Маълумки, инсон бу дунёда қилган ишларига ва гапирган гапларига охиратда жавоб беради. Елкамиздаги фаришталар қилган ишларимиз билан бирга оғзимиздан чиққан ҳар бир сўзни ёзиб боришади.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:
إِذْ يَتَلَقَّى الْمُتَلَقِّيَانِ عَنِ الْيَمِينِ وَعَنِ الشِّمَالِ قَعِيدٌ مَا يَلْفِظُ مِن قَوْلٍ إِلَّا لَدَيْهِ رَقِيبٌ عَتِيدٌ
“Зотан икки кутиб олувчи ўнгда ва чапда ўтирган ҳолларида кутиб олурлар. У бирор сўз айтмас, магар ҳузурида (фаришта) ҳозиру нозир” (Қоф сураси, 17-18-оятлар).
Буюк тобеинлардан бўлган Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳ “Айтаётган гапини амалидан деб билган одамнинг гапи оз бўлади” деганлар.
Бир масални келтирсак: “Бир куни эшак арслоннинг терисини ёпиниб олиб, ҳамма ҳайвонларни қўрқита бошлабди. Шу пайт у тулкига йўлиқиб қолди ва бошқа ҳайвонларни қўрқитганидек, уни ҳам қўрқитмоқчи бўлди. Шунда тулки: “Менга ишон, агар сенинг ҳанграганингни эшитиб қолмаганимда, сендан қўрқиб кетган бўлардим” деди”.
Аҳмоқ кимсалар ақлли инсонларнинг “либослари”ни кийиб оладилар. Кейин ўзларининг бемаъни маҳмадоналиклари билан аҳмоқ эканликларини фош қилиб қўядилар.
Дўстлар, дунё ва охиратимизга фойдали бўладиган ўринлардагина гапирайлик. Бўлмаса, сукут сақлаб турайлик. Зеро, муборак ҳадисда шундай дейилган:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўзи учун беҳуда нарсаларни тарк қилиши киши Исломининг ҳуснидандир», дедилар».
Термизий ва Ибн Можа ривоят қилишган.
Гўзал мусулмоннинг қиладиган ишлари ва айтадиган сўзлари фақат фойдали, ўринли бўлиб, беҳуда, кераксиз гапларни гапирмайди, ундай ишларни қилмайди.
Аллоҳ таоло бизни ҳам айтадиган сўзини амалидан деб, фойдали ўринлардагина гапирадиган бандаларидан қилсин, омин!
Нозимжон Иминжонов тайёрлади
Машҳур ишбилармон билан бўлган суҳбатда ундан ҳаётидаги эсда қоларли воқеа ҳақида сўрашди. У бундай ҳикоя қилиб берди:
«Бир куни ўзимда иккиланиш, тараддудни ҳис қилиб, очиқ ҳавода сайр қилдим. Эшиги очиқ турган бир масжид ёнидан ўтарканман, ўзимга-ўзим: “Кириб икки ракат намоз ўқий”, дея масжидга бурилдим. Унда бир киши қиблага юзланиб, қўлларини кўтарганча ёлвориб дуо қилаётган экан. Билдимки, бирор муаммоси бор. У дуо қилиб бўлгач, секин олдига бордим:
– Бирор муаммо борми?
– Бўйнимда қарзим бор, – деди у. – Шу мени безовта қиляпти.
– Қанча?
– Тўрт минг.
Сахийлигим тутди. Чўнтагимдан пул чиқариб, унга тўрт минг бердим. У жуда хурсанд бўлиб кетди ва менга раҳмат айтиб, ҳаққимга дуо қилди. Мен ташриф қоғозимни бериб: “Бирор эҳтиёжингиз бўлса қўнғироқ қилинг ёки ишхонамга келинг”, дедим. Бу таклифдан янада хурсанд бўлади, деб ўйлагандим. Бироқ унинг жавоби мени ҳайратда қолдирди! У айтдики: “Йўқ, биродар! Аллоҳ сизни мукофотласин, бу ташриф қоғозига эҳтиёжим йўқ. Мен бирор эҳтиёжим бўлса, икки ракат намоз ўқиб, қўлимни дуога очиб, ҳожатимни Аллоҳдан сўрайман. Аллоҳ тез орада ҳожатимни раво қилади. Худди ҳозир сизни бу ерга бошлаб келиб, восита қилганидек!..”
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган бир ҳадис ёдимга келди: “Агар Аллоҳга ҳақиқий таваккал қилсангиз, Аллоҳ худди қушларга ризқ бериб қўйганидек ризқингизни етказади. Улар тонгда ҳеч вақосиз чиқиб кетиб, кеч бўлганда қоринларини тўйғазиб қайтгани каби”.
Масжиддан Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятини такрорлаб чиқдим: “Ва барҳаёт, ўлмайдиган Зотга таваккал қил ҳамда Уни ҳамду сано ила поклаб ёд эт. Бандаларининг гуноҳларидан ўта хабардор бўлишда Унинг Ўзи кифоядир” (Фурқон сураси, 58-оят)».
Ҳассон Шамсий Пошонинг "Метин қоялар" асаридан.