Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Хатна қилиш таъкидланган суннатлардан ҳисобланади. Ҳадиси шарифда Пайғамбар алайҳиссалом: “Хатна қилиш эркакларга суннат, аёлларга икромдир” деганлар. Имом Аҳмад ривояти.
Шимолий Африка диёрларида аёлларни ҳам хатна қилинади. Бизнинг уламолармиз қиз болани хатна қилиш иссиқ ўлкаларга хос эканини таъкидлаганлар.
Хатна қилиш учун алоҳида вақт ва ёшни белгиланмаган. Лекин гўдак касалманд, жисмонан заиф бўлмаса, кечиктирмай тезроқ хатна қилиш тавсия этилади.
Хатна қилувчи киши суннатни амалга ошираётганини ҳис қилиб, унга бериладиган ажр-савобдан умид билан бола ҳақига дуо ила бошлаши керак.
Боланинг закари учи букилган бўлса териси остидан ва у аъзоси устидан кам-кам милни суқиб, ичидаги ёпишган терини кўчирилади ва мил устига олиб, най қамишдан бўлган бир қисқич билан тутиб кесилади. Ушбу суннатни бажарувчи кишининг қўли қувватли, ўзи чаққон, эҳтиёткор ва устозидан рухсат олган бўлиши керак. Токи бепарволик қилиб ёш ўғлонларнинг ҳалокатига сабабчи бўлиб қолмасин.
Илмий-тиббий адабиётларда берилган изоҳ, маълумотларга кўра, ўғил болани хатна қилиш тиббий тилда постеотомия деб аталади.
Инсон вужудида модда алмашинуви узлуксиз давом этиши туфайли сийдик орқали 150 дан зиёд компонентлар, шу жумладан, сув, организм учун кераксиз бўлган чиқиндилар (мочевина, сийдик кислотаси), эриган ҳолатдаги турли минерал тузлар, шунингдек заҳарли моддалар, хилтлар ташқарига чиқади. Одатда тузлар кристаллар ҳосил қилади, чўкмага тушади, тошларга айланади. Натижада, жинсий олат боши териси, унинг юпқа пардаси яллиғланади. Аниқроғи, хатна қилинмаган ўғил болаларда фимоз, парафимоз касалликлари кузатилади. Ўша жойда қичишиш, ачишиш, шиш, оғриқ пайдо бўлади. Бу ҳолат боланинг пешоб қилиши жараёнида кучаяди, унинг чинқириб йиғлаши ва безовта бўлишига олиб келади. Бунинг яна бошқа салбий таъсирлари ҳам борлиги ҳақиқат. Баъзан эса, жинсий олат бошининг сиқилиб қолиши сабабли бемалол пешоб ажратиш қийинлашади. Бундай оғир ва таҳликали ҳолатларда беморга кўрсатиладиган энг ишончли ва шошилинч тиббий тадбирлардан бири хатнадир.
Доктор Форис Алвон айтади: “Хатна қилишнинг саломатликка катта фойдаси бор. Унга фақатгина пасткаш, мутаассиб ёки ўта нодон киши шубҳа билан қарайди.
Дарҳақиқат, ғарбликлар аввваллари хатна қилишни танқид қилар эдилар. Сўнги йилларда ушбу суннат амалнинг фойдаларини кашф қилгач, улар ўз хатоларини тушуниб етмоқдалар. Ҳатто баъзилари ёши катта бўлишига қарамай ушбу суннатни ўзларига лозим тутмоқдалар.
Хатна қилмаслик туфайли бавл қилгандан кейин хатна қилиш зарур бўлган қисмда бактериялар кўпаяди, натижада мазкур жой турли касалликлар учун бўшлиққа айланади. Пайдо бўлган жинсий касалликлар сийдик йўли орқали қовуқ ва буйракка ёки мояк, простата бези, уруғ пуфакчаларига ўтади.
Хатна қилиш жинсий аъзода саратон касаллиги пайдо бўлишининг олдини олади. Зеро, хатна қилинган кишиларда бу касаллик бўлмайди. Чунки боланинг ёшлигидаёқ хатна қилиш ушбу касалликнинг олдини олиш гарови ҳисобланади.
Баъзан эркакдаги яллиғланиш оилавий муносабатлар орқали аёлга ҳам юқиб, унда жинсий аъзо ёки бачадон бўйинчаси яллиғланиши ва йиринглашига сабаб бўлади. Гоҳида бачадонда яллиғланиш кучайиб кетгач бепуштликка олиб келади!”.
Демак, динимизнинг шиорларидан ҳисобланган ушбу хатна қилиш туфайли катта ажрга эга бўлиш билан бирга, нафақат инсоннинг ўзи балки жамиятдаги турли касалликларнинг олди олинади.
Islom.uz портали таҳририяти
Кеча, 24 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов раислигида Зангиота туманидаги «Эшонгузар» жоме масжидида йиғилиш бўлиб ўтди.
Тадбирда ЎМИ Масжидлар билан ишлаш бўлими мудири Музаффар домла Камолов, Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасурбек домла Раупов, бош имом ўринбосарлари, Зангиота туманидаги масжидлар имомлари, ҳудудлардаги ҳожи оталар, ҳожи оналар иштирок этди.
Йиғилишдан сўнг тумандаги кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, эҳтиёжманд оилаларга кирилиб, уларга зарур кўмаклар кўрсатилди.
Шунингдек, арзимас сабаблар билан низолашган оилалар, келин-куёвлар кайвони ҳожи отанлар, ҳожи оналар кўмагида яраштирилди.
Тумандаги 21 та масжид имом-хатиблари ҳожилар билан бирга билиб-билмай ақидаси бузуқ кимсалар тузоғига тушиб қолган ёшлар билан ҳам суҳбатлар олиб боришди. Уларга Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳнинг таълимоти тушунтирилди.
Бир куннинг ўзида ўнлаб оилаларга кириб, кўнгли ўксиклар ҳолидан хабар олиш, ёш оилаларни яраштириш, адашган инсонларга тўғри йўлни кўрсатиш – савоби улуғ амал. Зеро, ҳадиси шарифда Набиййи муҳтарам алайҳиссалом: «Ким бир мўминдан бу дунё машаққатларидан бир машаққатни кетказса, Аллоҳ таоло ундан Қиёмат куни машаққатларидан бирини кеткизади. Ким бир камбағалнинг ишини енгиллатса, Аллоҳ унинг бу дунёю охиратидан ишларини енгиллатади. Ким бир мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ таоло унинг айбини бу дунёю охиратда беркитади. Модомики банда ўз биродарининг ёрдамида экан, Аллоҳ ҳам унинг ёрдамида бўлади», дедилар (Имом Термизий ривояти).
Тошкент вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати