Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
12 Январ, 2025   |   12 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:24
Қуёш
07:48
Пешин
12:36
Аср
15:34
Шом
17:18
Хуфтон
18:37
Bismillah
12 Январ, 2025, 12 Ражаб, 1446

Ғафлатда қолманг! Дуо қабул бўладиган вақт ва ҳолатлар

26.02.2019   13946   4 min.
Ғафлатда қолманг! Дуо қабул бўладиган вақт ва ҳолатлар
  • Саҳарда дуо қилиш. Аллоҳ таоло: “Саҳарларда улар (Аллоҳдан) мағфират сўрар эдилар”, деб марҳамат қилган (Зориёт сураси, 18-оят).

Саҳар вақтида қалб соф, ихлосли ва чалғитадиган нарсалардан холи бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Аллоҳ таоло ҳар кеча, кечанинг охирги учдан бири қолганида “Ким менга дуо қилади, Мен унга ижобат қилай, ким Мендан сўрайди, Мен унга (сўраган нарсасини) берай, ким Мендан кечирим сўрайди, Мен уни кечирай”, дейди» (Имом Буҳорий, Имом Муслим ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаброил алайҳиссаломдан: “Кечанинг дуо қилиш учун мақбул ва дуолар тез ижобат бўладиган энг афзал вақти қайси?” деб сўрадилар. Шунда Жаброил алайҳиссалом: “Саҳар вақтидан бошқа пайтларда Аршнинг ларзага келганини кўрмадим”, дедилар (Доктор Ваҳба Зуҳайлий раҳимаҳуллоҳ. Тафсирул Мунир).

 

  • Азон ва иқоматдан кейин дуо қилиш. Набий алайҳиссалом: “Азон ва иқомат орасидаги дуо рад қилинмайди”, дедилар (Имом Абу Довуд, Имом Термизий ривояти)

 

  • Ифторлик ва саҳарликда дуо қилиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рўзадорнинг дуоси қайтарилмайди” (Имом Термизий, Имом Ибн Можа ривояти), деганлар.

 

  • Қалблар “эриган” вақтда дуо қилиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қалблар юмшаган вақтда дуо қилиб қолинглар, чунки у раҳматдир!” дедилар.

 

  • Фақат мусибат етганда эмас, балки, тинч-осуда вақтда ҳам дуо қилиш. Агар банда кенгчилик вақтида Аллоҳни зикр қилса, Аллоҳ уни торчилик вақтида зикр қилади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимни шиддатлар пайтида Аллоҳ уни истижобат қилиши масрур қилса, оройиш пайтида дуони кўпайтирсин”, дедилар.

 

  • Саждада дуо қилиш. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундай деганларини ривоят қилади: “Банда Роббисига энг яқин бўладиган ҳолати сажда қилган вақтидир. Бас, шу вақтда дуони кўпайтиринг” (Имом Муслим ривояти).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Мен руку ёки сажда қилган вақтимда Қуръон ўқишдан қайтарилдим. Рукуда Роббни улуғлангиз, саждада эса дуони кўпайтиринг, у вақт дуоларингиз ижобат бўлишга яқин вақтдир” (Имом Муслим ривояти).

 

  • Ҳар намоздан сўнг дуо қилиш. Абу Умома розияллоҳу анҳу: “Ё Расулуллоҳ, қайси дуо кўпроқ қабул бўлади?”, деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кечанинг охиридаги ва фарз намозлар ортидаги лаҳзаларда”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

Мужоҳид (раҳматуллоҳи алайҳи) айтади: “Намоз энг яхши вақтга белгиланган. Шунинг учун намозлардан сўнг дуо қилишни унутманг”.

 

  • Ёмғир ёққанда дуо қилиш. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Сафлар Аллоҳ йўлида жипслашганида, ёмғир ёққанда, фарз намозлари адо этиладиган вақтларда осмон эшиклари очилади. Бу пайтларда дуо қилишни ғанимат билинг”.

 

  • Жума туни ва кундузи дуо қилиш. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жума куни ҳақида бундай дедилар: “Унда бир соат борки, унга тик туриб намоз ўқиётган мусулмон банда Аллоҳдан бирон нарсани тилаб тўғри келиб қолса, Аллоҳ унга бу тилагини беради” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

 

  • Сафарда дуо қилиш. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Учта дуо, шубҳасиз, ижобатдир: мазлумнинг дуоси, мусофирнинг дуоси ва отанинг боласига қилган дуоси”, дедилар (Имом Термизий, Имом Абу Довуд ривояти).

 

Даврон НУРМУҲАММАД

Бошқа мақолалар
Мақолалар

ОИТСдан сақланишнинг осон-ишончли йўли

10.01.2025   4749   4 min.
ОИТСдан сақланишнинг осон-ишончли йўли

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.


"Аллоҳ сиздан енгиллатмоқни ирода қиладир. Ва инсон заиф яратилгандир".

Инсонни Аллоҳ таолонинг Ўзи яратган. У Зот Ўз бандасининг хусусиятларини яхши билади. Шунинг учун ҳам инсонга фақат Аллоҳ таолонинг кўрсатмаларигина тўғри келиши мумкин. Ушбу оятда Аллоҳ таоло инсоннинг заиф ҳолда яратилганини таъкидламоқда. Яратувчининг Ўзи «заиф яратилган», деб турганидан кейин, шу заиф инсонга йўл кўрсатишда У Зот оғирликни хоҳлармиди? Йўқ, У Зот енгилликни хоҳлайди.

Ислом шариати, умуман, енгиллик устига бино қилингандир. Бу ҳақда кўплаб оят ва ҳадислар бор. Ҳаммаси ўз ўрнида баён қилинади. «Нисо» сурасининг бошидан муолажа қилиб келинаётган масалалар, хусусан, эркак ва аёл, оила, никоҳ масаласига келсак, ушбу оятда бу масалаларда ҳам Аллоҳ Ўз бандаларига енгилликни исташи таъкидланмоқда. Зоҳирий қаралганда, диний кўрсатмаларни бажариш қийин, шаҳватга эргашганларнинг йўлларида юриш осонга ўхшайди. Исломда ҳамма нарса ман қилинган-у, фақат биргина йўлга рухсат берилганга ўхшайди. «Номаҳрамга қарама», «У билан ёлғиз қолма», «Уйланмоқчи бўлсанг, олдин аҳлининг розилигини ол», «Маҳр бер», «Гувоҳ келтир» ва ҳоказо. Ҳаммаси қайдлаш ва қийинчиликдан иборат бўлиб туюлади. Шаҳватга эргашганлар эса «Ёшлигингда ўйнаб қол, гуноҳ нима қилади», дейишади. Бу эса содда ва осон кўринади. Ҳақиқатда эса ундай эмас. Натижага қараганимизда бу нарса яққол кўзга ташланади. Дунё тарихини кузатадиган бўлсак, оила масаласига енгил қараган, жинсий шаҳватга берилган халқлар, давлатлар ва маданиятлар инқирозга учраган. Қадимий буюк империяларнинг шармандаларча қулашининг асосий омилларидан бири ҳам шу бўлган.

Бизнинг асримизга келиб, Ғарбда, ўзларининг таъбири билан айтганда, жинсий инқилоб бўлди. Жинс борасида олимлар етишиб чиқдилар. Улар «Жинсий ҳуррият бўлмагунча, инсон тўлиқ ҳур бўла олмайди. Агар жинсий майллар жиловланса, инсонда руҳий тугун пайдо бўлиб, унда қўрқоқлик ва бошқа салбий сифатлар келиб чиқишига сабаб бўлади», каби ғояларни тарқатишди. Оқибатда жинсий инқилоб авжига чиқди.

Натижасини – ҳар хил бало-офатлар буҳронини ҳозир ўзлари кўриб-татиб туришибди. Ахлоқий бузуқлик, оиланинг ва жамиятнинг парчаланиши, ҳаётга қизиқишнинг йўқолишидан ташқари, сон-саноғига етиб бўлмайдиган муаммолар пайдо бўлди. Жинсий инқилоб оқибатида тараққий этган ғарб давлатларининг туб аҳолиси даҳшатли суръатда камайиб бормоқда. Кўз кўриб, қулоқ эшитмаган таносил касалликлари келиб чиқди, ҳар йили сон-саноқсиз одамлар шу касалликлардан ўлмоқда. Насл бузилиб, одамлари заифҳол ва касалманд бўлиб бормоқда. Турли ақлий ва руҳий касалликлар урчиди. Охири келиб, касалликларга қарши инсондаги табиий монеликнинг йўқолиши (ОИТС) касаллиги пайдо бўлди. Бу касаллик ҳақли равишда, XX аср вабоси деб номланди. Унинг давоси йўқ. Бу дардга чалинишнинг сабаби зинодир. У билан касалланган одам тез муддатда ўлади. Ҳамма даҳшатда. Бу дардга чалинмасликнинг йўллари ахтарилмоқда, бу йўлда беҳисоб маблағлар сарфланмоқда, мазкур вабога чалинмасликнинг турли чоралари таклиф этилмоқда. Қонунлар чиқарилмоқда, идоралар очилмоқда.

Лекин шаҳватга эргашганлари сабабли улар энг осон, энг ишончли битта йўл – Аллоҳнинг йўлига қайтишни хаёлларига ҳам келтиришмаяпти. Ақалли ушбу дарднинг бевосита сабабчиси бўлмиш зинони ман этувчи қонун чиқаришни ҳеч ким ўйлаб ҳам кўрмаяпти. Чунки шаҳватга эргашганлар шаҳватга қарши чиқа олмайдилар. Уларнинг ўзлари шаҳватга банда бўлганлари учун унга эргашганлар. Ўзларини зоҳирий енгил кўринган ишга уриб, энди оғирликдан бошлари чиқмай юрибди. Зоҳирий оғир кўринган бўлса ҳам, Аллоҳ кўрсатган йўлга юрган бандалар бошида мазкур оғирлик ва машаққатларнинг бирортаси ҳам йўқ. Улар мутлақ енгилликда, фаровон турмуш кечирмоқдалар.

"Тафсири Ҳилол" китобидан

Мақолалар