Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
19 Июн, 2025   |   23 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:04
Қуёш
04:50
Пешин
12:29
Аср
17:40
Шом
20:02
Хуфтон
21:41
Bismillah
19 Июн, 2025, 23 Зулҳижжа, 1446

Ўзингиз ҳақингизда биласизми?

18.03.2019   4915   8 min.
Ўзингиз ҳақингизда биласизми?

Уламолар “Ким ўзини таниса, Роббисини танийди” дейишган. Зеро, дунёда инсоннинг танасидан-да мўъжизакор хилқат йўқ. Қуйида инсон танаси ҳақида олимлар томонидан аниқланган баъзи маълумотларни тақдим этамиз. 

  • Сиз шу жумлаларни ўқияпсиз-у, танангизда 50 минг ҳужайра ўлиб, ўрнига янгилари пайдо бўляпти.
  • Битта инсон миясидан тарқалувчи электр сигналлар дунёдаги барча мобил телефонлар тарқатадиган тўлқинлардан кўпроқдир.
  • Ажали яқинлашган одам тахминан 150 триллион маълумотни эслай олади.
  • Инсон танасидаги энг кучли мускул тилида жойлашган.
  • Одамнинг юраги умри давомида ўртача 182 миллион литр қонни ҳайдайди.
  • Инсон танасидаги барча қон томирларининг узунлиги 100 минг километрга етади.
  • Чарльз Осборн деган кимса 68 йил давомида ҳиқичоқдан қийналган.
  • Ўнг қўлини ишлатадиганлар чап қўлини ишлатадиганлардан тахминан 9 йил кўпроқ яшашлари тажрибада кузатилган.
  • Орқаси билан ётиб ухлайдиган ягона жонзот – инсондир.
  • Инсон танасида 900 дона қалам ишлаб чиқаришга етадиган углерод, 50 литрли қозонни тўлдиришга етадиган сув, 7 дона совун ишлаб чиқаришга етадиган ёғ, ўртача катталикдаги итнинг танасидаги барча бургаларни ўлдиришга етадиган олтингугурт бор.
  • Инсон танасидаги қон томирларига эга бўлмаган ягона аъзо – мугуз парда (кўзнинг энг устки тиниқ пардаси)дир. Бу аъзо кислородни тўғридан-тўғри ҳаводан олади.
  • Янги туғилган гўдак етти ойгача бир вақтнинг ўзида ҳам нафас олиб, ҳам нафас чиқариши мумкин.
  • 4 ёшли болакай бир кунда ўртача 450 та савол бериши мумкин.
  • Миянинг асаб пульслари соатига 274 километр тезликда ҳаракатланади.
  • Инсондан ташқари фақат коала айиғида бармоқ излари бор.
  • Агар инсон умр бўйи сочларини олдирмаса, унинг узунлиги ўртача 725 километрга етади.
  • Айрим эгизакларнинг қон таҳлиллари ҳам, қон гуруҳлари ҳам бир хил бўлиб, баъзан улар бир кунда вафот этишади.
  • Инсон туғилганда унинг миясида тахминан 14 миллиард ҳужайра бўлади. 25 йилдан кейин бу ҳужайраларнинг сони кунига 100 мингтадан камайиб боради. 40 ёшдан кейин бу камайиш шиддат билан юз бериб, 50 ёшдан кейин миянинг ҳажми ҳам қисқариб боради.
  • Инсоннинг оғзида тахминан 40 мингта бактерия бўлади.
  • Кўзнинг тўрпардасида ёруғликни сезувчи 137 миллион ҳужайра бор бўлиб, булар 650 квадрат миллиметрда жойлашган. Бу ҳужайраларнинг 130 миллионтаси оқ-қора рангларни ажратишга, қолган 7 миллионтаси эса бошқа рангларни ажратишга хизмат қилади.
  • Агар сен кўзларингнинг ҳар бир ҳаракатига мос равишда қадам ташлаб борсанг, бир кунда 80 километр масофани босиб ўтасан. Чунки мушаклар ёрдамида кўз кун давомида тахминан 100 минг марта ҳаракатланади.
  • Инсон очликдан кўра уйқусизликдан тезроқ вафот этади. Чунки очлик сабабли бир неча ҳафта яшаши мумкин, аммо уйқусизликка ўн кундан ортиқ бардош бера олмайди.
  • Инсон скелети 29 та турли бириккан йирик суяклардан ташкил топган.
  • Ҳомиланинг бармоқ излари туғилганидан сўнг 3 ой ўтиб шаклланади.
  • Аёллар юраги эркакларникидан кўра тезроқ уради.
  • Германиялик олимларнинг тадқиқотларига кўра, инсонларда юрак хуружи асосан душанба кунида содир бўлар экан.
  • Баҳор фаслида инсонларнинг нафас олиши кузга нисбатан икки баробарга ортади.
  • Инсон танасидаги иссиқликнинг 80 фоизи бош (бурун, оғиз, тер) орқали ташқарига чиқарилади.
  • Инсон уялганда ва қаттиқ хижолат бўлганда (ёлғони фош бўлганда) юзи қизаради. Олимларнинг аниқлашича, худди шу пайт ошқозон ҳам қизаради.
  • Инсон чанқоқликни ҳис қилиши учун танадаги сувнинг 1 фоизга камайиши кифоя. Агар танадаги сув 5 фоизга камайса, ҳолсизлик туфайли ҳушдан кетиш мумкин. Бордию сув миқдори 10 фоизга камайса, тана сувсизликдан қурийди. Бу эса ҳалокатга олиб келади.
  • Инсон танаси камида 700 хил фойдали фермент ишлаб чиқариш хусусиятига эга.
  • Инсон танасидаги баъзи суяклар (сон суяги) пўлатдан 5 марта мустаҳкамроқдир.
  • Аксарият инсонлар кўрган тушининг ярмидан кўпроғини уйғонганда унутиб юборади.
  • Инсон танасига тушадиган зарарли бактерияларнинг энг кам миқдори ҳам касал бўлишга кифоя қилади.
  • Инсон танасида ўзини қайта тикламайдиган ва тузалиши мураккаб бўлган аъзо – тишларидир.
  • Инсон ухлаши учун одатда етти дақиқа етарлидир.
  • Чапақайлар аксарият ишлар каби таом чайнашни ҳам чап жағлари билан амалга оширадилар.
  • Дунё аҳолисининг тахминан 7 фоизи чапақайлардир.
  • Олимларнинг таъкидлашича, олма ва банан меваларини ҳидлаш ҳам инсон вазнининг камайишига ҳисса қўшар экан.
  • Дунёдаги барча жонзотлар орасида фақат инсонгина тўғри геометрик чизиқ чиза олади.
  • Инсон танасидаги бактерияларнинг умумий вазни 2 килограмни ташкил этади.
  • Инсон танасидаги кальций миқдорининг 99 фоизи тишларга тегишли.
  • Инсон лабларининг сезувчанлиги бармоқлар сезгирлигидан 100 марта кучлироқдир.
  • Одамдаги жағ мускулларининг ҳар бири 195 килограмгача оғирликни кўтара олади.
  • Инсон танасидаги темир моддаси тўпланса, бир дона мих ишлаб чиқаришга етади.
  • Инсон организмида шамоллашга олиб борувчи 100 га яқин вируслар мавжуд.
  • Инсон танаси ҳаёти давомида тахминан 1000 марта тўлиқ янгиланади.
  • Кунига бир дона сигарет чекадиган одамнинг захарланиши бир йил давомида ярим коса смола (нефть) ичган билан тенг.
  • Инсон кун давомида камида 23 марта чуқур нафас олади.
  • Аёллар эркакларга нисбатан икки марта кўпроқ киприк қоқади.
  • Инсон, кўзи очиқ ҳолатда акса уролмайди.
  • Инсоннинг қўлидаги тирноқлари оёғидаги тирноқларига қараганда тўрт маротаба тезроқ ўсади.
  • Инсон миясида ҳар сонияда тахминан 100 минг кимёвий ҳодиса содир бўлар экан.
  • Кўзлари кўк бўлган инсонлар оғриқни бошқалардан кўра кўпроқ ҳис этади.
  • Одам ўпкасининг ёйилган шакли теннис майдонига тенг келар экан.
  • Қондаги оқ қон таначалари ҳар 2-4 кунда янгиланиб боради. Қизил қон таначаларининг умри эса 3-4 ойни ташкил этади.
  • Инсон юрагининг ҳажми ўзининг қўл мушти ҳажмига тенг. Вазни эса 220-260 граммни ташкил этади (ёши катталарда).
  • Янги туғилган чақалоқнинг суяклари тахминан 300 тани ташкил этади. Улғайиш жараёнида эса суяклар бирикиб, 206 тага камаяди.
  • Ўнг ўпка чап ўпкага нисбатан ҳавони кўпроқ қабул қилади.
  • Сперматозоидлар (маний) эркак танасидаги энг кичик ҳужайралардир.
  • Инсонда 2000 дан ортиқ таъм билиш рецепторлари мавжуд.
  • Одамнинг кўзлари тахминан миллион хил рангни ажратиш хусусиятига эга.
  • Юрак қонни томирлар орқали танага ҳайдайдиган кучнинг тезлиги тўрт қаватли бинонинг баландлигига тенгдир.
  • Ухлаётганингизда танангиз сарфлаган калория телевизор кўрганингиздагидан кўпроқни ташкил этади.
  • Болаларнинг улғайиши баҳор фаслида бошқа фасллардагига нисбатан тезлашади.
  • Табассум қилаётганингизда юз ва бошингиздаги 17 та мушак фаол ҳаракат қилади. Қовоғингизни уйганингизда эса 43 та мушакларингиз мажбурий ҳаракатланади.
  • Одам олтмиш ёшида таъм билиш хусусиятининг 50 фоизини йўқотади.
  • Олимларнинг таъкидлашича, ер юзида 1 фоиз одамларгина ультрабинафша ва инфрақизил нурларни кўра олади.
  • Инсон кислород етишмаслигидан эмас, балки карбонат ангидриднинг танада ортиб кетишидан ҳалок бўлади.
  • Тадқиқотлар натижасига кўра, ҳар икки миллиард инсондан биттаси 116 йил яшар экан.
  • Ҳар бир одам кун давомида ўртача 4 минг 800 та сўз талаффуз қилади.
  • Одамнинг кўзлари туғилганидан то вафот этгунича бир хил ҳажмда бўлади. Бурун ва қулоқ эса умри давомида ўсишдан тўхтамайди.
  • Одамнинг танаси кечқурунгига нисбатан эрталаб 8 миллиметр узунроқ бўлади. Сабаби инсон ухлаганда танасидаги умуртқа ва мушаклар ёйилади.
  • Одам йўталаётганда бўғзидан чиқаётган ҳавонинг тезлиги соатига 96 километрга етади.

 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Иминжонов,

Саидаброр Умаров тайёрлади

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Нархни Аллоҳ белгилайди

18.06.2025   1153   6 min.
Нархни Аллоҳ белгилайди

Мазкур мақолада ислом фиқҳи нуқтаи назаридан бозордаги нархларни сунъий равишда белгиллаш, товарларни ушлаб туриш орқали нархни кўтариш (иҳтикор) амалиёти шариатда қандай баҳоланишига оид масалалар таҳлил қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари ва саҳобалар ривоятлари асосида нарх белгилаш ва эҳтикорнинг шариатдаги ҳукми, ижтимоий оқибатлари ҳамда замонавий хатарлари очиб берилган.

Ислом иқтисодий тизими адолат, ўзаро розилик ва зулмсиз муомала асосига қурилган. Бозор иқтисодиётида муҳим тушунчалардан бири – нарх белгилаш ҳуқуқидир. Шариатда бу масала шунчаки иқтисодий восита эмас, балки ахлоқий ва илоҳий қоида билан чамбарчас боғланган. Нархни сунъий равишда чегаралаш ёки тижорат молини ушлаб туриб нархни кўтариш – шариатда қораланган ишлардан ҳисобланади. Бу мақолада мазкур ҳолатларга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муносабати, уламолар фатволари ва ижтимоий оқибатлари таҳлил этилади.

«Нархни чегаралаш» деганда масъул шахс ёки тараф томонидан нархни чегаралаб қўйиш тушунилади.

«Иҳтикор» деганда эса, турли йўллар билан бир хил савдо молини эгаллаб олиб нархни оширишга уриниш айтилади.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Одамлар: "Ё Аллоҳнинг Расули, нарх кўтарилиб кетди бизга нархни белгилаб беринг" дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Албатта, Аллоҳнинг ўзи нархни белгиловчи, тутувчи, кенг қилувчи ва ризқ берувчидир. Мен эса сиздан бирортангиз ҳам мендан на қон ва на молда зулм, даъво қилмаганингиз ҳолимда Аллоҳга рўбаро бўлишни хоҳлайман" дедилар (Сунан эгалари ривоят қилдилар).

Қимматчилик кўпчиликни ташвишга солиб қўяди. Чунки бу ҳолат барчага зарар келтираётган бўлиб кўринади. Ҳамма бу ҳолатдан чиқиш йўлини истайди. Энг осон, энг содда ва ҳаммага «ялт» этиб кўринадиган чора бозорда нархни чегаралаб қўйиш бўлиб, кўринади. Нима учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишни қилмадилар? Ҳатто баъзи саҳобалар бу таклифни қилганларида ҳам маъқул кўрмадилар. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч бир нарсага юзаки қарамасдилар.

Нархни чегаралаш вақтинча фойда бергани билан алдамчиликдир, кейин эса зарар бўлиши турган гап. Сўнгра тожирлар ўз фаолиятларини тўхтатадилар. Бу ҳол эса эл юртга бошқа томондан ризқ келишини маън қилади. Шунинг учун ҳам қанчадан-қанча бой давлатлар хонавайрон бўлади. Фақирилк ва мискинликка рўбарў бўлади.

Сотувчи ўз молини ўз ихтиёри ила ўзи хоҳлаган нархда сотса, яхши бўлади. Олувчи ўз ихтиёри ила ўзи рози бўлиб, хоҳлаган нархга олса, яхши бўлади. Муҳими, ўзаро розилик бўлиши керак.

Яхши ва сифатли нарсанинг нархи баланд бўлади. Ёмон ва сифатсиз нарсанинг нархи эса паст бўлади. Ҳаммаси бозор кўтаришига қараб бўлади. Шунинг учун ҳам ҳар бир киши бозор яхши кўтарадиган молни етиштиришга, олиб келишга қизиқади. Ҳамма шунга урингандан кейин юртда доимий ва ҳақиқий серобчилик, арзончилик ҳукм сурадиган бўлади.

Муаммар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким эҳтикор қилса, ўша хатокордир", дедилар (Имом Муслим, Абу Довуд, Термизий ривояти).

«Иҳтикор» луғатда ушлаб туриш маъносини англатади. Шариатда эса сотиб олинган нарсани нархини ошириш учун қасддан сотмай ушлаб туришга «иҳтикор» деб айтилади.

Уламоларимиз халқ оммасининг эҳтиёжи кўпроқ тушадиган нарсалар, хусусан, озиқ-овқатнинг эҳтикорига алоҳида, бошқа нарсанинг эҳтикорига алоҳида қараганлар.

Биринчиси мутлоқ мумкин эмас десалар, иккинчисини қимматчилик вақтида мумкин эмас деганлар. Иҳтикор ҳақида жуда кўп ҳадислар ривоят қилинган.

Абдуллоҳ ибни Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким таомни 40 кеча эҳтикор қилса, батаҳқиқ у Аллоҳдан воз кечган ва Аллоҳ ундан воз кечган бўлади. Қайси юртнинг аҳлидан бир киши оч ётган бўлса, батаҳқиқ, улар Аллоҳнинг зиммасидан тушган бўлурлар", деганлар.

Баъзилар шу ҳадисга суяниб эҳтикор фақат таомда бўлади дейдилар. Лекин жумҳур уламолар эҳтикор ҳақида ҳадислар кўп, шунинг учун бу ҳадис асос бўла олмайди дейдилар.

Умар ибн Ҳаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Жалб қилувчи ризқлантирилгандир, эҳтикорчи эса лаънатлангандир", деганлар.

«Жалб қилувчи» бошқа юртдан ўз юртига керакли нарсаларни олиб келиб сотувчидир. Демак, бу иш, яхши ишдир. Ким бу ишни қилса ризқи улуғ бўлади. Аммо ўз юрти бозорида энг керакли нарсаларни сотиб олиб, ушлаб туриб, сунъий равишда нархни кўтарувчилар лаънатлангандур. Чунки унга халқ муҳтож бўлиб турганди, у эса ишлаб чиқармай, бошқа юртдан олиб келмай фойда топишга уринган харомхўр кимсадир.

Имом Аҳмад Абу Хурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким мусуломонларнинг нархларига киришиб, уларга қимматчилик келтириш учун ҳаракат қилса, Аллоҳ учун уни қиёмат куни катта оловга ўтказмоғи ҳақ бўлади", деганлар.

Демак, эҳтикорчи бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам қаттиқ азоб-уқубатларга дучор бўлади.

Ашуров Маҳмудхон Муҳаммад Ғулом


Фойдаланилган адабиётлар:

  1. Қуръони Карим. – Тошкент: Ҳилол нашриёти, 2018.
  2. Имом Муслим. Саҳиҳи Муслим. – Қоҳира: Дарул-Ҳадис, 2007.
  3. Имом Аҳмад. Муснад. – Байрут: Муассасатур-Рисола, 1995.
  4. Абу Довуд. Сунан. – Байрут: Дарул-Маориф, 2003.
  5. Ат-Термизий. Сунан. – Байрут: Дарул-Ғарб ал-Исломий, 1996.
  6. Абу Ҳомид ал-Ғаззолий. Иҳё Улумиддин. – Қоҳира: Дарул-Қалам, 1993.
  7. Табароний. Муъжам ал-Кабир. – Байрут: Дарул-Фикр, 1984.