frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Бахиллик – ёмон иллат

26.02.2019   20477   3 min.
Бахиллик – ёмон иллат

Бу хонадонда кўп марта меҳмон бўлганман. Соҳибаси Розия момо оқила, ҳожатмандларнинг ҳақини адо этадиган аёл эди. У боғлару полизлардан олинган ҳосилни кўпчилик билан баҳам кўрарди. Меваю сабзавотнинг энг сарасини биринчи бўлиб фарзанди кўпларга тарқатиларди.

Момо тарвуз, қовун, қовоқларнинг яхшиларини ҳассаси билан кўрсатиб, қўшнининг ҳаққи эканлигини таъкидларди. Олинган ҳосилларнинг баракаси кейинги йил ҳосил бўлгунча етарди. Розия момо “Ўзингга нимани раво кўрсанг, бошқаларга ҳам шуни раво кўргин” деган сўзларни кўп такрорларди.

Орада бир муддат боролмай қолдим, шунда Розия момонинг вафот этганларини эшитдим. Йиллар ўтиб, яна шу хонадонга йўлим тушганида кўнглим оғриб қайтдим. Розия момо ҳаётлик пайтида гуркираб турган мевали дарахтларга касаллик тегиб, боғдан файз кетган эди.  Бунинг асл моҳиятини кейинроқ тушундим.

Момонинг икки ўғиллари бўлиб, момо катта ўғиллари билан бирга яшарди. Қайнонасининг вафотидан кейин катта келин: “Нега энди меҳнатни биз қилиб, роҳатини бошқалар кўриши керак. Ўзимиз ҳам катта рўзғор,  ортганини сотамиз”, деб, қўни-қўшниларга яроқсиз, қурт тушган меваларни чиқарадиган бўлибди. Кейинчалик қўшничилик ҳаққини қилишни ҳам унутибди. Кўп ўтмай боғ ўз тароватини йўқота бошлабди, мевалар майдалашиб, кўпига касаллик тушиб, дарахтлар қуриб кетибди. Полиз экинлари эса парвариш етарли бўлишига қарамасдан, қурт тушиб, ичидан ириб кета бошлабди.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:

Эй, имон келтирганлар! Ўз қўл меҳнатингиз ва Биз сизлар учун ердан чиқарган нарсаларнинг яхшиларидан эҳсон қилингиз! Ўзингиз фақат кўзингизни чирт юмибгина оладиган даражадаги ёмон нарсаларни (эҳсон қилишга) танламангиз! Шунингдек, билингизки, албатта, Аллоҳ ғаний ва мақтовга лойиқ зотдир (Бақара, 167-оят).

Аллоҳ таоло ҳар бир инсонга мол-дунё беради ва уни қандай йўлларга сарф-харажат қилишини синаб кўради. Қўлидаги молу давлатини Аллоҳ таоло берганлигини иқрор қилиб, ундан мискин ва фақирларга ҳам насиба ажратган кишиларнинг молига барака беради ва уни янада зиёда қилади. Аксинча, давлатманд бўлатуриб, закот ва садақа бермаслик, фақир ва мискинларнинг ҳаққини ажратмаслик эса, шариатимизда бахиллик деб аталади ва у қаттиқ қораланади.

Суйган нарсаларингиздан эҳсон қилмагунингизгача сира яхшиликка (жаннатга) эриша олмайсизлар. Ниманики эҳсон қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билувчидир (Оли Имрон, 92-оят).

Мўмин бахил бўлмайди. Инфоқ-эҳсон қилмай, бахиллик билан тўпланган мол-дунё охиратда шармандаликка сабаб бўлиши ҳақида Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради:

“Аллоҳнинг фазли билан берган нарсаси (бойлиги)дан бахиллик қилувчилар буни ўзларига яхши деб ҳисобламасинлар! Асло! Бу улар учун ёмондир. Қиёмат куни бахиллик қилган нарсалари (ўз бўйинларига) бўйинтуруқ қилиб илиб қўйилади...” (Оли Имрон сураси, 180-оят).

Бахиллик инсонлар орасида ҳасад ва бир-бирини кўра олмаслик каби иллатларнинг юзага келишига сабаб бўлади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида: “Бахилликдан сақланинглар, чунки у сиздан олдин ўтганларнинг ҳалокатга йўлиқишига сабаб бўлган. Бахиллик уларни бир-бирларининг қонини тўкишга, ҳаром нарсаларни ҳалол дейишга олиб борган”, - деб марҳамат қилганлар (Имом Муслим ривояти).

Менга қадрдон Розия момонинг ўгитларини, тутумларини олмаган, хонадоннинг файзини кеткизган келиннинг қилмишлари бахилликнинг бу дунёдаёқ ёмон оқибатларга олиб келишини англатарди...

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси

Мунира АБУБАКИРОВА

 

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

“Al Jazeera”: Ўзбекистон ислом цивилизацияси шаклланиши ва тараққиётида юксак ўрин эгаллайди

09.09.2026   63246   1 min.
“Al Jazeera”: Ўзбекистон ислом цивилизацияси шаклланиши ва тараққиётида юксак ўрин эгаллайди

Қатарнинг “Al Jazeera” нашрида Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида бўлиб ўтган “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ, янги кашфиётлар” мавзусидаги халқаро медиафорум ҳақида мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Мақола муаллифи, халқаро медиафорумда иштирок этган Муҳаммад Аъморийнинг таъкидлашича, яқинда Тошкент шаҳрида бунёд этилган Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази медиафорум иштирокчиларида катта таассурот қолдирган.

Марказда Ўзбекистон ҳудудида ислом цивилизациясининг шаклланиши ва тараққиёти, тарихий ёдгорликлар, қўлёзмалар, археологик топилмалар ҳамда буюк алломалар мероси ўрин олган. Музейда қарийб 8 мингта тарихий ашё ва экспонат сақланиши, улар орқали Мовароуннаҳр халқларининг қадимги даврлардан бошлаб илм-фан ва маданият тараққиётига қўшган ҳиссаси намойиш этилган.

Мақолада ёзилишича, музей экспозициялари асосан тўрт муҳим тарихий даврни қамраб олишига эътибор қаратилган. Булар – исломдан олдинги давр, Мовароуннаҳрдаги биринчи уйғониш даври, Темурийлар даври ва Ислом цивилизациясига оид қимматли Қуръон қўлёзмалари намойиш этилган залдир.

Ушбу мажмуада Усмон Мусҳафига алоҳида ўрин берилган. Шу билан бирга, музейда қадимги шаҳарлар, Буюк Ипак йўли, ҳаж анъаналари, Каъба ва унинг муқаддас ёдгорликлари билан боғлиқ экспонатлар ҳам тақдим қилинган.

Материалда Ўзбекистон ва Марказий Осиё тарихида чуқур из қолдирган буюк алломалар – Муҳаммад ал-Хоразмий, Аҳмад ал-Фарғоний, Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Али ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Абу Наср Форобий, Мирзо Улуғбек, Камолиддин Беҳзод, Амир Темур, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби тарихий шахсларнинг илм-фан, дин, маданият, санъат ва давлатчилик ривожига қўшган ҳиссаси кенг ёритилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари