Саҳар вақтида қалб соф, ихлосли ва чалғитадиган нарсалардан холи бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Аллоҳ таоло ҳар кеча, кечанинг охирги учдан бири қолганида “Ким менга дуо қилади, Мен унга ижобат қилай, ким Мендан сўрайди, Мен унга (сўраган нарсасини) берай, ким Мендан кечирим сўрайди, Мен уни кечирай”, дейди» (Имом Буҳорий, Имом Муслим ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаброил алайҳиссаломдан: “Кечанинг дуо қилиш учун мақбул ва дуолар тез ижобат бўладиган энг афзал вақти қайси?” деб сўрадилар. Шунда Жаброил алайҳиссалом: “Саҳар вақтидан бошқа пайтларда Аршнинг ларзага келганини кўрмадим”, дедилар (Доктор Ваҳба Зуҳайлий раҳимаҳуллоҳ. Тафсирул Мунир).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимни шиддатлар пайтида Аллоҳ уни истижобат қилиши масрур қилса, оройиш пайтида дуони кўпайтирсин”, дедилар.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Мен руку ёки сажда қилган вақтимда Қуръон ўқишдан қайтарилдим. Рукуда Роббни улуғлангиз, саждада эса дуони кўпайтиринг, у вақт дуоларингиз ижобат бўлишга яқин вақтдир” (Имом Муслим ривояти).
Мужоҳид (раҳматуллоҳи алайҳи) айтади: “Намоз энг яхши вақтга белгиланган. Шунинг учун намозлардан сўнг дуо қилишни унутманг”.
Даврон НУРМУҲАММАД
Бугун Ўзбекистон мусулмонлари идораси Қуръони карим ва тажвидни ўргатиш бўлими мудири Шайх Алижон қори Файзуллоҳ Махдум ўғли ҳамда Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасурбек домла Раупов Бекобод шаҳридаги Қуръон ва тажвид марказига ташриф буюрдилар.
Марказ маъмурияти ҳамда у ерда таълим олаётган тингловчилар билан бўлиб ўтган суҳбат ҳар жиҳатдан самарали бўлди. Хусусан, учрашувда Шайх Алижон қори ҳафизаҳуллоҳ Қуръони каримни ёдлаш фазилатлари, бу борада яратилган шарт-шароитларнинг қадрига етиш, шукрона келтириш, вақтдан унумли фойдаланиш каби мавзуларда гўзал мавъиза қилиб бердилар.
Ҳақиқатан, Қуръони каримни ёдлаш, оятлар маъно-мазмунларини тафаккур ва тадаббур қилиш ибодат ва чинакам саодатдир.
Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Сизларнинг яхшиларингиз Қуръони каримни ўрганган ва ўргатганларингиздир", деб марҳамат қилганлар (Имом Термизий ривояти).
Тошкент вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати