Куни кеча, 13 март куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Татаристондаги хизмат сафарлари давомида Татаристон мусулмонлари идораси, мадрасалари ва масжидлари фаолияти билан яқиндан танишдилар. Татаристон мусулмонлари диний бошқармаси раиси, муфтий Камил ҳазрат Самигуллин ва бошқа мутасаддилар билан ўзаро мулоқотлар ўтказдилар. Муфтий ҳазратлари Диний бошқарма иш фаолияти, мадрасаларда дарс бериш жараёнлари, кутубхоналар фонди, мударрисларнинг сабоқ бериш маҳорати ва талабаларга яратилган шарт-шароитларни бирма-бир кўздан кечирдилар.
Маълумот ўрнида, Татаристон мусулмонлари диний бошқармаси 1992 йилда Татаристон мусулмонлари қурултойи қарори билан ташкил этилган. Габдулла ҳазрат Галиуллин Татаристон мусулмонлари диний бошқармасининг биринчи раиси этиб сайланган. 1998 йилда Татаристон мусулмонлари диний бошқармаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган. 2013 йил апрель ойидан бошлаб, муфтий Камил ҳазрат Самигуллин Татаристон мусулмонлари диний бошқармасини бошқариб келмоқда.
Татаристон мусулмонлари диний бошқармаси бугунги кунда ўз таркибига 9 та қозиёт, 48 та туман муҳтасиблари, 1415 та масжид, 9 та мадрасани ўз ичига олади.
Шунингдек, диний бошқарма Қозон ислом университети муассиси ҳамда Россия ислом институти ва Булғор ислом академияси ҳаммуассиси ҳисобланади.
Татаристон мусулмонлари диний бошқармаси услубий раҳбарлиги остида "Ҳалол" стандарт қўмитаси, Татаристон “Вақф” жамғармаси, Татаристон мусулмонлари диний бошқармаси Ҳаж расмий ҳаж-оператори, “Закот” хайрия жамғармаси, “Ҳузур” нашриёт уйи ўз фаолиятларини олиб бормоқда.
Томонлар учрашувлар давомида ўзаро тажриба алмашиб, бир-бирларига эсдалик совғалари топширдилар.
Сафар жараёнларини сайтимиз орқали кузатишда давом этинг.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким: «Розийту биллаҳи Роббан ва бил Ислами дийнан ва би Муҳаммадин соллаллоҳу алайҳи васаллама Росула», деса, унга жаннат вожиб бўлади», дедилар (Абу Довуд ривояти).
Маъноси: Аллоҳни Роббим деб, Исломни диним деб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни расул деб рози бўлдим.
* * *
Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтадилар: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Роббингиз ҳузурида амалларнинг яхшиси, даражангизни баланд қилувчиси, пул ва олтинларни инфоқ қилишдан афзалроқ бўлган ва душманингизга йўлиқиб, унинг бўйнига қилич уришдан ҳам яхши нарсани айтайми?» дедилар. Саҳобалар: «Айтинг», дейишди. Шунда Расулуллоҳ: «Аллоҳни зикр қилиш», дедилар (Термизий ва Ибн Можа ривояти).
* * *
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Исро кечаси Иброҳим алайҳиссаломга йўлиқдим. У зот: «Эй Муҳаммад, умматингизга мендан салом айтинг ва жаннатнинг тупроғи пок, суви ширин ва ўзи текис, ўсимлиги «Субҳаналлоҳи валҳамду лиллаҳи ва лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар» эканини уларга хабар беринг», дедилар» (Термизий ривояти).
* * *
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки: «Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи», деса, у учун жаннатда бир хурмо экилади», дедилар (Термизий ривояти).
* * *
Абу Зарр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Каломларнинг қайси бири Аллоҳ таолога маҳбуброқ?» деб сўрадилар. У зот: «Аллоҳ фаришталарига ихтиёр қилган «Субҳана Робби ва биҳамдиҳи, субҳана Робби ва биҳамдиҳи» жумласини айтиш», дедилар» (Термизий ривояти).