Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
10 Январ, 2025   |   10 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:24
Қуёш
07:48
Пешин
12:36
Аср
15:32
Шом
17:16
Хуфтон
18:35
Bismillah
10 Январ, 2025, 10 Ражаб, 1446

Ғафлатда қолманг! жума куни бажариладиган 12 амал

14.03.2019   9806   5 min.
Ғафлатда қолманг! жума куни бажариладиган 12 амал
  1. Ғусл қилиш, хушбўйланиш, энг чиройли либосларни кийиш.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки ғусл қилиб, покиза кийим кийса ва мушк билан хушбўйланса, масжидга шошмасдан борса ва имом маърузасини бўлмасдан эшитса ва намоз ўқиса у киши уйга ўтган жумадан бери қилган гуноҳларидан фориғ бўлган ҳолда қайтади”, дедилар. 

  1. Тонгда ушбу дуони ўқиш:

“Астағфируллоҳ аллазий ла илаҳа илла ҳувал ҳайюл қойюм ва атубу илайҳ”

“Ҳай ва қайюм сифатига эга бўлган Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ. Унга истиғфор айтиб, Унга тавба қиламан”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким жума куни эрталабки намоздан олдин: “Астағфируллоҳаллазий ла илаҳа илла ҳувал ҳайюл қойюм ва атубу илайҳ”, деб уч марта айтса, Аллоҳ таоло унинг гуноҳларини денгиз кўпигича бўлса ҳам, кечириб юборади», дедилар (Ибн Сунний ривояти). 

  1. Масжидга эртароқ, пиёда юриб бориш. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким жума куни ғусл қилиб, масжидга эрта борса, битта туя сўйгандек бўлади. Ким иккинчи вақтда борса, худди битта сигир сўйгандек, ким учинчи вақтда борса, худди битта шохдор қўчқор сўйгандек, ким тўртинчи вақтда борса, худди битта товуқ сўйгандек, ким бешинчи вақтда борса, худди бир тухум атагандек бўлади. Имом (минбарга) чиққанда эса фаришталар хутбани эшитишга ҳозир бўладилар”, дедилар (Имом Абу Довуд, Имом Ибн Можа ривояти).

Авс ибн Авс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки жума куни ғусл қилиб, масжидга яёв борса, жума хутбасини чалғимасдан эшитса ва намоз ўқиса, масжидга сари босиб ўтган ҳар бир қадами учун бир йиллик (нафл) рўза ва (нафл) тунги намознинг ажри берилади”, дедилар. 

  1. Масжидга киришда ушбу дуони ўқиш:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жума куни масжидга кирсалар, эшикнинг кесакисидан ушлаб:

“Аллоҳуммажъалний авжаҳа ман таважжаҳа илайка ва ақроба ман тақорроба илайка ва афзола ман саъалака ва роғиба илайк”

“Ё Аллоҳим, мени ўзингга юзланувчиларнинг юзланувчироғи, яқин бўлгувчиларнинг яқинроғи, сўровчи ва рағбат этгувчиларнинг афзалроғи қил”, деб айтар эдилар» (Имом Ибн Сунний ривояти). 

  1. Жума кечаси ва кундузи Каҳф сурасини ўқиш. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Каҳф сурасини жума куни ўқиса, қиёмат куни унинг қадами остидан нур чиқиб, осмону фалакни ёритади ва унинг икки жума орасидаги хатолари кечирилади”, деганлар. 
  1. Кўп дуо қилиш. Чунки жума кунида бир соат борки, унда дуолар ижобат бўлади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ алайҳиссалом жума кунини зикр қилатуриб: “Унда бир соат бор. Бир мусулмон банда намозда қоим бўлса ва бу (ибодати) ана шу пайтга тўғри келиб қолса, Аллоҳ унга сўраган нарсасини беради”, дедилар ва у фурсат жуда оз эканини қўллари билан кўрсатдилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу: “У соат имом минбарга ўтиришидан намозини тугатгунгача бўлган вақт”, деган (Имом Муслим ривояти). 

  1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш. Авс ибн Авс Сақафий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кунларингизнинг энг яхшиси жума кунидир. Ана шу кунда менга салавотни кўпайтиринглар. Чунки менга шу куни салавотларингиз кўрсатилади”, дедилар. Шунда саҳобалар: “Эй Расулуллоҳ, сизнинг суякларингиз чириб кетса, қандай қилиб кўрсатилади?” дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло пайғамбарларнинг жасадларини ейишни ерга ҳаром қилди”, дедилар (Имом Абу Довуд, Имом Насоий, Имом Ибн Можа ривояти). 
  1. Ихлос, Фалақ ва Нас сураларини ўқиш. Онамиз Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким жума намозидан кейин “Қул ҳуваллоҳу аҳад”, “Қул аъузу бироббил фалақ” ва “Қул аъузу бироббин нас” сураларини етти марта ўқиса, Аллоҳ таоло уни кейинги жумагача ёмонликдан сақлайди», дедилар. (Ибн Сунний ривояти). 
  1. Жума намозидан кейин Аллоҳни кўп зикр қилиш. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Энди қачон намоз адо қилингач, ер-юзига тарқалиб, Аллоҳнинг фазлу марҳаматидан (ризқу рўз) истайверинглар. Аллоҳни кўп зикр қилингларки, шояд нажот топурсизлар” (Жумъа сураси, 10-оят).

Аллоҳ таоло барча мўмин-мусулмонлар қаторида бизни, аҳли-аёлимиз, фарзандларимизни ҳам жума кунининг фазилатларидан тўлиқ баҳраманд этсин. 

 

Даврон НУРМУҲАММАД 

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Салла ва дўппи

9.01.2025   3113   6 min.
Салла ва дўппи

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Мусулмонлар доимо уст-бошларига покиза ва виқор берадиган кийимлар кийиб келади. Ислом дини, ҳам ташқи, ҳам ички покликни шариъат талабларига мувофиқ жорий қилган. Аллоҳ таоло гўзалдир, гўзалликни яхши кўради. Салла ана шу ташқи кўринишдаги гўзалликнинг бир қисми бўлиб, бошқа кийимларга қараганда ўзига хос маданиятни англатади. Салла мусулмонларнинг узоқ тарихга эга бош кийими ҳисобланади. У бошга ўраладиган мато бўлиб, кишилар уни вазиятга ва жамиятдаги урфга кўра ўраб юришган. Гарчи уни ўрашнинг бир неча усуллари мавжуд бўлса ҳам, маълум шакли ва ранги талаб қилинмайди.

Салла иссиқдан, совуқдан ва чанг тўзондан ҳимояланадиган бош кийими бўлиб, бу ҳақда машҳур тобеъийн, «Наҳв» фани асосчиларидан бири Абуласвад Дувалий айтган: “Салла жангда қалқон, иссиқда соябон, совуқдан ҳимоя, воизга виқор, турли тасодифлардан сақловчи, инсон қоматига зийнатдур”. Қадимдан салла эркакларнинг мурувватини ва қавм орасидаги обрў-эътиборини билдирган.

Ҳатто ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу, салла арабларнинг тожидур, деганлар. Салла кийиш борасида келган ҳадислар шариъат талаб даражасида жорий қилишга етадиган қувватли эмас, лекин Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг қавмлари одатига кўра салла ўраганликлари сийратлари ва кундалик ҳолатлари борасида келган ривоятларда айтилган бўлиб, улардан баъзиларини келтириб ўтамиз:

عن إبن عمر رضي الله عنهما مرفوعا” عليكم بالعمائم فإنها سيما الملائكة وأرخوها خلف ظهوركم”

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан Набий алаҳиссаломгача етиб борган санад билан ривоят қилинган ҳадисда: “Саллаларни лозим тутинглар, зеро бу фаришталарнинг сиймосидур ва унинг пешини ортингизга ташлаб олинглар”, деганлар.
 

عن ابن عباس رضي الله عنهما مرفوعااعتموا تزدادوا حلما

.Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Набий алаҳиссалом: “Салла кийинглар, ҳалимлигингиз зиёда бўлади”, дедилар


عن ركانة قال رسول الله صلى الله عليه وسلمفرق بيننا وبين المشركين العمائم على القلانس

Салла ўраш борасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази 833-cаволга жавоб берган. Жавобда шундай дейилган:

“Ўтмишда аҳли илм ва фазилатли кишилар ва кўпчилик маърифатпарвар аждодларимиз саллада юришни одат қилганлар. Лекин шуни ҳам таъкидлаб ўтишимиз керакки, Расули акрам алайҳиссаломнинг ушбу кийиниш одатлари шариъат буйруғи сифатида қабул қилинмаган. Бирор бир олим салла киймаган киши гуноҳкор бўлишини айтмаган. Балки, Ислом келганида эркаклар саллада юришлари урф-одатлардан бири бўлиб, бу борада кофир ҳам мусулмон ҳам баробар бўлган. Бу ҳақда Иордания фатво ҳайъати уламолари шундай дейишади:


وأما لبس النبي صلى الله عليه وسلم العمامة وحمله العصا فهو فعل عادي وقع على عادة العرب ذلك الزمن، وليس فعلا تشريعيا يدل على الاستحباب ولا يتأسى به الناس.

“Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг салла кийишлари ва ҳасса тутишлари одатий феълларидан бўлиб, ўша замон арабларининг урфларига биноан қилинар эди. Бу ишлар мустаҳабликка далолат қиладиган ва одамлар ўрнак оладиган шаръий ҳукмлардан эмас”.

Бош кийимларидан яна бири бу дўппидир. Ҳар бир миллатнинг ўзига хослигини билдириб турувчи либоси бўлиб, миллатнинг маданияти ва баъзи ўринларда динига ҳам далолат қилади. Шунинг учун ҳам ҳар бир миллат ўзлигини сақлаб қолиш учун миллий кийимлар, миллий урф-анъаналар, байрамларини сақлаб қолишга ҳаракат қилади. Айниқса бош кийим бошқа либослардан кўра ўзига хос ўрин тутади, чунки инсон танасидаги аъзолар ичида бош энг азиз аъзо ҳисобланади. Шу эътибордан бош кийимни оёқ остида қолиб кетмаслигига алоҳида эътибор қаратилади.

Шаръий китобларимизга ҳам дўппи масаласи киритилган бўлиб, уламоларимиз баъзи оятлар ва ҳадислардаги маъноларнинг далолатидан сабабсиз бош кийим киймай намоз ўқиш макруҳ деб айтганлар.

Аллоҳ таоло Аъроф сураси 26-оятида: “Эй, Одам болалари, батаҳқиқ, сизларга авратингизни тўсадиган либос ва зийнат либосини нозил қилдик. Тақво либоси, ана ўша яхшидир. Ана ўшалар Аллоҳнинг оят-белгиларидандир. Шоядки эсласалар”.

Шайх Полонпурий ҳазратлари оятдаги тақво либоси тақводор киши киядиган либоси деб тафсир қилган.

Аъроф сурасининг 31-оятида: “Эй, Одам авлоди! Ҳар бир масжид (намоз) олдидан зийнатларингизни (кийиб) олингиз!”.

Муфассирлар ушбу оятдаги зийнатдан мурод – киши учун виқор бағишлайдиган кийимлар эканига иттифоқ қилишган.

Бош кийимсиз намоз ўқиш борасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази 109-cаволга жавоб берган:

“Кўплаб мўътабар уламолар бундан бир неча аср муқаддам ўз китобларида ушбу масалага тўхталиб, унинг ҳукмини очиқ-ойдин ёзиб кетганлар. Жумладан: Аллома Ҳаскафий ўзининг “Дуррул мухтор” китобида намоздаги макруҳ амалларни санаб, шундай деган:

وَصَلَاتُهُ حَاسِرًا  رَأْسَهُ لِلتَّكَاسُلِ, وَلَا بَأْسَ بِهِ لِلتَّذَلُّلِ ، وَلَوْ سَقَطَتْ قَلَنْسُوَتُهُ فَإِعَادَتُهَا أَفْضَلُ إلَّا إذَا احْتَاجَتْ لِتَكْوِيرٍ أَوْ عَمَلٍ كَثِيرٍ

“Намозхон (бош кийим кийишга) эринчоқлик қилиб, ялангбош ҳолда намоз ўқиши намознинг макруҳларидандир. Агар ўзини хокисор тутиш учун шундай қилса, зарари йўқ. Агар бош кийими (намоз асносида бошидан) тушиб кетса уни қайтариб олиши афзалдир. Лекин, уни ўрашга ёки кўп ҳаракат қилишга эҳтиёж бўлса, бундай қилмайди”.

Қолаверса, бош кийим билан намоз ўқиш одоб, намозга ҳурмат ҳисобланади. Шунинг учун намозни бош кийим билан ўқиш афзал”.

Муртазоев Арабхон,
Тошкент Ислом институти талабаси.