Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:
"Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
" Бурни ерга ишқалсин, бурни ерга ишқалсин, бурни ерга ишқалсин", дедилар.
"Эй Аллоҳнинг Расули, кимнинг?" дейишди.
"Ота-онаси ёки улардан бири кексалигида улар билан бирга яшаб, дўзахга кирган кишининг", дедилар".
Шарҳ: Демак, ота-она улуғ ёшга кирганларида уларнинг хизматини қилиб, розилигини топиб қолса, жаннатга кирар экан, акс ҳолда дўзахга кирар экан. Икковлари бўлмаса, биттаси - ё ота, ё она бўлса ҳам, ана шу ҳолат бўлар экан.
Бу ҳадиси шариф ҳам ота-онанинг розилигини топиш қанчалик муҳим иш эканини таъкидламоқда. Банданинг жаннат ёки дўзахга киришга сабаб бўладиган амаллардан бири ота-онага бўладиган муносабат эканини кўрсатмоқда. Айниқса ота-она кексайганларида алоҳида эҳтиётлик билан уларга яхшилик қилиш пайида бўлиш зарурлигини билдирмоқда.
Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:
1. Тингловчининг эътиборини тортиш учун бир ишнинг оқибатини такрор-такрор айтиш мумкинлиги.
2. Олим ва раҳбар кишидан бирор масала оқибати ҳақидаги гапни эшитганда, бу оқибат ким учун эканини сўраш лозимлиги.
3. Ота-онаси бўла туриб, уларнинг розилигини топиб, жаннатга киришга сазовор бўлолмай қолган одам бахтсиз шахс экан.
"Одоблар хазинаси" китобидан.
Савол: Биз томонларда ўғил фарзанд учун қилинадиган суннат (хатна) тўйига келиннинг отаси ёки ака-укалари сўқим (сўйиладиган қорамол) олиб боришлари шартдек бўлиб қолган. Ҳатто бу нарса келин тарафдагиларнинг бурчи деган тушунча ҳам бор. Шунинг учун айрим ҳолларда баъзи оталар неварасини суннат тўйига ерини сотиш ёки катта қарзларни олишгача мажбур бўлаяпти. Шу ишлар динимизда борми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Динимизда хатнани бор эканлиги барчага маълум ва бу учун зиёфат қилиб бериш ҳам бор. Аммо бу нарса фарз ёки вожиб, ҳатто суннат ҳам эмас, балки у айрим саҳобийларнинг шунчаки одати бўлган. Лекин у ҳозирги кунда авж олгандек бемаъни дабдабозлик билан эмас, балки тор доирада камтарона дастурхон ёзиб ўтказилган.
Демак, аслида суннат ҳам бўлмаган ушбу “тўй”га сўқим олиб келиш қиз томоннинг бурчи дейиш мантиқсиз экани кўриниб турибди. Буни жоҳилона ҳою ҳавас ортидан пайдо бўлган хурофот десак, тўғрироқ бўлади. Айнан мана шунақа тайини йўқ “мажбурият”лар туфайли қанчадан-қанча оилалар жабр кўряпти ва ҳатто айрим оилалар “сўқим қилинмагани ёки олиб келинган сўқимнинг кичкиналиги” сабабидан бузилиб кетишгача ҳам бормоқда.
Динимизда ҳадя улашишга тарғиб қилинган. Аммо бу чин юракдан ҳамда берувчига малол келмасдан амалга оширилиши керак.
Шундай экан, куёв томонга юбориладиган новвосларни ҳадя деб бўлмайди. Чунки бу нарса ошкора ёки зимдан қилинган талаб ёки келин томоннинг одамлардан уялиб ёхуд “қизим хижолат бўлмасин”, деб қиладиган “совғаси” бўлади. Куёв томоннинг келин томонга бундай талаблар қўйиши катта хато ва гуноҳ саналади. Қолаверса, чин кўнгилдан берилмаган нарсани ейиш ҳам шубҳали ҳисобланади. Зеро Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
لا يحل مال امرئ مسلم الا عن طيب نفسه رواه احمد
“Мусулмон кишининг моли бошқага ҳалол эмас, фақатгина ўзи рози бўлиб, кўнглидан чиқариб берсагина, ҳалол бўлади” (Имом Аҳмад ривояти).
Шундай экан, бундай ишга чек қўйиш лозим. Агар қилмоқчи бўлсалар, куёв томон имкони даражасида ўзлари қилсинлар. Агар имконлари бўлмаса, қайнотани зиммасига юкламасликлари лозим. Имкон бўлмагани учун бу каби эҳсонни қила олмаса, гуноҳкор бўлмайди. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.