Ҳаж ва умра зиёрати учун электрон визалар Саудия Арабистони Ҳаж ва умра вазирлиги режалари доирасида турли ҳаж ва умра компаниялари учун бир неча дақиқадаёқ тақдим қилинади.
“Подшоҳликдан ташқаридан келадиган ҳожилар виза олиш учун ҳаж ва умра хизматини таъминлайдиган компания ва агентликларга боғланганлар. Электрон визалар мамлакатларда Ҳаж ва умра зиёратларини ташкил қилиш учун лицензияси бўлган ана шу компанияларга тақдим қилинади”, дейди Ҳаж ва умра вазири маслаҳатчиси ҳамда Ҳаж ва умра электрон платформaаси раҳбари Абдураҳмон Шамс. Бу ҳақда Азон интернет нашри хабар берди.
Шамснинг айтишича, электрон платформада саудиялик бўлмаганлар учун хизмат пакетларини кўриб чиқиш, танлаш ва виза олиш учун онлайн тарзда мурожаат қилиш имконини берувчи янги хизматлар ҳам мавжуд.
“Биз керакли бланкаларни бир неча дақиқада тўлдириш орқали паспортлар билан элчихоналарга боришга эҳтиёж қолдирмай, электрон визаларни жорий қилиш мақсадида Ташқи ишлар вазирлиги ва Ички ишлар вазирлиги билан яқиндан ишламоқдамиз”, дейди у.
Январь ойида вазирлик чет эллик зиёратчиларни қўллаб-қувватлаш учун портални янгилаган эди. Ўтган синов даврида 1.1 миллионга яқин мусулмон Макка ва Мадинада зиёрат учун шароитларни таъминлайдиган 30 дан ортиқ компаниялар орасидан танлаб олиш имконини берувчи “Мақом” онлайн порталидан фойдаланган эди.
Вазирлик 2018 йилдан буён электрон хизматларни жорий қилиш масалаларини муҳокама қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Жалолиддин Румий ўз дўсти Шамс Табризийдан сўради: – Қандай қилиб нафснинг ўтини совутиш мумкин?
Шамс унга жавоб берди: – “Истиғно билан, истиғно қил, чунки кимки тарк этса, у ҳукмдорга айланади”.
Румий жавоб қайтарди: – “Бошқа одамлар-чи?”.
Шамс айтибди: – “Одамлар икки турга бўлинади: кимки сени ташлаб кетишни истаса, эшикнинг кичик тешигидан чиқиш йўлини топади; кимки сени яхши кўришни истаса, тошда тешик очиб бўлса ҳам кириш йўлини топади”.
Жалолиддин Румийнинг ҳикмати чуқур ва маънога бой. Унинг дўсти Шамс Табризий унга “истиғно” орқали нафснинг ўтини совитиш ҳақида маслаҳат бергани – бахт ва хотиржамликка эришиш сиру-асрорларни ўзида жамлаган.
“Истиғно” нима дегани? Истиғно – бу инсоннинг Аллоҳдан бошқасига муҳтож эмаслиги ва бахтни моддий нарсаларда ёки бошқаларда эмас, балки фақат Аллоҳда топиш ҳиссидир.
Қандай қилиб “истиғно”ни ҳаётимизда амалга ошириш мумкин?
Шукр ва қаноат: Аллоҳга берган ҳар қандай неъматлари учун шукр қилиш, қанчалик кичик бўлса ҳам. Бор нарсамизга қаноат қилиш ва ўтган нарсаларга ортиқча афсус қилмаслик.
Камтаринлик: Биз бу ҳаётда ҳеч нарсага эга эмаслигимизни англашимиз ва ҳамма нарса Аллоҳдан эканлигини билган ҳолда яшашимиз. Бошқаларга нисбатан ўзини устун деб ҳисобламаслик ва уларнинг туйғуларини ҳурмат қилиш.
Зуҳд: Нафснинг моддий хоҳишларини камайтириш. Руҳий ва маънавий қадриятларга кўпроқ эътибор қаратиш.
Сабр: Қийинчиликларга дош бериш. Маълум мақсадларга етиш учун шошилмаслик.
Одамлар билан қандай муомалада бўлиш керак?
Сени тарк этмоқчи бўлганлар билан: Унинг кетишини осонлаштириш, уни ҳурмат қилиш ва унга яхши муносабатда қолиш.
Сени яхши кўришни истаганлар билан: Унга муҳаббат билан жавоб бериш, уни ҳурмат қилиш ва имкон қадар ёрдам бериш.
Хулоса: Жалолиддин Румийнинг ҳикмати бизга бахт ва хотиржамлик йўлини кўрсатади. Бу йўлда фақат Аллоҳга муҳтож бўлиш, бошқаларга эса гўзал ахлоқ ва саховат билан муомала қилиш орқали эришилади.
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ