Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
06 Август, 2025   |   12 Сафар, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:52
Қуёш
05:23
Пешин
12:34
Аср
17:28
Шом
19:38
Хуфтон
21:02
Bismillah
06 Август, 2025, 12 Сафар, 1447

АҚШ университети талабалар учун умра сафари ташкил қилди

27.02.2019   4462   1 min.
АҚШ университети талабалар учун умра сафари ташкил қилди

Қишки таътил давомида АҚШнинг нуфузли Гарвард университетининг 30 нафар мусулмон талабалари учун Макка ва Мадина шаҳарларига саккиз кунлик саёҳат уюштирилди. Бу ҳақда университет сайтига таяниб Ислом.уз хабар берди.

Тадбир ташкилотчилари Гарвард тарихидаги илк имом Халил Абдуррашид ва унинг рафиқаси Самиа Умар бўлди. Деярли барча харажатлар жамоат ташкилотлари ва кўнгиллилар томонидан қопланиши маълум қилинган.

Кўпчилик талабалар учун бу умра нафақат биринчи исломий зиёрат, балки АҚШдан хорижга илк сафар ҳам эди. Улар умра қилишдек имкониятдан баҳраманд бўлганлари учун улкан миннатдорчиликларини ҳамда бу уларнинг руҳан юксалишларига, иймонлари зиёда бўлишига сабаб бўлганини изҳор қилдилар.

«Мазкур сафар мен учун ўта ҳайратланарли бўлди, – дейди 21 ёшли Инжил Муҳаммад. – Ўнгим ва чапимда шу қадар кўп – 300 тадан зиёд кишининг намоз ўқиётганини кўриб, мен айнан тўғри йўлда эканимни ҳис қилдим. Гўё ўз уйимдагидек эдим».

Яна бир талаба Абдулазиз Банасей ўз ҳиссиётларини шундай ифодалади: «Миллионлаб мусулмонлар мендан аввал ҳам умра қилишган, мендан кейин ҳам қилишади. Бу фикр мени анча ўйга толдирди. Мен ҳамиша ўзимни диққат марказда деб билардим».

Бундан тўрт аср муқаддам, 1636 йилда асос солинган Гарвард университети АҚШнинг энг қадимги олий таълим муассасасидир.

Ўзбекистон мусулмонлар идораси Матбуот хизмати

Бошқа мақолалар

«Ишораи саббоба» қандай амал?

04.08.2025   13875   3 min.
«Ишораи саббоба» қандай амал?

Ҳанафий мазҳабимизда «ишораи саббоба» суннат амал хисобланади. У тўғрисида бир неча ҳадису шарифлар ворид бўлиб, қуйидаги манбаларда у тўғрисида ва қандай қилиниши борасида тўхталиб ўтилган. Абу Лайс Самарқандий “Навозил”, Камолиддин Ибну Ҳумом “Фатҳул қодир”, Аллома Алоуддийн Косоний “Бадои’ус Саноий”, Ибн Обидийн “Раддул мухтор”, Абдулҳай Лакнавий “Умдатур ри'оя”, “Эъло’ус сунан” каби мўътабар манбаларда ҳам суннат эканлиги зикр қилинган.  Бу ҳақида Алий Қорий иккита “Тазйинул ибора таҳсинул ишора” ва “Ат-тадҳийну лит тазаййун”, Ҳофиз Ибн Ҳажар “Талҳисул ҳобир”, Ибн Обидийн “Рафъ ул тараддуд” номли бир қатор рисолаларда ҳам ёзиб ўтганлар.

Имом Термизий Абу Ҳумайддан ривоят қиладилар: “Ўнг кафтларини ўнг тиззаларига, чап кафтларини чап тиззаларини устига қўйиб бармоқлари билан ишора қилар эдилар”.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий саллолоҳу алайҳи васаллам намозда, яъни ташаҳҳудга ўтирсалар ўнг қўлларини ўнг тиззаларини устига чап қўлларини чап тиззаларини устига қўйиб кўрсаткич бармоқларини кўтариб ишора  қилардилар. Чап қўллари тиззаларини устида турар эди”. Ушбу ҳадисга саҳобалар, тобеъинлар амал қилиб, ташаҳҳудда ишорани ихтиёр қилдилар. Аҳмад Нофиъдан ривоят қиладилар: “Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо намозда ташаҳҳудга ўлтирсалар икки қўлларини икки тиззаларига қўйиб бармоқлари билан ишора қилиб, ишора қилган бармоқларига қараб турар эдилар, сўнг Расулуллоҳ саллалоҳуалайҳи васаллам: “Бармоқ билан ишора қилиш шайтонга темирдан ҳам шиддатлироқ”, дердилар.

Алий Қорий “Тазйинул ибора таҳсинул ишора” китобларида ушбу ҳадисни шарҳлаб айтадиларки, “Бармоқ билан ишора қилиш урушда темир қуролни ишлатишдан ҳам қийинроқдир, гўё тавҳидга ишора қилиш билан шайтон мўмин бандани адаштириши, ширкка олиб боришдан бўлган  умидини кесади”.

Имом Суютий “Жомеъул кабир” китобларида Уқба ибн Омирдан ривоят қиладилар: “Киши намозида ишора қиладиган ҳар бир ишорасига ўнта ҳасанот ёзилади”, дедилар.

Ибн Обидийн “Рафъул тараддуд” номли китобларидаги «ишораи саббоба» ҳақида ворид бўлган ҳадислар, олти саҳиҳ китобларнинг ҳаммасида зикр қилинган. У ҳадисларни ҳаттоки, маънавий мутовотир дейиш дуруст бўлади деганлар.

«Ишораи саббоба» қилиш борасида саҳобалар, уларга эргашган тобеъинлар ихтилоф қилмадилар. Имом Абу Ҳанифа ва у зотнинг икки шогирдлари Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳамммад, Имом Молик, Имом Шофеий, Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ҳамда мутақаддим уламолар «ишораи саббоба» суннат эканлигига иттифоқ қилишган.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, «ишораи саббоба»ни ташаҳҳудга ўтирганда, дуони ўқиб “Ашҳаду анна...” деганда намозхон ўнг қўлни кўрсатгич бармоғини кўтаради, “иллаллоҳ” деганда туширади. Ташаҳҳуд дуосини аввалидан қўлни қимирлатиб туриш дуруст эмас. Шуни такидлаш лозимки, «ишораи саббоба» ривоятларидан бехабар бўлиб, бу амални қилмаган намозхонни асло маломат қилинмайди.

Наманган шаҳар "Мулла Бозор Охунд" жоме масжиди

имом ноиби Анвархон Акрамов

Манба: @Softalimotlar