Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки ғусл қилиб, покиза кийим кийса ва мушк билан хушбўйланса, масжидга шошмасдан борса ва имом маърузасини бўлмасдан эшитса ва намоз ўқиса у киши уйга ўтган жумадан бери қилган гуноҳларидан фориғ бўлган ҳолда қайтади”, дедилар.
“Астағфируллоҳ аллазий ла илаҳа илла ҳувал ҳайюл қойюм ва атубу илайҳ”
“Ҳай ва қайюм сифатига эга бўлган Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ. Унга истиғфор айтиб, Унга тавба қиламан”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким жума куни эрталабки намоздан олдин: “Астағфируллоҳаллазий ла илаҳа илла ҳувал ҳайюл қойюм ва атубу илайҳ”, деб уч марта айтса, Аллоҳ таоло унинг гуноҳларини денгиз кўпигича бўлса ҳам, кечириб юборади», дедилар (Ибн Сунний ривояти).
Авс ибн Авс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки жума куни ғусл қилиб, масжидга яёв борса, жума хутбасини чалғимасдан эшитса ва намоз ўқиса, масжидга сари босиб ўтган ҳар бир қадами учун бир йиллик (нафл) рўза ва (нафл) тунги намознинг ажри берилади”, дедилар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жума куни масжидга кирсалар, эшикнинг кесакисидан ушлаб:
“Аллоҳуммажъалний авжаҳа ман таважжаҳа илайка ва ақроба ман тақорроба илайка ва афзола ман саъалака ва роғиба илайк”
“Ё Аллоҳим, мени ўзингга юзланувчиларнинг юзланувчироғи, яқин бўлгувчиларнинг яқинроғи, сўровчи ва рағбат этгувчиларнинг афзалроғи қил”, деб айтар эдилар» (Имом Ибн Сунний ривояти).
Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу: “У соат имом минбарга ўтиришидан намозини тугатгунгача бўлган вақт”, деган (Имом Муслим ривояти).
Аллоҳ таоло барча мўмин-мусулмонлар қаторида бизни, аҳли-аёлимиз, фарзандларимизни ҳам жума кунининг фазилатларидан тўлиқ баҳраманд этсин.
Даврон НУРМУҲАММАД
Мисрлик ёзувчи Анис Мансурнинг ота-она ҳақида ёзган энг гўзал сўзлари:
"Ота-онанг сени ташлаб кетганларидан сўнг афсусланасан. Чунки сен уларга бирор ёрдам ёки бирор нарса таклиф қилганингда, улар "ҳожати йўқ", "керак эмас қўявер" дейишарди, сен эса уларга ишонардинг, виждонингни тинчлантирар эдинг – ҳақиқатан отамга керак эмас, онам ҳеч нарса истамаяпти, деб ўйлардинг.
Оталарингиз ва оналарингиз "ҳеч нарса керак эмас" деганларида уларга ишонманг. Улар буни сизни ўйлаб, сизни ҳолатингизни инобатга олиб ёки сиздан ҳижолат бўлиб айтишади... Сиз улардан сўрамасдан, уларга такаллуфлик қилмасдан, улардан рухсат олмасдан беринг, ҳадя қилинг.
Кўпчилик одамлар алдангани каби сиз ҳам отангизнинг қарилигига алданманг. Онангизнинг ёши улуғлиги, ожизлиги ёки соддалиги сизни алдаб қўймасин. Чунки уларнинг ҳар бирининг ичида эркалатишга ва эътиборга муҳтож бўлган бир бола яшайди".
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ