Масжид – дунёдаги энг сокин жой. Буни дунёдаги, хусусан, тараққий этган давлатлардаги аҳолининг барчаси яхши билади. Улар яна шуни ҳам биладиларки, мусулмонлар масжидга ибодат учун келгани туфайли қурол-яроғ билан келмайдилар. Чунки уларнинг урушиш-низолашиш нияти бўлмайди. Шунга қарамасдан, дунёнинг, айниқса, Европанинг айрим давлатларида масжидларга, аллақандай бузғунчилар вақти-вақти билан ҳужумлар уюштириш каби безориликлар қилиб, қуролсиз одамларни ўққа тутиб турибдилар.
Янги Зелландия, биласизки, дунёдаги энг тинч давлатлардан бири саналади. Бу ерда жиноятчилик жуда ҳам кам содир этилади, ўқотар қуролдан худкушлик қилиш ҳоллари эса деярли учрамаган. Ана шундай осойишта давлатда яшовчи 28 ёшли Брентон Таррант деган кимса масжид ичидаги қуролсиз одамларга қарши ўқ узиш учун бир нечта автомат олиб келгани ажабланарли. Қаердан олган у унча қуролни? У яна ўзидан қаҳрамон ясаш учун масжидда қилган хунрезлигини Facebookда эълон қилган. Бу билан ўзини шарманда-ю шармисор этганини ҳам билмаган. Биринчидан, озгина ғурури, иззат-нафси бор одам, агар ашаддий душманини қуролсиз ҳолда топса ҳам унга қурол ўқталмайди. Ҳар ҳолда, мусулмонлар, орияти бор инсонлар шундай йўл тутадилар. Иккинчидан, ўша “қаҳрамон” ўқдони бўшаган автоматини отиб юборганидан сўнг ўша ўқдонсиз автоматни афғонистонлик Абдул Азиз деган мусулмон ердан олиб унга ўқталганда, машинасига ўтириб қочиб қолди. Демак, у Facebookда ўзининг ўзи ўйлаганидек қаҳрамонлигини эмас, номардлигини, қуён юраклигини намойиш қилди. Ахир, тасаввур қилинг, ҳеч замонда одам ўзи отиб юборган ўқдони йўқ қуролни кўриб, қўлида ўққа тўла қурол билан мингга қўйиб қочадими? Бу ҳақиқатни билишга унинг ва шерикларининг фаҳму фаросати етадими, йўқми, Худо билади.
Ўзларини дунёнинг бешигини тебратиб турувчилармиз дея хом-хаёл қилиб, ана шу хаёлига алданиб мусулмонларни “террорчилар” деб атаб, уларнинг номидан бузғунчиликлар қилаётган, мусулмонлар орасига турли фитналар оралатаётган валломатларнинг қиёфасини ана шунга ўхшаш ҳодисалар тобора равшанроқ очиб бораётир. Бу жазаваларнинг замирида нима ётгани барчага аён – Ислом динининг тез тарқалаётганига, кўплаб миллатдошлари, ҳатто яқин қариндошларининг мусулмонлар сафидан жой олаётганига чидай олмаслик.
Дунёнинг бугунги қиёфасини ақл кўзи билан кузатаётганлар қайси мамлакатда Исломга қарши фитна уюштирилаётган, исломофобия кенг тарғиб қилинаётган бўлса, ўша юрт одамлари Ислом нима экан ўзи, мусулмонлар кимлар экан, дея қизиқиб Исломни яхши ўрганаётгани ва бунинг натижасида ўшаларнинг кўплари мусулмон ва муслима бўлиб бораётганига гувоҳ бўляптилар. Ана шу ҳодисадан ақли бутунлари Аллоҳнинг қудратини янада теранроқ ҳис қилиб, иймонга келиб ўзларини қутқараётган бўлсалар, қалбига қулф солинганлари бунга чидай олмасдан баттар жазавага тушяптилар. Зеро, Абу Жаҳллар ҳам шундай қилмаганмидилар ўзи?..
Бегуноҳ инсонларнинг умрига зомин бўлишни барча динлар ва таълимотлар қаттиқ қоралайди. Шунинг учун ҳам бу мудҳиш худкушликдан бутун дунё аҳли қаттиқ ғазабланди ва 2019 йилнинг 15 март куни Янги Зелландия тарихига мамлакатнинг, бутун дунёдаги исломофобларнинг иснодга қолган куни сифатида кирадиган бўлди. Ва яна шуни диққат билан кузатиб боринг, шу кундан эътиборан Янги Зелландияда мусулмонлар сони кескин ўса бошлади.
Албатта, 50 нафар мусулмоннинг ҳалок бўлиши, 49 тасининг жароҳат олиши бутун дунё афкор оммаси, айниқса, мусулмонлар учун қайғули ҳодиса бўлди. Бутун дунё мўмин-мусулмонлари, уламолари, дин ва давлат арбоблари ушбу уюштирилган террорчилик оқибатида ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига ҳамдардликлар билдирмоқдалар. Жумладан, Президентимиз Шавкат Мирзиёев Крайстчерч шаҳрида содир этилган террорчилик ҳаракати оқибатида кўплаб инсонлар ҳалок бўлгани муносабати билан Янги Зеландия Генерал-губернатори Пэтси Реддига ҳамдардлик мактуби йўлладилар, ҳалок бўлганларнинг яқинларига самимий таъзия ва ҳамдардлик билдириб, жароҳат олганларнинг тез фурсатларда шифо топишларини тиладилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари тавсияси билан 17 март куни юртимиздаги барча жоме масжидларда пешин намозидан сўнг Янги Зеландиядаги “Ал-Нур” ва “Линвуд” масжидларида террорчилик оқибатида ҳалок бўлганларнинг ҳаққига Қуръони карим тиловатлари ва дуолар қилинди ҳамда диний таълим муассасаларида хатми Қуръонлар қилиниб, савоби ҳалок бўлганлар руҳига бахшида этилди.
Facebook маъмурияти бир сутка ичида Янги Зеландиядаги масжидларда амалга оширилган теракт тасвирланган ва ижтимоий тармоққа жойланган 1,5 млн видеоёзувни ўчириб ташлади.
Facebook, YouTube ва Twitter мазкур террорчилик ҳужуми тасвирланган ёзувлар тарқалишига қарши курашни 15 март куни бошлаган, деб хабар беради CNN. Шунингдек, ҳужум уюштирган шахснинг Facebook ва Instagram’даги аккаунтлари блокланган.
Янги Зеландия полициясининг юқори мартабали ходими Ноила Ҳассан Окленд шаҳри марказидаги майдонда йиғилган оломон қаршисида мусулмон ва Янги Зеландия полицияси етакчиларидан бири эканидан фахрланишини яна бир марта такрорлади. У нутқини Аллоҳ таолога ҳамд, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга саловат айтиш билан бошлади.
Туркия диёнат ишлари бошқармаси раиси Али Эрбош жаноблари бундай деди: “Ибодат қилаётган инсонларга нисбатан ваҳшийларча ҳужумлар фашизм ва тоқатсизликнинг қандай гумроҳликка ва ёвузликка айланганини очиқ-ойдин кўрсатиб турибди”. Али Эрбош исломофобияни инсониятга қарши оғир жиноят деб атади. Буни биз Аллоҳ таолога ҳам деб айтамиз.
Янги Зеландиядаги мазкур террорга учраган мусулмонлар ҳажжул масокин чоғида ҳалок бўлдилар, шаҳидлик мақомини топдилар, иншо Аллоҳ. Зотан, инсоннинг умри боқий эмас. Ҳар бир инсон аниқ ўлчанган вақт оралиғида яшайди. Эртами-индин ана шу қотиллар ҳам боради Аллоҳнинг ҳузурига, ана ўшанда ким ғолибу, ким мағлуб эканини очиқ-ойдин кўрадилар.
Қайси мамлакатда масжидларга, мўмин-мусулмонларга ҳужум кўпаяверса, билингки, ўша маконда Исломнинг ёйилиши тез бўляпти. Айримлар эса бундан жазавага тушиб қон тўкишга ўтиб ўзларининг мағлубиятга учраб бораётганини фош қилиб қўймоқдалар. Чунки уларнинг ҳамма нарсага етган ақли битта нарсага етмайди – улар мусулмонларни кучлари етгуни қадар ўлдиришлари мумкин. Бу билан Ислом заифлашиб қолмайди. Негаки, Ислом Аллоҳнинг дини. Аллоҳ ўша шаҳид бўлган мусулмонларнинг ўрнини душманларнинг ўзларининг қавмини, фарзандларини мусулмонга айлантириб тўлдириб қўяди. Ундан кейин нима қилади, шунга ақл юритмайдиларми?
«Улар Аллоҳнинг нурини оғизлари билан ўчирмоқчи бўлурлар. Аллоҳ эса, гарчи кофирлар ёқтирмаса ҳам, ўз нурини батамом қилишдан бошқа ҳар нарсадан бош тортадир» (Тавба сураси, 32).
Аллоҳ таоло Янги Зеландияда шаҳид бўлган мусулмонларнинг жойларини ғариқи раҳмат қилсин. Ярадор бўлганларнинг дардига ғайбидан шифои комил ато қилсин.
Дамин ЖУМАҚУЛ
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Мусулмонлар доимо уст-бошларига покиза ва виқор берадиган кийимлар кийиб келади. Ислом дини, ҳам ташқи, ҳам ички покликни шариъат талабларига мувофиқ жорий қилган. Аллоҳ таоло гўзалдир, гўзалликни яхши кўради. Салла ана шу ташқи кўринишдаги гўзалликнинг бир қисми бўлиб, бошқа кийимларга қараганда ўзига хос маданиятни англатади. Салла мусулмонларнинг узоқ тарихга эга бош кийими ҳисобланади. У бошга ўраладиган мато бўлиб, кишилар уни вазиятга ва жамиятдаги урфга кўра ўраб юришган. Гарчи уни ўрашнинг бир неча усуллари мавжуд бўлса ҳам, маълум шакли ва ранги талаб қилинмайди.
Салла иссиқдан, совуқдан ва чанг тўзондан ҳимояланадиган бош кийими бўлиб, бу ҳақда машҳур тобеъийн, «Наҳв» фани асосчиларидан бири Абуласвад Дувалий айтган: “Салла жангда қалқон, иссиқда соябон, совуқдан ҳимоя, воизга виқор, турли тасодифлардан сақловчи, инсон қоматига зийнатдур”. Қадимдан салла эркакларнинг мурувватини ва қавм орасидаги обрў-эътиборини билдирган.
Ҳатто ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу, салла арабларнинг тожидур, деганлар. Салла кийиш борасида келган ҳадислар шариъат талаб даражасида жорий қилишга етадиган қувватли эмас, лекин Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг қавмлари одатига кўра салла ўраганликлари сийратлари ва кундалик ҳолатлари борасида келган ривоятларда айтилган бўлиб, улардан баъзиларини келтириб ўтамиз:
عن إبن عمر رضي الله عنهما مرفوعا: ” عليكم بالعمائم فإنها سيما الملائكة وأرخوها خلف ظهوركم”
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан Набий алаҳиссаломгача етиб борган санад билан ривоят қилинган ҳадисда: “Саллаларни лозим тутинглар, зеро бу фаришталарнинг сиймосидур ва унинг пешини ортингизга ташлаб олинглар”, деганлар.
عن ابن عباس رضي الله عنهما مرفوعا: اعتموا تزدادوا حلما
.Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Набий алаҳиссалом: “Салла кийинглар, ҳалимлигингиз зиёда бўлади”, дедилар
عن ركانة قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: فرق بيننا وبين المشركين العمائم على القلانس
Салла ўраш борасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази 833-cаволга жавоб берган. Жавобда шундай дейилган:
“Ўтмишда аҳли илм ва фазилатли кишилар ва кўпчилик маърифатпарвар аждодларимиз саллада юришни одат қилганлар. Лекин шуни ҳам таъкидлаб ўтишимиз керакки, Расули акрам алайҳиссаломнинг ушбу кийиниш одатлари шариъат буйруғи сифатида қабул қилинмаган. Бирор бир олим салла киймаган киши гуноҳкор бўлишини айтмаган. Балки, Ислом келганида эркаклар саллада юришлари урф-одатлардан бири бўлиб, бу борада кофир ҳам мусулмон ҳам баробар бўлган. Бу ҳақда Иордания фатво ҳайъати уламолари шундай дейишади:
وأما لبس النبي صلى الله عليه وسلم العمامة وحمله العصا فهو فعل عادي وقع على عادة العرب ذلك الزمن، وليس فعلا تشريعيا يدل على الاستحباب ولا يتأسى به الناس.
“Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг салла кийишлари ва ҳасса тутишлари одатий феълларидан бўлиб, ўша замон арабларининг урфларига биноан қилинар эди. Бу ишлар мустаҳабликка далолат қиладиган ва одамлар ўрнак оладиган шаръий ҳукмлардан эмас”.
Бош кийимларидан яна бири бу дўппидир. Ҳар бир миллатнинг ўзига хослигини билдириб турувчи либоси бўлиб, миллатнинг маданияти ва баъзи ўринларда динига ҳам далолат қилади. Шунинг учун ҳам ҳар бир миллат ўзлигини сақлаб қолиш учун миллий кийимлар, миллий урф-анъаналар, байрамларини сақлаб қолишга ҳаракат қилади. Айниқса бош кийим бошқа либослардан кўра ўзига хос ўрин тутади, чунки инсон танасидаги аъзолар ичида бош энг азиз аъзо ҳисобланади. Шу эътибордан бош кийимни оёқ остида қолиб кетмаслигига алоҳида эътибор қаратилади.
Шаръий китобларимизга ҳам дўппи масаласи киритилган бўлиб, уламоларимиз баъзи оятлар ва ҳадислардаги маъноларнинг далолатидан сабабсиз бош кийим киймай намоз ўқиш макруҳ деб айтганлар.
Аллоҳ таоло Аъроф сураси 26-оятида: “Эй, Одам болалари, батаҳқиқ, сизларга авратингизни тўсадиган либос ва зийнат либосини нозил қилдик. Тақво либоси, ана ўша яхшидир. Ана ўшалар Аллоҳнинг оят-белгиларидандир. Шоядки эсласалар”.
Шайх Полонпурий ҳазратлари оятдаги тақво либоси тақводор киши киядиган либоси деб тафсир қилган.
Аъроф сурасининг 31-оятида: “Эй, Одам авлоди! Ҳар бир масжид (намоз) олдидан зийнатларингизни (кийиб) олингиз!”.
Муфассирлар ушбу оятдаги зийнатдан мурод – киши учун виқор бағишлайдиган кийимлар эканига иттифоқ қилишган.
Бош кийимсиз намоз ўқиш борасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази 109-cаволга жавоб берган:
“Кўплаб мўътабар уламолар бундан бир неча аср муқаддам ўз китобларида ушбу масалага тўхталиб, унинг ҳукмини очиқ-ойдин ёзиб кетганлар. Жумладан: Аллома Ҳаскафий ўзининг “Дуррул мухтор” китобида намоздаги макруҳ амалларни санаб, шундай деган:
وَصَلَاتُهُ حَاسِرًا رَأْسَهُ لِلتَّكَاسُلِ, وَلَا بَأْسَ بِهِ لِلتَّذَلُّلِ ، وَلَوْ سَقَطَتْ قَلَنْسُوَتُهُ فَإِعَادَتُهَا أَفْضَلُ إلَّا إذَا احْتَاجَتْ لِتَكْوِيرٍ أَوْ عَمَلٍ كَثِيرٍ
“Намозхон (бош кийим кийишга) эринчоқлик қилиб, ялангбош ҳолда намоз ўқиши намознинг макруҳларидандир. Агар ўзини хокисор тутиш учун шундай қилса, зарари йўқ. Агар бош кийими (намоз асносида бошидан) тушиб кетса уни қайтариб олиши афзалдир. Лекин, уни ўрашга ёки кўп ҳаракат қилишга эҳтиёж бўлса, бундай қилмайди”.
Қолаверса, бош кийим билан намоз ўқиш одоб, намозга ҳурмат ҳисобланади. Шунинг учун намозни бош кийим билан ўқиш афзал”.
Муртазоев Арабхон,
Тошкент Ислом институти талабаси.