Подшоҳ аъёнлари қуршовида кўчадан дабдаба билан ўтиб борарди. Қаршисидан абгор ҳолдаги гадо чиқиб, баланд овозда деди:
Нима ҳам дердик, ўша гадо ҳақ. Инсоннинг инсондан фарқи (“афзаллиги”, “устунлиги” ва ҳоказо)ни ташқи кўриниши, кийими, терисининг ранги, моддий имкониятлари, ижтимоий мавқеи, мансаби... кабилар билан ажратиш ўта нисбий тушунча. Дейлик, бири – “фуқаро”, иккинчиси – “зодагон”. Нима бўпти? Яна, бек ким-у, хожа ким, фақир ким? Ҳаммаси – ҳазрати Инсон эмасми? Масалан, “оқсуяк”-зодагонга бир умр бахтли-саодатли бўлмоқ, дорилбақога қайтгач, тўппа-тўғри жаннатга тушмоқ кафолати берилганида, бошқа гап эди! Ёки, куч-қудратда тенгсиз паҳлавонлар, заифлардан кўра узоқроқ умр кўрадими-йўқми – буни ҳеч ким билмайди! Баъзан, бошқаларга нисбатан зоҳирий устунлик – инсон ўзининг чексиз орзу-истаклари-ю, ақли воситасида ўйлаб топган “кашфиёти” холос, дейиш мумкин.
Ҳадиси шарифда шундай дейилади: “Инсонларнинг ҳаммаси тароқнинг тишидек баробардур”. Фақат, гоҳо бу ҳақиқатни ё билмаймиз, ёки билишни истамаймиз...
Чексиз оламда Инсон – ким ўзи?
Бу саволга ўтмиш мутафаккирлари турли-туман жавоблар топишган. Умар Хайём инсонни “табиатнинг гултожи”, “оламнинг меҳвари” дея улуғласа, фаранг мутафаккири Блез Паскаль камтарона, ҳатто тушкун кайфиятда: “атом зарраси каби адашган”, “бир дақиқа ялт этиб кўриниб, абадий йўқолган соя”га ўхшатади. “Коинот ичра инсон нима? – дея савол қўяди Б.Паскаль ва бундай жавоб беради: – чексизлик билан қиёслаганда йўқлик, йўқлик билан қиёслаганда борлиқ, ҳамма нарса ва ҳеч нарса орасидаги ўрталикдир.
Инсоннинг улуғлиги унинг фикрлаш қобилиятида. Ёлғиз тафаккургина бизни юксакка кўтаради, макон ва замон бундай имконга эга эмас, чунки улар ичра биз ҳеч нарсамиз”.
Дарҳақиқат, инсон бу чексиз оламда имкониятлари ниҳоятда чекланган мавжудот, десак, ўзимизга мос баҳо берган бўламизми? Мисол учун, жуда паст овозни эшитмаймиз, ўта баланд овоздан эса қулоқ ёрилиб кетади. Кичик зарраларни кўролмаймиз, шунингдек, ўта узоқ масофани ҳам кўзимиз илғамайди. Ҳатто, “энг учқур” деб таърифланувчи ақл-идрокимиз имкониятлари ҳам албатта, чегараланган. Қадимги ҳинд ҳикматида айтилганидек, “Биз олам, одам ва жамият ҳақида жуда-жуда оз нарса билишимизни билиш учун ниҳоятда кўп нарса билишимиз кераклигини камдан-кам одам билади”. Бинобарин, Инсон ўз ақл кучи билан “ҳамма нарсани” билувчи эмас, балки Аллоҳ истаган нарсанигина билгувчидир.
Инсоннинг феъл-атвори жуда ҳам қизиқ. Ўта мураккаб. Унинг баъзи қирралари шундай кутилмаган ҳолатда намоён бўладики, буни аввалдан айтиш, башорат қилиш, “режага киритиш” ва ҳатто тасаввур қилиш ниҳоятда мушкул...
“Араб тафаккури хазинаси”дан: “Хасталик тўшагида ўзига заифлик билан бирга орзу-умид, жангу-жадал майдонида эса бузғунчилик билан бирга куч-қувват топиб, ўзида иккала зиддиятни жамлай олган мавжудот – инсондир”. Баайни, Инсон жисмида сув ва олов бирлашган. Тупроқдек хокисорлик ҳам, тенгсиз бунёдкорлик, бузғунчилик, қайноқ меҳр-муҳаббат, ваҳшийлик, ҳавойилик (масалан, кибр), йиртқичлик... ҳам инсонга хос. “Инсон ҳар доим беозор бўлмасдан, баъзан дунёдаги энг ваҳший махлуққа айланиши мумкинлигини гоҳо тан олгимиз келмайди”.
Юқоридаги фикрлар инсон зотига нисбатан инсонлар томонидан айтилган ва кимдир бунга қарши чиқиши ҳам мумкин. Агар бирор бир буюмни ясасангиз унинг қандайлигини сиздан бошқа ҳеч ким аниқ ва батафсил билмайди. Одам зотини ҳам уни яратган Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким заррасигача, қалбидаги ҳисларигача билиши мутлақо мумкин эмас. Шу сабаб биз ҳақимизда Аллоҳ таолонинг Каломида келтирилган оятларга назар солсак:
“Эсланг, (эй Муҳаммад!) Раббингиз фаришталарга: “Мен Ерда халифа (Одам) яратмоқчиман”, – деганида, (улар) айтдилар: “Унда (Ерда) бузғунчилик қиладиган, (ноҳақ равишда) қонлар тўкадиган кимсани яратмоқчимисан? Ҳолбуки, биз Сенга ҳамдинг билан тасбеҳлар айтамиз ва Сени муқаддас деб биламиз”. (Аллоҳ) айтди: “Албатта, Мен сизлар билмаган нарсаларни билурман”. (Бақара сураси, 30)
“(Ҳар бир) инсон зиёнда (бахтсизликда)дир! Фақат имон келтирган ва солиҳ амалларни қилган, бир-бирларига ҳақиқатпарвар бўлишни тавсия этган ва бир-бирларига сабрли бўлишни тавсия этган зотларгина бундан мустаснодирлар”. (Аср сураси, 2-3)
Ахир, инсон заиф яратилган-да! (Нисо сураси, 28)
Нима бўлганда ҳам инсон эканлигини, бандани Аллоҳ таоло яратганлигини, ҳаётга келишдан мақсад ва юклатилган вазифаларни унутмасдан яшаш ҳар бир ўзини ОДАМ деб билган мавжудот учун унутилмас ва исбот талаб қилмас ҳақиқатдир!
“Инсоннома” китоби асосида Саидаброр Умаров тайёрлади
Кеча, 29 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари халқаро конференция доирасида Иордания бош муфтийси Аҳмад Иброҳим Ҳасанот ҳамда Қирол Абдуллоҳ II номидаги Имомлар малакасини ошириш институти директори Абдусаттор Алқуда билан учрашув ўтказдилар.
Мулоқотда икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик йилдан-йилга ривожланиб бораётгани, мамлакатлар раҳбарларининг дўстона алоқалари турли йўналишлардаги муносабатларга замин бўлаётгани, алоқаларни ривожлантириш бўйича “Йўл харита” ишлаб чиқилгани, унда диний таълим, замонавий фатво ишлаб чиқиш бўйича вазифалар белгиланганига урғу қаратилди. Шунингдек, меҳмонларга Давлатимиз Раҳбари саъй-ҳаракатлари билан амалга оширилаётган диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди.
Диний идора Фатво маркази уламолари мазкур институтдаги ўқувларда мунтазам иштирок этиб келаётгани, иорданиялик уламолар мамлакатимиздаги анжуманларда доимий қатнашиб келаётгани, хусусан, Исломий илмлар дорулфунуни доктори Шайх Салоҳ Абул Ҳож фаоллиги учрашувда алоҳида таъкидланди.
Иордания муфтийси заминимиздан Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий каби мутафаккирлар етишиб чиққани, юртимиз уламолари дин ривожига катта ҳисса қўшгани, Ислом ақидасини ҳимоя қилишдаги беқиёс хизматларига урғу қаратди.
Аҳмад Иброҳим Ҳасанот Самарқандда ўтаётган конференциянинг долзарблиги ҳақида гапириб, бугунги кунда мотуридийлик таълимотини чуқур ўрганишни тақозо этаётгани, мотуридийлик мактабининг илм-маърифат, мўътадиллик ва бағрикенглик ғояларини кенг тарғиб этишдаги ўрнини юқори баҳолади. Шунингдек, у ўзбекистонликлар файзу барака, илм-маърифатни араб оламидан эмас, балки ўзларининг ўтмишдаги буюк мутафаккирлари меросидан олишлари энг тўғри йўл эканини изоҳлади.
Имомлар малакасини ошириш институти директори Абдусаттор Алқуда ушбу ўқув даргоҳи масжид имом-хатиблари тайёрланиши ва уларнинг малакаси ошириш, диний қадриятларни тарғиб қилиш, экстремизм ва бузғунчи ғояларга қарши курашиш ишлари билан шуғулланишини билдирди.
Учрашув ниҳоясида замонавий фатволарни ишлаб чиқиш, диний соҳа ходимлари малакасини ошириш ва илмий-тадқиқот олиб боришда ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати