Жанубий Африка Республикасидаги университетлардан бирининг кириш жойига мана бу огоҳлантириш ёзиб қўйилган экан:
«Ҳар қандай халқни хонавайрон қилиш учун ядро бобмалари ёки узоқ масофага учувчи баллистик ракеталарга ҳожат йўқ. Балки таълим сифатини пасайтириб, талабаларга ёлғонга, шпаргалкага рухсат берилса, кифоя.
Ўқишни пул ва шпаргалка билан битириб, диплом олган шифокорнинг қўлида даволаниш курсларини ўтаган бемор ўлади.
Ўқишни пул ва шпаргалка билан битириб, диплом олган муҳандиснинг чизмаси асосида қурилган уйлар, бинолар қулаб тушади.
Ўқишни пул ва шпаргалка билан битириб, диплом олган ҳисобчининг қўлида пуллар йўқолади.
Ўқишни пул ва шпаргалка билан битириб, диплом олган судянинг қўлида адолат зое бўлади.
Ўқишни пул ва шпаргалка билан битириб, диплом олган муаллимнинг қўлида таълим олган ўқувчиларнинг миясига жаҳолат ёйилиб кетади.
Таълимнинг таназзули — халқнинг таназзулидир».
Нозимжон Иминжонов таржимаси
Осмонлару ерни яратган Зотнинг қаршисига маъсиятлар ила чиқа кўрманг, ғазабига тоқатингиз, иқобига сабрингиз ва азобига қудратингиз етмайди.
Доктор Абдул Муҳсин Аҳмад ўзининг бир қариндоши билан бўлган воқеани айтиб берди. Воқеага кўра бир йигит укасига доим “Аллоҳга ҳамд айтгин” деса, укаси: “Нима учун Аллоҳга ҳамд айтишим керак?” – дер, Яратганга бўйин эггиси келмасди.
Ахир унинг бу гапини оламлар Рабби бўлган Зот эшитиб турибди! Аллоҳ уни икки оёғи билан юрғизиб қўйибди, қанча одамлар юра олишмайди. Неча-неча инсонлар кўриш неъматидан мосуво бўлганида, унинг кўзлари кўриб турибди.
Вақт ўтиб йигит автоҳалокатга учрайди. Унинг аъзолари қаттиқ шикастланади. Операциядан сўнг доктор Абдул Муҳсин Аҳмад уни бир умр ногирон бўлиб қолганлигини, танасининг ярми ишламаслигини, аниқроғи, бир ўлимдан қолганлигини айтади.
Аллоҳ буюк! Унинг неъматлари чексиз. Биз бандалар доим шукрда бўлмоғимиз лозим. Зеро, Аллоҳ таоло айтади: «...Албатта, Унинг ушлаши аламли ва шиддатлидир»[1].
Тасаввур қилинг, борди-ю, сиз дўзахийлардан бўлсангиз, у ердаги азобга чидай оласизми?! Албатта, йўқ.
Шундай экан Аллоҳга тавба қилинг! У Зотга хуш келмайдиган ишлардан қайтинг. Солиҳ амаллар ила Раббингизга яқинлашинг.
Аллоҳ берган неъматларга шукр қилинг. Гуноҳ ва маъсиятнинг кичиклигига қараманг. Аллоҳнинг буюклигини назарингиздан қочирманг.
Аллоҳ буюк! У Зот сизни кутилмаганда ушламасидан аввал қалбингизни қўрқув ила тўлдиринг. Қазоингиз яқинлашмасидан аввал покланинг. Ўлим келгандаги пушаймондан наф йўқ ва бунинг учун имкон берилмас...
Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Ҳуд сураси, 102-оят.