Абдуллоҳ ибн Абу Қуҳофа — Абу Бакр Сиддиқ (Ўта тасдиқловчи) розияллоҳу анҳу.
*****
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу — Форуқ (Ҳақ билан ботил орасини ажратувчи).
*****
Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу — Зуннурайн (Икки нур соҳиби).
*****
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу — Имом (Йўлбошчи, етакчи).
*****
Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу — Амийнул умма (Умматнинг ишончли кишиси).
*****
Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу — Абул Масокийн (Мискинларнинг отаси).
*****
Ҳамза ибн Абдулмутталиб розияллоҳу анҳу — Асадуллоҳ (Аллоҳнинг арслони).
*****
Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу — Ҳавориюр Росул (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаворийси).
*****
Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳу — Сафийрул Ислам (Ислом элчиси).
*****
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу — Таржуманул Қуръан (Қуръон таржимони).
*****
Билол ибн Рабоҳ розияллоҳу анҳу — Муаззинур Росул (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муаззини).
*****
Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳу — Соҳибу сиррир Росул (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сирларининг соҳиби).
*****
Амр ибн Осс розияллоҳу анҳу — Доҳиятул Ислам (Ислом доҳийси, сиёсатчиси).
*****
Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу — Катибу ваҳйир Росул (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ваҳий котиблари).
*****
Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу — Ҳиббу Росулиллаҳ (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дилдан яхши кўрган кишиси).
*****
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу — Таржуманул Қуръан (Қуръон таржимони).
*****
Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳу — Шаъирур Росул (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шоирлари).
*****
Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу – Сайфуллоҳ (Аллоҳнинг қиличи).
Интернет маълумотларидан Нозимжон Иминжонов таржимаси
Ота-оналар ўғилларига Муҳаммад деб исм қўйишни афзал кўрадилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак исмлари саҳобалар давридан бошлаб ҳозиргача У зот алайҳиссаломга муҳаббат юзасидан фарзандларга қўйиб келинади. Қолаверса, бир қанча ҳадиси шарифларда, уламоларнинг сўзларида бу муборак исмни фарзандларга қўйиш тавсия қилинган ва мақталган. Жумладан Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Исмимни қўйинглар, аммо куням билан куняланманглар”, деганлар.
Имом Молик разияллоҳу анҳу айтадилар: “Мадина аҳли шундай дер эди: “Муҳаммад исмли кишиси бор ҳеч бир оила йўқки, унга кўплаб яхшиликлар берилмаган бўлса”.
Аммо, “қасамки, кимки сенинг исминг Муҳаммад билан аталса, ҳеч қачон дўзах ўти унга тегмайди”, “Қиёмат куни, эй исми Муҳаммад бўлган банда, жаннатга кириш учун ўрнингда тур, деб нидо қилинади” каби уйдирма ҳадислар кўплаб учрайди. Мазкур муборак исмга оид бир қанча уйдирма ҳадислар китобларга кириб қолганини уламолар аниқлаган ва мусулмонларни огоҳ этиш учун уйдирма ҳадисларга оид ёзган китобларига киритганлар.
Муҳаммад исми дўзахдан асраши, қиёматда фойда бериши каби фазилатлар баён қилинган юқорида зикр этилган ҳадислар ҳақида Имом Шомий асарида бундай деган: “Муҳаммад исми бандага фойда келтириши ҳақида биронта саҳиҳ ҳадис йўқ”.
Бакр Абу Зайд айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан Муҳаммад ёки Аҳмад исмли кишини мақтагани ёки бировни бу икки исм билан чақиришни ман қилгани ҳақидаги ҳар қандай ҳадис саҳиҳ эмас” (“Тасмиятул мавлуд”, 17-бет).
Яна бир муҳим жиҳат, бу исм шарафли исмлардан, аммо исм инсонга одамлар орасида афзаллик бермайди. Агар бу исмни бирор инсонга қўйилса, ўша инсоннинг исми ҳисобланади. Бу инсонни чақирилса ёки исми айтилса, унга саловат айтиш каби Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга оид ҳукмлар қилинмайди.
Асосий ва муҳим жиҳат Муҳаммад деб номланиш эмас, балки У зотга эргашиш эканлигини уламолар таъкидлаганлар. Инсонга солиҳ амаллари ва Аллоҳдан қўрқиши дунё ва охиратда фойда беради.
Пўлатхон Каттаев,
ТИИ Ҳадис ва Ислом тарихи фанлари кафедраси
катта ўқитувчиси.