳни зикр қилиш», дедилар (Термизий ва Ибн Можа ривояти).
* * *
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Исро кечаси Иброҳим алайҳиссаломга йўлиқдим. У зот: «Эй Муҳаммад, умматингизга мендан салом айтинг ва жаннатнинг тупроғи пок, суви ширин ва ўзи текис, ўсимлиги «Субҳаналлоҳи валҳамду лиллаҳи ва лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар» эканини уларга хабар беринг», дедилар» (Термизий ривояти).
* * *
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки: «Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи», деса, у учун жаннатда бир хурмо экилади», дедилар (Термизий ривояти).
* * *
Абу Зарр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Каломларнинг қайси бири Аллоҳ таолога маҳбуброқ?» деб сўрадилар. У зот: «Аллоҳ фаришталарига ихтиёр қилган «Субҳана Робби ва биҳамдиҳи, субҳана Робби ва биҳамдиҳи» жумласини айтиш», дедилар» (Термизий ривояти).