Ислом дини жамиятда аёлнинг мавқеъини кўтарди. Аёл деганда кўз олдимизда оналаримиз, турмуш ўртоқларимиз, опа-сингилларимиз ва қизларимиз келади. Қуръони каримда аёллар ҳақида алоҳида "Нисо"(Аёллар) сураси келган.
Аллоҳ таоло ўз бандасига хоҳ у эркак бўлсин, хоҳ у аёл бўлсин ҳаммасига бирдай яхшиликни хоҳлайди. Шунинг учун ҳам Ислом динида эркак билан аёлнинг ҳаққи бир хил. Аллоҳ таоло шу ҳақда Қуръонда шундай марҳамат қилади:
إِنَّ الْمُسْلِمِينَ وَالْمُسْلِمَاتِ وَالْمُؤْمِنِينَ وَالْمُؤْمِنَاتِ وَالْقَانِتِينَ وَالْقَانِتَاتِ وَالصَّادِقِينَ وَالصَّادِقَاتِ وَالصَّابِرِينَ وَالصَّابِرَاتِ وَالْخَاشِعِينَ وَالْخَاشِعَاتِ وَالْمُتَصَدِّقِينَ وَالْمُتَصَدِّقَاتِ وَالصَّائِمِينَ وَالصَّائِمَاتِ وَالْحَافِظِينَ فُرُوجَهُمْ وَالْحَافِظَاتِ وَالذَّاكِرِينَ اللَّهَ كَثِيرًا وَالذَّاكِرَاتِ أَعَدَّ اللَّهُ لَهُمْ مَغْفِرَةً وَأَجْرًا عَظِيمًا
“Албатта, муслимлар ва муслималар, мўминлар ва мўминалар, давомли итоаткор эркаклар ва давомли итоаткор аёллар, садоқатли эркаклар ва садоқатли аёллар, сабрли эркаклар ва сабрли аёллар, тавозуъли эркаклар ва тавозуъли аёллар, садақа қилгувчи эркаклар ва садақа қилгувчи аёллар, рўза тутгувчи эркаклар ва рўза тутгувчи аёллар, фаржларини сақловчи эркаклар ва (фаржларини) сақловчи аёллар, Аллоҳни кўп зикр қилгувчи эркаклар ва (Аллоҳни кўп) зикр қилгувчи аёллар–ўшаларга Аллоҳ мағфиратни ва улуғ ажрни тайёрлаб қўйгандир”[1].
Аёлларни ҳам эркаклар каби ибодатда ва ажру мукофотда баробар эканлигини Аллоҳ таоло билдирмоқда. Одамлар Аллоҳ наздида энг ҳурматлиси жинс билан эмас, эркаклиги ёки аёллиги билан эмас, балки Парвардигорга бўлган ишончи, ихлоси ва тақвоси биландир:
إِنَّ أَكْرَمَكُمْ عِندَ اللَّهِ أَتْقَاكُمْ
“Албатта, Аллоҳнингҳузуридаэнгҳурматлигингизэнгтақводорингиздир.”[2]
Демак, эркак бўлсин ёки аёл бўлсин ўз Парвардигорига доимо тақво қиладими тамом, ана ўша банда Аллоҳнинг наздида каромат билан икромланган, дуоси ижобат ва ер юзида азиз бандалардан ҳисобланади.
Аёллардан Худонинг дўстлари авлиёлар бўлган ва бўлади, аммо аёллардан пайғамбар ва подшоҳ бўла олмайди. Чунки бунга уларнинг жисмоний ва фитрий тузилишлари монеълик қилади:
وَمَا أَرْسَلْنَا مِن قَبْلِكَ إِلاَّ رِجَالاً نُّوحِي إِلَيْهِمْ فَاسْأَلُواْ أَهْلَ الذِّكْرِ إِن كُنتُمْ لاَ تَعْلَمُونَ
“(Эй, Муҳаммад) Биз сиздан (яъни, сизни пайғамбар қилиб юборишимиздан) илгари ҳамфақат сиз каби эркакларни - инсонларнигина ўзимиз туширган ваҳий билан(пайғамбар қилиб) юборганмиз.(Эй мушриклар) агар(бу ҳақда) билмайдиган бўлсангизлар, аҳли илмлардан (яъни Таврот ва Инжилни биладиган кишилардан)сўранглар!”[3]
Аёллардан пайғамбар юборилмаганлигининг ҳикматлари ҳақида қуйидагиларни ҳам айтиш мумкин: Пайғамбарлик оғир юк, машаққатли вазифа. Аёл эса яратилиш жиҳатидан нозик ва заифа бўлгани учун ҳам бундай оғир ва ниҳоятда қийин вазифани бажара олмайди. Чунки пайғамбарлик доимий равишда сабр ва матонатни талаб қилади. Истисносиз барча пайғамбарлар ҳақ динни тушунтиришда турли бало ва мусибатларга дучор бўлишган. Одам алайҳис саломдан Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламгача ўтган барча пайғамбарларга ҳар хил бўҳтон ва ҳақоратлар қилинган. Закариё, Яҳё ва Жиржис алайҳис саломлар эса шаҳид этилган.
Пайғамбарларнинг ҳаммаси барча зулм ва азиятларга сабр ҳамда сабот билан жавоб беришган. Аллоҳ таоло бундай қийин ва оғир вазифани аёллар зиммасига юкламаган. Қолаверса, аёлнинг фитрий тузилиши ҳам бунга монелик қилади.
Бундан ташқари нифос ва яна бошқа ҳолатлари ҳам борки, ҳомиладорлигида иш юритиши бутунлай қийинлашарди. Чунки фарзандини қорни ёки қўлида кўтариб юриш билан бирга қўшинга бошчилик қилиши, жисмонан бақувват бўлиб олдинги сафларда эпчил ҳаракат қилиши лозим бўларди. Буларнинг барчаси аёлнинг пайғамбар бўлишига имкон бермайдиган ҳолатлардир. Вахолангки, бу масъулиятли ишларни аёлларга хос узрлар билан бирга олиб боришнинг имкони йўқ.
Пайғамбарлар Саййиди соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам шу масалага эътибор қаратиб, уларни "динга оид масалаларни тўлиқ адо қилмайдиган ва баъзи нарсаларни идрок эта олмайдиганлар", деб тушунтирганлар. Фарзанди туфайли ибодатлари қусур ва нуқсонли аёл қандай қилиб пайғамбарлик қилсин...
Ҳолбуки, пайғамбар ҳамма нарсада ўрнак, раҳбар ва қусурсиз йўлбошчи бўлиши керак. Зеро ҳамма унинг ҳолатига қараб ўзини тузатади. Аёлларга оид жиҳатлар эса пайғамбар саодатхонасидаги аёллардан ўрганилади.
Ислом аёл кишининг комил инсон эканини, мустақил шахс эканини, мулкка эга бўлиш ҳаққини, ўзи эга бўлган нарсаларни эркинлик билан тасарруф қила олишини, таълим олиш ҳаққини, эътиқод ва ихтиёр эркинлигини, фикр эркинлигини, насиҳат ва амри маъруф, наҳйи мункар қилиш ҳаққини, ўзи хоҳлаган кишига турмушга чиқиш ҳаққини ёки хоҳламаган кишисидан ажраш ҳаққини, ўз исми, лақаби, отаси ва оиласининг исмини сақлаш ҳаққини берган. Аммо бир умматни бошқарадиган пайғамбарлик ёки раҳбарликка ғаризий ожизаликлари монеълик қилади.
“Мир Араб” ўрта махсус ислом
билим юртининг мударриси,
“Масжиди Калон” жомеъ
Масжиди имом хатиби
Мавлонов Жамол
[1]Аҳзоб, 35
[2]Ҳужурот, 13
[3]Наҳл, 47
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракатуҳу
Бугун сизларга 6 ёшли бир қизалоқ ҳақида сўзлаб бераман. Қизалоқнинг исми Тесси бўлиб, у камбағал оилада яшарди. Уйларининг биринчи қаватида дорихона жойлашган эди.
Қизалоқ кунларнинг бирида ота-онасига билдирмасдан шу дорихонага борди. Дорихоначи узоқ йил кўришмаган чикаголик бир дўсти билан суҳбат қурарди. Улар дорихонага кирган қизалоқни пайқамай, гаплашишда давом этардилар. Охири Тесси столни тақиллатиб, қўлидаги бир долларни сотувчининг олдига қўйди-да: “Илтимос менга мўъжиза бериб юборинг” деди.
Сотувчи ҳайрон бўлиб: “Сенга нима керак қизалоқ?” деди.
Қизалоқ: “Мана бир доллар, менга мўъжиза керак” деди.
“Биз мўъжиза сотмаймиз” деди сотувчи.
Қизалоқ бу гапни эшитиши билан йиғлаб юборди. “Илтимос қиламан, менда яна 11 сент ҳам бор, менга мўъжиза топиб беринг”.
Сотувчи: “Менда сен излаётган нарса йўқ. Кечирасиз, лекин мен сенга ёрдам беролмайман”, деди.
Дорихоначининг олдида турган дўсти тиз чўкиб, қизалоқдан сўради: “Сиз қандай мўъжиза сотиб олмоқчисиз?”.
“Укам, укам.... касал. У юқори қаватдаги уйимизда аҳволи оғир ҳолатда ётибди. Ҳозиргина шифохонадан келди. Лекин миясидаги шишни даволаб бўлмаяпти. У ўлиб қолади, укам яшаши учун менга мўъжиза керак” деди жажжи қизалоқ кўзлари ёшга тўлиб.
Ҳа, қизча мўъжизани сотиб олса бўладиган нарса деб ўйларди. Чунки у шифокорнинг укаси оғир касал экани, бунинг учун катта маблағ кераклиги ҳақида айтган сўзларини эшитганди. Шифокорнинг бу сўзларидан кейин Тесси кўзлари ёшга тўлган отасининг умидсизлик билан айтган ушбу сўзларини ҳам эшитганди: “Энди...энди ўғлимизни фақат мўъжиза қутқара олади”.
Шунинг учун қизалоққа мўъжиза жуда зарур эди.
“Сизда неча пул бор?” деб сўради ҳалиги чикаголик одам.
“Бир долларим ва яна ўн бир сентим бор”, деди Тесси.
“Қандай ҳам яхши, менинг мўъжизам учун айнан шунча керак бўлади” деб жилмайди ва жажжи муштига пулларини қисиб олган қизчанинг қўлидаги пулни олиб, “Қани менга уйингни кўрсат-чи, укангни кўрмоқчиман” деди.
Маълум бўлишича, бу одам таниқли нейрохирург шифокор Карлтон Aрмстронг экан. У дунёдаги энг яхши нейрохирурглардан бири эди.
Шифокор қизалоқ билан бирга уйга борди ва Тессининг укасини кўриб: “Мен сизнинг фарзандингизни мутлақо бепулга даволайман”, деди. Тессининг оиласи бундан ниҳоятда хурсанд бўлишди. Мўъжиза содир бўлаётганига ишонишмасди.
Шифокор Армстронг жарроҳлик амалиётини муваффақиятли амалга оширди ва унинг бу амалиётда қўллаган услуби бутун дунё тиббиёт мактабларида ўргатиладиган бўлди.
Тез орада Тессининг укаси бутунлай соғлом ҳолда уйга қайтди. “Сизнинг ўз оёқларингиз билан уйимизга келиб қолишингиз бу – ҳақиқий мўъжиза. Пулимиз ҳам йўқ эди. Наҳотки, бепулга шундай мураккаб амалиётни қилиб берган бўлсангиз”, деди қизалоқнинг отаси. Бу гапларни қизалоқ Тесси эшитиб қолиб, югуриб келди: “Йўқ, кечириб қўясиз ҳеч бепул эмас. Мен бу мўъжиза учун 1 доллар ва 11 сент тўлаганман”, деди. Қизалоқнинг ота-онаси ҳайратланиб: “Йўғе, бу сенинг ишингми?” дейишди. Шифокор: “Ҳа, ҳаммасига шу жажжи қизалоқ сабабчи”, деди.
Ушбу ҳикоядан ўзимизга қандай фойдаларни олишимиз мумкин:
Аввало, ёш болаларнинг беғуборлиги, соф табиат экани. Бир нарсага шак-шубҳасиз ишонишлари.
Иккинчидан, Аллоҳ таолонинг раҳмати кенглиги.
Учинчидан, агар бир нарсага чин қалбдан ишонсак ва унга эришиш учун астойдил ҳаракат қилсак, албатта мўъжиза биздан узоқ эмаслигига гувоҳ бўламиз.
Қиссада гувоҳи бўлганингиздек, қизалоқнинг қатъий ишончи сабабли Аллоҳ таоло шифокорни юборди. Натижада, қизалоқнинг укаси тузалиб кетди, мўъжиза содир бўлди. Бунинг учун бор йўғи 1 доллару 11 сент сарфланди.
Даврон НУРМУҲАММАД