Бугун, 27 март куни Самарқанд вилоятида “Маҳмуд аз-Замахшарий ва унинг ал-Кашшоф асари” мавзусидаги илмий-амалий семинар доирасидаги тадбирлар бошланди. Аввал муфтий ҳазратлари бошчиликларида таниқли уламолар, бош имом-хатиблар, тажрибали имом-хатиблар ва мадрасалар мудирлари Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасини зиёрат қилдилар.
Ташриф аввалида Қуръони карим оятлари тиловат қилиниб, савоби Имом Бухорий руҳи покларига бахшида этилди.
Шундан сўнг семинар иштирокчилари муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан ташкил этилган Ҳадис илми мактаби фаолияти билан яқиндан танишдилар. Олий мактабнинг ўқитувчи ва мутахассислари томонидан илм даргоҳида муҳайё қилинган шарт-шароитлар, таълим-тарбия жараёнларини олиб бориш услублари, ахборот ресурс маркази, замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш методлари, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиш имкониятлари тўғрисида батафсил маълумот бердилар.
Танишув жараёнида меҳмонлар юртимизда диний-маърифий соҳани янада такомиллаштириш, муборак динимизнинг софлигини асраш, унинг асл инсонпарварлик тамойилларини очиб бериш ва кенг тарғиб этиш, бу борада малакали кадрлар тайёрлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётгани ва тизимли ислоҳотлар олиб борилаётганини алоҳида таъкидладилар.
“Маҳмуд аз-Замахшарий ва унинг ал-Кашшоф асари” мавзусидаги илмий-амалий семинар ўз ишини бошлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йигитлик ёшларини қаршилашлари билан ризқ йўлида ҳаракат қила бошладилар. У зот кейинчалик ўзлари ҳақида бундай деганлар: “Мен Макка аҳлининг қўйларини арзимаган чақалар эвазига боқиб берардим”.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ризқ ва озуқа топиш мақсадида чўпонлиқ қилишларида учта муҳим ибрат бор:
1) У зотнинг амакилари Абу Толиб жуда ҳам меҳрибон ва ғамхўр эди. Лекин, Расулуллоҳ алайҳиссалом имконлари етганича амакиларига кўмаклашар эдилар. Гарчи топаётган фойдалари амакилариникига нисбатан жуда оз бўлса ҳам, бу нарсада ташаккур билдириш, имкон қадар ёрдамлашиш ва гўзал муносабат бор эди.
2) Аллоҳ таолонинг илоҳий ҳикмати бизга: инсон ўз қўли билан касб қилиб топган нарсалари энг тотли ва лаззатли эканини билдирмоқда. Энг қадрсиз ва ёмон нарса эса қийинчилик ва машаққатсиз топилган мол-дунё эканига ишора қилмоқда.
3) Агар инсонларни тўғри йўлга етакловчи насиҳат қилиши ортидан инсонларнинг қўлига қараб қолса, унинг эслатмалари ҳеч қандай қийматга эга бўлмайди. Шунинг учун ҳар бир инсоннинг қасб-ҳунари бўлиши керак. Шундагина инсонлардан бирортаси унга на миннат қилади ва на унинг тилини қиса олади.
Солиев Элёрбек Муҳаммад Мусо ўғли,
“Файзуллахўжа ўғли Муродхожи” жоме масжиди имом-ноиби.