Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
04 Январ, 2025   |   5 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:24
Қуёш
07:49
Пешин
12:33
Аср
15:26
Шом
17:10
Хуфтон
18:30
Bismillah
04 Январ, 2025, 5 Ражаб, 1446

Жазава

20.03.2019   3645   7 min.
Жазава

Масжид – дунёдаги энг сокин жой. Буни дунёдаги, хусусан, тараққий этган давлатлардаги аҳолининг барчаси яхши билади. Улар яна шуни ҳам биладиларки, мусулмонлар масжидга ибодат учун келгани туфайли қурол-яроғ билан келмайдилар. Чунки уларнинг урушиш-низолашиш нияти бўлмайди. Шунга қарамасдан, дунёнинг, айниқса, Европанинг айрим давлатларида масжидларга, аллақандай бузғунчилар вақти-вақти билан ҳужумлар уюштириш каби безориликлар қилиб, қуролсиз одамларни ўққа тутиб турибдилар. 

Янги Зелландия, биласизки, дунёдаги энг тинч давлатлардан бири саналади. Бу ерда жиноятчилик жуда ҳам кам содир этилади, ўқотар қуролдан худкушлик қилиш ҳоллари эса деярли учрамаган. Ана шундай осойишта давлатда яшовчи 28 ёшли Брентон Таррант деган кимса масжид ичидаги қуролсиз одамларга қарши ўқ узиш учун бир нечта автомат олиб келгани ажабланарли. Қаердан олган у унча қуролни? У яна ўзидан қаҳрамон ясаш учун масжидда қилган хунрезлигини Facebookда эълон қилган. Бу билан ўзини шарманда-ю шармисор этганини ҳам билмаган. Биринчидан, озгина ғурури, иззат-нафси бор одам, агар ашаддий душманини қуролсиз ҳолда топса ҳам унга қурол ўқталмайди. Ҳар ҳолда, мусулмонлар, орияти бор инсонлар шундай йўл тутадилар. Иккинчидан, ўша “қаҳрамон” ўқдони бўшаган автоматини отиб юборганидан сўнг ўша ўқдонсиз автоматни афғонистонлик Абдул Азиз деган мусулмон ердан олиб унга ўқталганда, машинасига ўтириб қочиб қолди. Демак, у Facebookда ўзининг ўзи ўйлаганидек қаҳрамонлигини эмас, номардлигини, қуён юраклигини намойиш қилди. Ахир, тасаввур қилинг, ҳеч замонда одам ўзи отиб юборган ўқдони йўқ қуролни кўриб, қўлида ўққа тўла қурол билан мингга қўйиб қочадими? Бу ҳақиқатни билишга унинг ва шерикларининг фаҳму фаросати етадими, йўқми, Худо билади.

Ўзларини дунёнинг бешигини тебратиб турувчилармиз дея хом-хаёл қилиб, ана шу хаёлига алданиб мусулмонларни “террорчилар” деб атаб, уларнинг номидан бузғунчиликлар қилаётган, мусулмонлар орасига турли фитналар оралатаётган валломатларнинг қиёфасини ана шунга ўхшаш ҳодисалар тобора равшанроқ очиб бораётир. Бу жазаваларнинг  замирида нима ётгани барчага аён – Ислом динининг тез тарқалаётганига, кўплаб миллатдошлари, ҳатто яқин қариндошларининг мусулмонлар сафидан жой олаётганига чидай олмаслик.

Дунёнинг бугунги қиёфасини ақл кўзи билан кузатаётганлар қайси мамлакатда Исломга қарши фитна уюштирилаётган, исломофобия кенг тарғиб қилинаётган бўлса, ўша юрт одамлари Ислом нима экан ўзи, мусулмонлар кимлар экан, дея қизиқиб Исломни яхши ўрганаётгани ва бунинг натижасида ўшаларнинг кўплари мусулмон ва муслима бўлиб бораётганига гувоҳ бўляптилар. Ана шу ҳодисадан ақли бутунлари Аллоҳнинг қудратини янада теранроқ ҳис қилиб, иймонга келиб ўзларини қутқараётган бўлсалар, қалбига қулф солинганлари бунга чидай олмасдан баттар жазавага тушяптилар. Зеро, Абу Жаҳллар ҳам шундай қилмаганмидилар ўзи?..

Бегуноҳ инсонларнинг умрига зомин бўлишни барча динлар ва таълимотлар қаттиқ қоралайди. Шунинг учун ҳам бу мудҳиш худкушликдан бутун дунё аҳли қаттиқ ғазабланди ва 2019 йилнинг 15 март куни Янги Зелландия тарихига мамлакатнинг, бутун дунёдаги исломофобларнинг иснодга қолган куни сифатида кирадиган бўлди.  Ва яна шуни диққат билан кузатиб боринг, шу кундан эътиборан Янги Зелландияда мусулмонлар сони кескин ўса бошлади.

Албатта, 50 нафар мусулмоннинг ҳалок бўлиши, 49 тасининг жароҳат олиши бутун дунё афкор оммаси, айниқса, мусулмонлар учун қайғули ҳодиса бўлди. Бутун дунё мўмин-мусулмонлари, уламолари, дин ва давлат арбоблари ушбу уюштирилган террорчилик оқибатида ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига ҳамдардликлар билдирмоқдалар. Жумладан, Президентимиз Шавкат Мирзиёев Крайстчерч шаҳрида содир этилган террорчилик ҳаракати оқибатида кўплаб инсонлар ҳалок бўлгани муносабати билан Янги Зеландия Генерал-губернатори Пэтси Реддига ҳамдардлик мактуби йўлладилар, ҳалок бўлганларнинг яқинларига самимий таъзия ва ҳамдардлик билдириб, жароҳат олганларнинг тез фурсатларда шифо топишларини тиладилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари тавсияси билан 17 март куни юртимиздаги барча жоме масжидларда пешин намозидан сўнг Янги Зеландиядаги “Ал-Нур” ва “Линвуд” масжидларида террорчилик оқибатида ҳалок бўлганларнинг ҳаққига Қуръони карим тиловатлари ва дуолар қилинди ҳамда диний таълим муассасаларида хатми Қуръонлар қилиниб, савоби ҳалок бўлганлар руҳига бахшида этилди.

Facebook маъмурияти бир сутка ичида Янги Зеландиядаги масжидларда амалга оширилган теракт тасвирланган ва ижтимоий тармоққа жойланган 1,5 млн видеоёзувни ўчириб ташлади.

Facebook, YouTube ва Twitter мазкур террорчилик ҳужуми тасвирланган ёзувлар тарқалишига қарши курашни 15 март куни бошлаган, деб хабар беради CNN. Шунингдек, ҳужум уюштирган шахснинг Facebook ва Instagram’даги аккаунтлари блокланган.

Янги Зеландия полициясининг юқори мартабали ходими Ноила Ҳассан Окленд шаҳри марказидаги майдонда йиғилган оломон қаршисида мусулмон ва Янги Зеландия полицияси етакчиларидан бири эканидан фахрланишини яна бир марта такрорлади. У нутқини Аллоҳ таолога ҳамд, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга саловат айтиш билан бошлади.

Туркия диёнат ишлари бошқармаси раиси Али Эрбош жаноблари бундай деди: “Ибодат қилаётган инсонларга нисбатан ваҳшийларча ҳужумлар фашизм ва тоқатсизликнинг қандай гумроҳликка ва ёвузликка айланганини очиқ-ойдин кўрсатиб турибди”. Али Эрбош исломофобияни инсониятга қарши оғир жиноят деб атади. Буни биз Аллоҳ таолога ҳам деб айтамиз.

Янги Зеландиядаги мазкур террорга учраган мусулмонлар ҳажжул масокин чоғида ҳалок бўлдилар, шаҳидлик мақомини топдилар, иншо Аллоҳ. Зотан, инсоннинг умри боқий эмас. Ҳар бир инсон аниқ ўлчанган вақт оралиғида яшайди. Эртами-индин ана шу қотиллар ҳам боради Аллоҳнинг ҳузурига, ана ўшанда ким ғолибу, ким мағлуб эканини очиқ-ойдин кўрадилар.

Қайси мамлакатда масжидларга, мўмин-мусулмонларга ҳужум кўпаяверса, билингки, ўша маконда Исломнинг ёйилиши тез бўляпти. Айримлар эса бундан жазавага тушиб қон тўкишга ўтиб ўзларининг мағлубиятга учраб бораётганини фош қилиб қўймоқдалар. Чунки уларнинг ҳамма нарсага етган ақли битта нарсага етмайди – улар мусулмонларни кучлари етгуни қадар ўлдиришлари мумкин. Бу билан Ислом заифлашиб қолмайди. Негаки, Ислом Аллоҳнинг дини. Аллоҳ ўша шаҳид бўлган мусулмонларнинг ўрнини душманларнинг ўзларининг қавмини, фарзандларини мусулмонга айлантириб тўлдириб қўяди. Ундан кейин нима қилади, шунга ақл юритмайдиларми? 

«Улар Аллоҳнинг нурини оғизлари билан ўчирмоқчи бўлурлар. Аллоҳ эса, гарчи кофирлар ёқтирмаса ҳам, ўз нурини батамом қилишдан бошқа ҳар нарсадан бош тортадир» (Тавба сураси, 32).

Аллоҳ таоло Янги Зеландияда шаҳид бўлган мусулмонларнинг жойларини ғариқи раҳмат қилсин. Ярадор бўлганларнинг дардига ғайбидан шифои комил ато қилсин.

 

Дамин ЖУМАҚУЛ

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Сафарга чиқишнинг 17 одоби

3.01.2025   654   5 min.
Сафарга чиқишнинг 17 одоби

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳаётда инсон учун одоб ва маданият асосий масала ҳисобланади. Улар билан хулқ гўзал, амал зийнатли бўлади. Кечасию кундузи содир қилинадиган турли-туман яхши амаллар натижасида жамият аъзолари ўртасида тотувлик, иттифоқ пайдо бўлади. Шунинг учун Ислом шариати инсон ҳаётининг ҳар бир жабҳасида одоб ва ахлоқ борасида раҳнамолик қилади. Зеро, Аллоҳ таолонинг Ўзи ҳар бир яхшиликка муваффақ қилувчи ва ёрдам сўралувчи Зотдир.

Қуйида сафар одоблари ва унга оид баъзи масалаларни зикр этиб ўтамиз.

1. Сафар олдидан истихора қилиш.

2. Гуноҳ-маъсиятлардан тавба қилиш.

3. Имкон қадар қарзларини тўлаш ёки шу ишга вакил тайинлаш, омонатларни эгаларига топшириш каби ишлар билан зиммасидаги бошқаларнинг ҳақини ҳалоллаб олиш.

4. Аҳли аёлини нафақа билан таъминлаш.

Имом Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳ сафар қилувчи сафарга чиқишдан олдин баъзи вазифаларни адо этиши лозимлигини айтиб ўтганлар:

а) Аҳли аёлини нафақа билан таъминлаш;

б) Ўзида бирон кишининг омонати ёки қарзи бўлса, уни адо этиш;

в) Бирор ишга масъул бўлса, ишидаги жорий интизомга риоя қилиш;

г) Сафар харажатлари ҳалолдан бўлиши.

5. Ота-онасини ёки итоат этиши вожиб бўлган кишиларни рози қилиш.

6. Жума куни завол вақтидан олдин сафарга чиқиш.

7. Солиҳ ҳамроҳ танлаш.

Шерик танлаш сафарнинг муҳим жиҳатларидан бўлиб, танланган ҳамроҳ тақводор, яхши фикрли, тоат ва ибодатда кўмакчи бўлиши лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эҳтиёт юзасидан тунда ёлғиз сафар қилишдан қайтарганлар.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамлар ёлғизликда нималар борлигини мен билганчалик билганларида, бирорта отлиқ кечаси ёлғиз юрмас эди», деганлар» (Имом Бухорий ривояти).

Абу Бурда ибн Абу Мусо отаси розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Солиҳ суҳбатдош билан ёмон суҳбатдош мушк соҳиби билан темирчининг дам ургичига ўхшайди. Мушк соҳибидан қуруқ қайтмайсан – ё уни (мушкни) сотиб оласан, ё ҳидини туясан. Темирчининг дам ургичи эса баданингни ёки кийимингни куйдиради ёхуд ундан нохуш ҳид туясан» (Имом Бухорий ривояти).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳамроҳларнинг энг яхшиси тўрт киши бўлишидир», дедилар» (Доримий ривояти).

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳнинг наздида ҳамроҳларнинг энг яхшиси – ҳамроҳига яхши бўлганидир. Аллоҳнинг наздида қўшниларнинг энг яхшиси – қўшнисига яхши бўлганидир», дедилар» (Имом Термизий ривояти).

8. Биродарларига сафарга кетаётганини билдириб, уларнинг хайрли дуоларини олиш.

9. Имкони бўлса, сафарга пайшанба куни чиқиш.

10. Ҳаж сафари учун ажратилган молнинг ҳалол бўлишига, шубҳадан холи бўлишига қаттиқ эътибор бериш.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо айтадилар:

«Мусофирнинг зоди роҳиласи (сафарга сарфлайдиган харажатлари) ҳалол, покиза бўлиши, сафар мобайнида (ён-атрофдагиларга) ширинсуханлиги, ҳамсафарларига хушмуомалалиги, еб-ичиш ва харажатларда қўлидан келганича уларга ёрдам бериши улуғ инсон эканининг аломатидир».

11. Сафарга тонг саҳарда чиқиш.

12. Сафар олдидан икки ракъат намоз ўқиш.

13. Садақа қилиш.

14. Сафар анжомларини олиш.

15. Ҳамроҳлардан бирини бошлиқ қилиб сайлаш.

Ҳадиси шарифда сафардаги шериклар тажрибали, омонатдор, фаҳм-фаросатли, солиҳ кишини бошлиқ қилиб сайлаб, унга итоат этишга буюрилганлар.

Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сафар қилувчилар уч киши бўлса, албатта бирларини бошлиқ қилиб олсинлар», деганлар» (Абу Довуд ривояти).

16. Қариндош, дўст-биродарлари билан видолашиш.

17. Сафар дуоларини ўқиш.

Сафар олдидан, сафар асносида, сафардан қайтганда ўқиладиган дуо ва зикрлар ҳадиси шарифларда келган. Аллоҳ насиб этса, кейинги сонларда ўша дуолардан баъзиларини зикр қиламиз.

Абдуманнон Абдуллоҳ

Мақолалар