Ҳаж ва умра зиёрати учун электрон визалар Саудия Арабистони Ҳаж ва умра вазирлиги режалари доирасида турли ҳаж ва умра компаниялари учун бир неча дақиқадаёқ тақдим қилинади.
“Подшоҳликдан ташқаридан келадиган ҳожилар виза олиш учун ҳаж ва умра хизматини таъминлайдиган компания ва агентликларга боғланганлар. Электрон визалар мамлакатларда Ҳаж ва умра зиёратларини ташкил қилиш учун лицензияси бўлган ана шу компанияларга тақдим қилинади”, дейди Ҳаж ва умра вазири маслаҳатчиси ҳамда Ҳаж ва умра электрон платформaаси раҳбари Абдураҳмон Шамс. Бу ҳақда Азон интернет нашри хабар берди.
Шамснинг айтишича, электрон платформада саудиялик бўлмаганлар учун хизмат пакетларини кўриб чиқиш, танлаш ва виза олиш учун онлайн тарзда мурожаат қилиш имконини берувчи янги хизматлар ҳам мавжуд.
“Биз керакли бланкаларни бир неча дақиқада тўлдириш орқали паспортлар билан элчихоналарга боришга эҳтиёж қолдирмай, электрон визаларни жорий қилиш мақсадида Ташқи ишлар вазирлиги ва Ички ишлар вазирлиги билан яқиндан ишламоқдамиз”, дейди у.
Январь ойида вазирлик чет эллик зиёратчиларни қўллаб-қувватлаш учун портални янгилаган эди. Ўтган синов даврида 1.1 миллионга яқин мусулмон Макка ва Мадинада зиёрат учун шароитларни таъминлайдиган 30 дан ортиқ компаниялар орасидан танлаб олиш имконини берувчи “Мақом” онлайн порталидан фойдаланган эди.
Вазирлик 2018 йилдан буён электрон хизматларни жорий қилиш масалаларини муҳокама қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Икки хислат бор. Ким унга амал қилса, албатта жаннатга киради. Иккиси осон, аммо унга амал қиладиган оздир.
БИРИНЧИСИ, ҳар бир намоздан сўнг 10 марта тасбеҳ (Субҳаналлоҳ) айтади, 10 марта Аллоҳга ҳамд (Алҳамдулиллаҳ) айтади ва 10 марта такбир (Аллоҳу акбар) айтади. Бир кунда 150 та, тарозида эса 1500 та бўлади.
ИККИНЧИСИ, қачон ухлашга ётса, 34 марта такбир (Аллоҳу акбар), 33 марта ҳамд (Алҳамдулиллаҳ) ва 33 марта тасбеҳ (Субҳаналлоҳ) айтади. Жами 100 та, тарозида 1000 та бўлади”, дедилар.
Шунда саҳобалар розияллоҳу анҳум: “Ё Аллоҳнинг Расули! Нега осон бўлган бу амалларга амал қиладиганлар оз?” деб сўрашди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу амални қилмоқчи бўлганнинг олдига шайтон намозда келиб, уни айтишидан олдин ҳожатини эсига солади. Уйқуга ётганида эса, уни айтишидан олдин ухлатиб қўяди”, деб жавоб бердилар (Имом Термизий, Имом Насоий ривояти).
Аллоҳ таоло барчамизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашишимизга тавфиқ ато этсин!
Даврон НУРМУҲАММАД
тайёрлади