Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
11 Январ, 2025   |   11 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:24
Қуёш
07:48
Пешин
12:36
Аср
15:33
Шом
17:17
Хуфтон
18:36
Bismillah
11 Январ, 2025, 11 Ражаб, 1446

Нега аёллардан пайғамбар чиқмаган?

25.03.2019   5423   5 min.
Нега аёллардан пайғамбар чиқмаган?

Ислом дини жамиятда аёлнинг мавқеъини кўтарди. Аёл деганда кўз олдимизда оналаримиз, турмуш ўртоқларимиз, опа-сингилларимиз ва қизларимиз келади. Қуръони каримда аёллар ҳақида алоҳида "Нисо"(Аёллар) сураси келган.

Аллоҳ таоло ўз бандасига хоҳ у эркак бўлсин, хоҳ у аёл бўлсин ҳаммасига бирдай яхшиликни хоҳлайди. Шунинг учун ҳам Ислом динида эркак билан аёлнинг ҳаққи бир хил. Аллоҳ таоло шу ҳақда Қуръонда шундай марҳамат қилади: 

إِنَّ الْمُسْلِمِينَ وَالْمُسْلِمَاتِ وَالْمُؤْمِنِينَ وَالْمُؤْمِنَاتِ وَالْقَانِتِينَ وَالْقَانِتَاتِ وَالصَّادِقِينَ وَالصَّادِقَاتِ وَالصَّابِرِينَ وَالصَّابِرَاتِ وَالْخَاشِعِينَ وَالْخَاشِعَاتِ وَالْمُتَصَدِّقِينَ وَالْمُتَصَدِّقَاتِ وَالصَّائِمِينَ وَالصَّائِمَاتِ وَالْحَافِظِينَ فُرُوجَهُمْ وَالْحَافِظَاتِ وَالذَّاكِرِينَ اللَّهَ كَثِيرًا وَالذَّاكِرَاتِ أَعَدَّ اللَّهُ لَهُمْ مَغْفِرَةً وَأَجْرًا عَظِيمًا

 “Албатта, муслимлар ва муслималар, мўминлар ва мўминалар, давомли итоаткор эркаклар ва давомли итоаткор аёллар, садоқатли эркаклар ва садоқатли аёллар, сабрли эркаклар ва сабрли аёллар, тавозуъли эркаклар ва тавозуъли аёллар, садақа қилгувчи эркаклар ва садақа қилгувчи аёллар, рўза тутгувчи эркаклар ва рўза тутгувчи аёллар, фаржларини сақловчи эркаклар ва (фаржларини) сақловчи аёллар, Аллоҳни кўп зикр қилгувчи эркаклар ва (Аллоҳни кўп) зикр қилгувчи аёллар–ўшаларга Аллоҳ мағфиратни ва улуғ ажрни тайёрлаб қўйгандир[1].

Аёлларни ҳам эркаклар каби ибодатда ва ажру мукофотда баробар эканлигини Аллоҳ таоло билдирмоқда. Одамлар Аллоҳ наздида энг ҳурматлиси жинс билан эмас, эркаклиги ёки аёллиги билан эмас, балки Парвардигорга бўлган ишончи, ихлоси ва тақвоси биландир: 

إِنَّ أَكْرَمَكُمْ عِندَ اللَّهِ أَتْقَاكُمْ

Албатта, Аллоҳнингҳузуридаэнгҳурматлигингизэнгтақводорингиздир.[2]

Демак, эркак бўлсин ёки аёл бўлсин ўз Парвардигорига доимо тақво қиладими тамом, ана ўша банда Аллоҳнинг наздида каромат билан икромланган, дуоси ижобат ва ер юзида азиз бандалардан ҳисобланади.

Аёллардан Худонинг дўстлари авлиёлар бўлган ва бўлади, аммо аёллардан пайғамбар ва подшоҳ бўла олмайди. Чунки бунга уларнинг жисмоний ва фитрий тузилишлари монеълик қилади: 

وَمَا أَرْسَلْنَا مِن قَبْلِكَ إِلاَّ رِجَالاً نُّوحِي إِلَيْهِمْ فَاسْأَلُواْ أَهْلَ الذِّكْرِ إِن كُنتُمْ لاَ تَعْلَمُونَ

“(Эй, Муҳаммад) Биз сиздан (яъни, сизни пайғамбар қилиб юборишимиздан) илгари ҳамфақат сиз каби эркакларни - инсонларнигина ўзимиз туширган ваҳий билан(пайғамбар қилиб) юборганмиз.(Эй мушриклар) агар(бу ҳақда) билмайдиган бўлсангизлар, аҳли илмлардан (яъни Таврот ва Инжилни биладиган кишилардан)сўранглар![3]

Аёллардан пайғамбар юборилмаганлигининг ҳикматлари ҳақида қуйидагиларни ҳам айтиш мумкин: Пайғамбарлик оғир юк, машаққатли вазифа. Аёл эса яратилиш жиҳатидан нозик ва заифа бўлгани учун ҳам бундай оғир ва ниҳоятда қийин вазифани бажара олмайди. Чунки пайғамбарлик доимий равишда сабр ва матонатни талаб қилади. Истисносиз барча пайғамбарлар ҳақ динни тушунтиришда турли бало ва мусибатларга дучор бўлишган. Одам алайҳис саломдан Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламгача ўтган барча пайғамбарларга ҳар хил бўҳтон ва ҳақоратлар қилинган. Закариё, Яҳё ва Жиржис алайҳис саломлар эса шаҳид этилган.

Пайғамбарларнинг ҳаммаси барча зулм ва азиятларга сабр ҳамда сабот билан жавоб беришган. Аллоҳ таоло бундай қийин ва оғир вазифани аёллар зиммасига юкламаган. Қолаверса, аёлнинг фитрий тузилиши ҳам бунга монелик қилади.

Бундан ташқари нифос ва яна бошқа ҳолатлари ҳам борки, ҳомиладорлигида иш юритиши бутунлай қийинлашарди. Чунки фарзандини қорни ёки қўлида кўтариб юриш билан бирга қўшинга бошчилик қилиши, жисмонан бақувват бўлиб олдинги сафларда эпчил ҳаракат қилиши лозим бўларди. Буларнинг барчаси аёлнинг пайғамбар бўлишига имкон бермайдиган ҳолатлардир. Вахолангки, бу масъулиятли ишларни аёлларга хос узрлар билан бирга олиб боришнинг имкони йўқ.

Пайғамбарлар Саййиди соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам шу масалага эътибор қаратиб, уларни "динга оид масалаларни тўлиқ адо қилмайдиган ва баъзи нарсаларни идрок эта олмайдиганлар", деб тушунтирганлар. Фарзанди туфайли ибодатлари қусур ва нуқсонли аёл қандай қилиб пайғамбарлик қилсин...

Ҳолбуки, пайғамбар ҳамма нарсада ўрнак, раҳбар ва қусурсиз йўлбошчи бўлиши керак. Зеро ҳамма унинг ҳолатига қараб ўзини тузатади. Аёлларга оид жиҳатлар эса пайғамбар саодатхонасидаги аёллардан ўрганилади.

Ислом аёл кишининг комил инсон эканини, мустақил шахс эканини, мулкка эга бўлиш ҳаққини, ўзи эга бўлган нарсаларни эркинлик билан тасарруф қила олишини, таълим олиш ҳаққини, эътиқод ва ихтиёр эркинлигини, фикр эркинлигини, насиҳат ва амри маъруф, наҳйи мункар қилиш ҳаққини, ўзи хоҳлаган кишига турмушга чиқиш ҳаққини ёки хоҳламаган кишисидан ажраш ҳаққини, ўз исми, лақаби, отаси ва оиласининг исмини сақлаш ҳаққини берган. Аммо бир умматни бошқарадиган пайғамбарлик ёки раҳбарликка ғаризий ожизаликлари монеълик қилади.

 

Мир Араб” ўрта махсус ислом

билим юртининг мударриси,

Масжиди Калон” жомеъ

Масжиди имом хатиби

Мавлонов Жамол

 

[1]Аҳзоб, 35

[2]Ҳужурот, 13

[3]Наҳл, 47

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Қалбнинг зангини кетказувчи амал

8.01.2025   7814   3 min.
Қалбнинг зангини кетказувчи амал

Инсон қалби гоҳ у тарафга, гоҳ бу тарафга ўзгариб туради: савобли иш қилганида, қалби яйрайди, дили чексиз қувончга тўлади. Гуноҳ-маъсият кирлари эса дил ойнасини хиралаштиради. Оқибатда қалб қораяди, кўнгли хижил бўлади.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Темирга сув тегса занглайди. Худди шунга ўхшаб қалбларни ҳам занг босади", дедилар. Шунда: "Ё Расулуллоҳ, унинг жилоси нима?" деб сўралди. У зот: "Ўлимни кўп эслаш, Қуръон ўқиш", дедилар.

Қалб худди темир каби занглайди. Темирга сув тегса, сиртини занг босади. Гуноҳлар йиғилиб йиғилиб қалбни занглатади, дилни қорайтиради, кўнгилни ғаш қилади. Қалб қорайиши оқибатида инсон шуури ўтмаслашади, меҳр-оқибат туйғуси киши билмас тарзда кўтарилиб боради.

Мазкур ҳадисда айтилишича, ўлимни эслаган, Қуръон ўқиган одамнинг қалби занглардан тозаланади. Қандай қилиб, дейсизми? Гап шундаки, ўлимни эслаган кишининг ўткинчи дунёга хоҳиши сўнади. Ўлимни эслаган, охиратни ўйлаган инсон гуноҳлардан тийилади, нафаси кириб-чиқиб турганида Парвардигорига тезроқ тавба қилишга шошилади, ўзини ислоҳ қилади. Инсон ўлимни эслаганда лаззатлар парчаланади, ҳакалаб отиб турган нафс хоҳишлари сал бўлсаям жиловланади. Бир кунмас-бир кун дунёни тарк этишини билган киши оқибатли бўлади, бир иш қилишдан олдин охирини ўйлайди, мулоҳаза юритади.

Юқоридаги ҳадисда айтилишича, Қуръон тиловати қалбдаги зангларни кетказади. Ҳақиқатан, Қуръон ўқиш билан қалб яйрайди, кўнгил таскин топади. Мўмин банда қироатдан бир дунё маънавий озуқа олади. Шу йўсин қалбни қоплаган занг қурумлари аста-секин тозаланиб боради. Бежизга "Қуръон қалбга малҳам, дилни тозалайдиган илоҳий даво", дейилмаган.

Маълумки, темирга доим ишлов бериб турилмаса, кўп ўтмай занглайди. Худди шунга ўхшаб, Қуръон ўқилмаса, дилни занг босади. Ҳамиша Қуръон ўқийдиган инсон қалбига гард юқмайди. Тиловат билан жилоланган қалби ойнадек ярқираб туради.

Ҳозирги "замонавий" одамларнинг кўпи дунёга ҳирс қўйиш дарди билан оғриган. Кишилар орасида ўзаро ишонч, садоқат, вафо, меҳр-оқибат камайиб кетаётгандек. Бизнингча, бунинг сабаби битта: ўлимни унутиш, Қуръон ўқимаслик.

Айрим одамларга ўлимни эслатсангиз, охиратдан гап очсангиз: "Қўйинг, яхши мавзуда гаплашайлик!" дея сўзингизни бўлади. Ўлимни эслаш ёмонми?! Ҳар кимнинг бошида бор-ку бу савдо! Ўлимдан қочиб-қутулиб бўлмайди. Шунинг учун ўлимга тайёргарлик кўриш керак. Қандай қилиб, дейсизми? Ўлимга ҳозирлик солиҳ амаллар билан бўлади, қоронғи гўрни ёритувчи Қуръон тиловати билан бўлади. Қуруқ кафанлик олиб ёки қабристондан ўзи учун алоҳида жой ажратиб қўйган одамни охират сафарига ростмана шай деб бўлмайди.

Толибжон домла Хурсанмуродов,
Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси.

Али ибн Ҳусомиддин Муттақий Ҳиндий. "Канзул уммол фи сунанил ақволи вал афъол". – Байрут.: Муассасатур рисолат, 1989. - Б. 210.