«(Савдо-сотиқда ўлчов ва тарозидан) уриб қолувчи кимсалар ҳолига вой! Улар одамлардан (бирор нарсани) ўлчаб олган вақтларида тўла қилиб оладиган, уларга ўлчаб ёки тортиб берган вақтларида эса уриб қоладиган кимсалардир. Улар (ўлгандан кейин) қайта тирилувчи эканларини ўйламайдиларми, Улуғ кунда (қиёматда) – одамлар (бутун) оламлар Парвардигори ҳузурида (ҳисоб-китоб бериш учун) тик турадиган кунда?!» (Мутаффифун, 1–6).
Мадиналиклар орасида ўлчов ва тарозидан уриб қолиш одати бор эди. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Мадинага келганларида: «(Савдо-сотиқда ўлчов ва тарозидан) уриб қолувчи кимсалар ҳолига вой!» (Мутаффифун, 1) ояти нозил бўлди. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уларга оятни ўқиб бердилар ва айтдилар: “Беш нарсага беш нарса сабаб бўлади: қайси қавм аҳдини бузса, Аллоҳ таоло уларга душманини ҳукмрон қилиб қўяди; қайси бир қавм Аллоҳ таолога бўйинсунмаса, уларда фақирлик кўпаяди; қайси қавмда фоҳишалик пайдо бўлса, уларда ўлим кўпаяди; қайси қавм ўлчов ва тарозидан урадиган бўлса, уларда қурғоқчилик бўлади; қайси қавм закотни бермаса, уларга ёмғир ёғмай қолади”.
«(Савдо-сотиқда ўлчов ва тарозидан) уриб қолувчи кимсалар ҳолига вой! ...»
Муфассирлар айтадилар: Вой, яъни вайл, охиратда бўладиган қаттиқ азобдир.
Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) айтади: “Вайл дўзахдаги бир водийдир, унда йиринг оқади, унинг аҳли ўлчов ва тарозидан уриб қолувчилардир...”
«Улар одамлардан (бирор нарсани) ўлчаб олган вақтларида тўла қилиб оладиган, уларга ўлчаб ёки тортиб берган вақтларида эса уриб қоладиган кимсалардир».
Ибн Касир тафсирида бундай дейилган: “Инсонлардан молни ўлчаб олганда кўпайтириб оладиган, бошқаларга ўлчаб берганда уриб қолувчи кишилар “мутаффиф”, яъни ўлчов ва тарозидан уриб қолувчидир”.
Сотувчининг ўлчов ва тарозидан уриб қолишига индамай рози бўлиб кетиш керак эмас. Балки жамиятда бундай иллатга қарши курашиш ва унинг олдини олиш лозим.
Уламолар: “Тарозидан кўп ва оз уриб қолишнинг азоби охиратда бир хил бўлади”, дейишган. Ҳатто баъзи олимлар, тарозидан уриб қолишни ният қилишнинг ўзи ҳам катта гуноҳлардан, деб ҳисоблаганлар.
Имом Мотуридий оят тафсирида айтади: “Киши ўлчанадиган молни сотиб олаётганда сотувчининг тарозидан уриб қолаётганини билиб индамаса, унга рози бўлса ё уни кечириб юборса, сотувчининг гуноҳига шерик бўлади. Чунки тарозидан, ўлчовдан уриб қолиш олувчи ё сотувчидан бирининг зарар кўраётгани учун ҳаром эмас, балки Аллоҳ таоло тарози ва ўлчовдан уриб қолишни ман қилгани учун ҳаромдир”.
Ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу) бир куни заъфарон ўлчаб сотаётган кишининг ёнидан ўтиб кетаётганида, сотувчи молни харидорга оғирроқ қилиб берди. Ҳазрати Али (розияллоҳу анҳу) унга деди: “Олдин тарозида тенг қилиб ўлчаб бер, ана ундан сўнг хоҳлаганингча қўшиб бер”. Демак, сотувчи олдин тарозини тўғри тортиб, зиммасидаги вожибни адо этиши зарур. Сўнг агар истаса, молидан бир миқдорини харидорнинг халтасига солиб, эҳсон қилиши мумкин.
Ибн Умар (розияллоҳу анҳу) сотувчи олдидан ўтганларида бундай дер эканлар: “Аллоҳдан қўрқ, тўғри ўлча, чунки тарозидан уриб қолувчилар қиёмат куни тўхтатилади, уларнинг баданларини тер қоплайди”.
Баъзи олимлар айтишларича, нафақат ўлчов ва тарозидан уриб қолувчилар, балки молнинг айбини айтмай, харидорни алдаб сотувчилар ҳам “мутаффиф” ҳисобланади.
Баъзи олимлар бундай деганлар: “Уриб қолиш ўлчов, вазнда бўлгани каби намоз ва таҳоратда, сўзда ҳам бўлади. Яъни, киши таҳорат ва намоз ёки бошқа ибодатларнинг рукнларини тўла, нуқсонсиз, мукаммал бажариши лозим, акс ҳолда мутаффиф бўлади.
Ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) айтади: “Намоз ҳам тарозидир (яъни, тарози каби меъёрдадир). Ким уни мукаммал адо этса, Аллоҳ унинг ажрини тўла беради, ким уни нуқсонли қилса, сизлар Аллоҳ таолонинг тарозидан уриб қолувчилар ҳақидаги сўзини эшитгансиз (яъни, тарозидан уриб қолувчиларнинг оқибати қандай бўлишини биласиз)”.
«Улар (ўлгандан кейин) қайта тирилувчи эканларини ўйламайдиларми, Улуғ кунда (қиёматда) – одамлар (бутун) оламлар Парвардигори ҳузурида (ҳисоб-китоб бериш учун) тик турадиган кунда?!» Яъни, ўлчовдан уриб қолувчилар қиёмат куни қайта тирилиб, барча қилган ишлари ҳақида жавоб беришларини ўйламайдиларми?
Ибн Умар (розияллоҳу анҳу)нинг “Вайлунлил мутоффифин” сурасини ўқиб «“Улуғ кунда (қиёматда) – одамлар (бутун) оламлар Парвардигори ҳузурида (ҳисоб-китоб бериш учун) тик турадиган кунда” мазмунли оятига етганда ўқишдан тўхтаб йиғлаганлари ва ҳушдан кетганлари» ривоят қилинган.
Кундалик турмушда бўладиган савдо-сотиқда ўта эҳтиёт бўлайлик, бир-биримизнинг ҳақимизга хиёнат қилмайлик!
Имом Мотуридий, Абу Лайс Самарқандий,
имом Замахшарий, Ибн Касир ва
Қуртубий тафсирлари асосида
Бадриддин САДРИДДИН ўғли
тайёрлади.
Cавол: Мен макулатура сотиш билан шуғулланаман. Гоҳида ушбу қоғозлар орасидан эскирган Қуръон варақлари ва бошқа диний ёзуви бор қоғозлар ҳам чиқиб қолади. Уларни нима қилсам бўлади?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Маълумки, динимизда Аллоҳ таолонинг каломи ҳамда гўзал исмлари ёзилган қоғоз ва бошқа нарсаларни хорлаш ёки беҳурмат қилишдан қайтарилган, аксинча уларни эъзоз ва эҳтиром қилишга буюрилган. Шунинг учун, бундай муқаддас битикли қоғозларни макулатурага топшириш мутлақо ярамайди.
Аллоҳ таоло бу ҳақида бундай хитоб қилади:
ذَلِكَ وَمَنْ يُعَظِّمْ شَعَائِرَ اللَّهِ فَإِنَّهَا مِنْ تَقْوَى الْقُلُوبِ
“Гап шудир: Кимки Аллоҳнинг шиорларини улуғ деб билса, бас, албатта, бу дилларнинг тақвосидандир” (Ҳаж сураси, 32 оят).
Демак, оят ва ҳадислар ёзилган китоб ёки варақлар ўқиш учун яроқли бўлса, уларни ҳеч бир йўл билан йўқ қилиш жоиз бўлмайди, балки уларни фойдаланадиган кишиларга топшириш лозим.
Аммо улар эскириб, ўқишга яроқсиз ҳолатга келиб қолган бўлса, уларни тоза бир латтага ўраб, оёқ ости қилинмайдиган ерга кўмилади. Бу ҳақда Аллома Ҳаскафий роҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Фойдаланиб бўлмайдиган китоблардан Аллоҳ таолонинг фаришталар ва Пайғамбарларнинг исми ўчирилади ва ёқиб юборилади. Ўчирмасдан туриб ҳам оқар сувга оқизиб юборишнинг зарари йўқ. Кўмиш ҳам мумкин. Кўмиш энг афзал йўлдир. Зеро, Анбиёлар ҳам дафн этилганлар” (“Дуррул мухтор” китоби).
Демак, сизнинг қўлингизга келиб тушган муқаддас ёзувли варақларни имкони бўлса, кўмилади ёки ёқилади. Агар бу иш машаққат туғдирса, махсус воситалар ёрдамида ёзувларини кетказиб, қайта ишлаш мумкин.
Ҳозирга келиб эса, қоғозлардаги ҳар қандай ёзувларни кеткиза оладиган махсус воситалар ишлаб чиқилган. Шунга кўра, замонавий фатво марказлари ёзув ва ҳарфлари тўлиқ ўчирилган ва махсус ишлов берилган қоғозларни қайтадан фойдаланиш мумкинлигига фатво бермоқдалар. Бунинг сабаби улардаги оят ва ҳадис ҳамда бошқа диний ёзувлардан асар қолмаганидир.
Бу ҳақда Аллома Ибн Нужайм роҳимаҳуллоҳ бундай деганлар: "Қуръон ёзилган лавҳ (доска, тахта)ни ўчириб, уни дунё ишига ишлатса, жоиздир" ("Ал-Баҳр ар-Роиқ" китоби).
Бундан ташқари олдинги вақтларда қоғоз ва китоблар кам бўлгани учун, уларни ерга кўмиш машаққат эмас эди. Ҳозирда эса, уларнинг ҳажм ва миқдори кўпайгани сабабли бу миқдордаги китоб ва қоғозларни кўмиш катта машаққат ва сарф-харажат талаб қилади. Динимиз эса, машаққатга буюрмайди.
Шу билан бирга уларни кўмиб юборилса, ҳеч ким фойдалана олмайди. Аммо уларни қайта ишлаб қоғоз ҳолига келтирилса, қайтадан фойдаланиш мумкин. Бироқ, шуни ҳам таъкидлаш жоизки, ушбу амалиёт жараёнида мусҳаф ёки оят ёзилган қоғозларни ушлашда уларнинг ҳурматини жойига қўйиш, таҳоратли ёки қўлқопли бўлиш лозим бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази