Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
19 Ноябр, 2024   |   18 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:54
Қуёш
07:16
Пешин
12:13
Аср
15:19
Шом
17:03
Хуфтон
18:20
Bismillah
19 Ноябр, 2024, 18 Жумадул аввал, 1446

Нишонга урилган гаплар: “Йўқлигингда сени ҳимоя қиладиган нарсаларнинг афзали – хулқларингдир”

15.02.2019   3746   2 min.
Нишонга урилган гаплар: “Йўқлигингда сени ҳимоя қиладиган нарсаларнинг афзали – хулқларингдир”

Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. Бундан ташқари саҳобаи киромлар, улуғ олимлар, Яқин Шарқ, Осиё, Европа ва Америка мутафаккирларининг бир қатор фикрлари ҳам берилган. 

*****

Агар муваффақиятсиз бўлишни истасанг, ҳамма инсонларни рози қилишга урин!

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Ҳамма билан камтарлик ила муомала қилавер. Чунки инсон табиати мағрур ва ўзини катта олувчиларни ёқтирмайди.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Камситилган, ранжиган халқнинг ахлоқи ёмонлашади.

Ибн Халдун раҳимаҳуллоҳ

*****

Йўқлигингда сени ҳимоя қиладиган нарсаларнинг афзали – хулқларингдир.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Шундай шахслар борки, сендан оладиган фойдалари тугаса, хабарлари ҳам, дўстликлари ҳам тугайди.

“Фикр дурдоналари”

*****

Икки нарса сенинг ҳақиқатингни белгилайди:

  • Ҳеч нарсага эга бўлмаган пайтингдаги сабринг;
  • Ҳамма нарсага эга бўлган пайтингдаги тасарруфинг.

“Фикр дурдоналари”

*****

Бола отасидан сўрабди: “Отажон, “эркак” нима дегани?” “Эркак дегани кучли, фарзандлари олдидаги масъулиятни ҳис қиладиган, уларнинг ишларига эътибор берадиган ҳамда уларнинг роҳатда яшаши учун ўзи бедор бўладиган инсондир” деб жавоб берибди отаси. Шунда болакай: “У ҳолда мен ҳам онамга ўхшаган “эркак” бўлишни орзу қиламан” дебди.  

“Фикр дурдоналари”

*****

Икки киши сенинг ҳар бир ишларингга кўпроқ эътибор беришади:

  • Сени қаттиқ севадиган;
  • Сенга қаттиқ ҳасад қиладиган.

“Фикр дурдоналари”

*****

Қувват – оғриқларингни оёғинг остига ташлаб, сенинг йиқилишингни пойлаб турганлар олдидан табассум билан ўтиб кетишингдир.

“Фикр дурдоналари”

*****

 

 

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

Нозимжон Иминжонов

 

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Шийъаларнинг қўзғалонлари (Карбало)

19.11.2024   3141   27 min.
Шийъаларнинг қўзғалонлари (Карбало)

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Язид ибн Муовиянинг халифалиги
(халифалик даври: ҳижрий 60–64; милодий 680–683)

Тўлиқ исми: Язид ибн Муовия ибн Абу Суфён. Муовия ибн Абу Суфённинг бу эрка фарзанди ёшлигидан роҳат-фароғатда ўсди. Овга, ўйин-кулгига қизиқиши катта эди. Аввал айтилганидек, халифалик унга отасининг амри билан ўтди. Муовия ибн Абу Суфён тириклик пайтида ҳамма Язид ибн Муовияга байъат қилди. Мадинаи мунавварада бир канча одамлар унга байъат қилишдан бош тортганда, Язид уларни ҳам байъат қилишга мажбурлашга уриниб кўрди.

Шундан кейин Ибн Умар, Ибн Абу Бакр, Ибн Аббослар байъат қилдилар. Аммо халифаликдан умидвор бўлиб юрган имом Ҳусайн, Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳумо байъат қилмай, Маккага кетиб қолишди.

Язид ибн Муовия давридаги фатҳлар

Бу даврда фақат Африкадагина баъзи бир фатҳлар бўл­ди. Бошқа тарафларда ички фитналар ва бошқа ҳодисалар сабабли фатҳ ишлари тўхтаб қолди. Африкада Уқба ибн Нофеъ ўзининг фатҳларини ғарб томон кенгайтириб борди. У Мағриб юртларининг барчасини фатҳ қилиб, Атлантика океанигача етиб борди. Ривоят қилинишича, Уқба ибн Нофеъ мазкур океан соҳилидаги бир тепалик устига чиқиб: «Роббим, агар ушбу денгиз бўлмаганида, Сенинг йўлингда жиҳодни давом эттирар эдим, агар ундан кейин яна ер келишини ва у ерда ҳам одамлар борлигини билсам, шу денгизга шўнғирдим», деган экан.


ИЧКИ ҲОДИСАЛАР
Шийъаларнинг қўзғалонлари

Мавзуга киришишдан аввал шийъалар тарихига оид айрим маълумотлар билан танишиб чиқсак мақсадга мувофиқ бўлади.

«Шийъа» сўзи луғатда «тарафкаш» маъносини англатади. Ислом оламида эса ҳазрати Алийга тарафкашлик оқибатида кўпчилик мусулмонлардан ажралиб, алоҳида йўл тутган тоифага айтилади. Аслида шийъа мазҳабининг келиб чиқишига сиёсий ихтилофлар сабаб бўлган.

Учинчи халифа ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу вафотларидан сўнг келиб чиққан қарама-қаршиликларнинг бир тарафида ҳазрати Алий ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу бўлдилар. У кишига тарафдор бўлганлардан баъзилари кейинчалик шийъа мазҳабини келтириб чиқардилар. Ҳазрати Алийнинг ўзлари бу гаплардан бехабар ўтганлар.

Хулоса шуки, шийъачилик аввалдан ўйлаб, режалаштириб тузилган ҳаракат ёки мазҳаб эмас, балки сиёсий тараф­кашлик оқибатида мухолиф тарафга зид ўлароқ аста-секин шаклланган бир мазҳабдир.

Тарихчилардан баъзилари бу мазҳабнинг бошланиш даври саҳобалар ўртасида содир бўлган машҳур «Сиффин» урушига тўғри келади, дейдилар. Кейинчалик шийъалар кўплаб фирқаларга бўлиниб кетган. Ҳозирги кунда Аҳли сунна вал жамоа мазҳабига муқобил ва яқин саналадиган, энг асосий шийъа мазҳаби «имомия» ёки «исна ашария» деб номланади, яъни улар ўн икки имомга эътиқод қиладилар, шунинг учун мазкур номни олганлар.

Уларни фиқҳий эътибордан имом Жаъфар Содиқнинг эргашувчилари бўлганлари учун «жаъфарийлар» ҳам дейилади.

Имомия мазҳабидаги шийъалар эътиқод қиладиган имомлар қуйидагилар:

  1. Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу.
  2. Ҳасан ибн Алий розияллоҳу анҳумо.
  3. Ҳусайн ибн Алий розияллоҳу анҳумо.
  4. Алий Зайнул обидийн ибн Ҳусайн.
  5. Муҳаммад Бокир ибн Алий Зайнул обидийн.
  6. Жаъфар Содиқ ибн Муҳаммад Бокир.
  7. Мусо Козим ибн Жаъфар Содиқ.
  8. Алий Ризо ибн Мусо Козим.
  9. Муҳаммад ал-Жавод ибн Алий Ризо.
  10. Алий Ҳодий ибн Муҳаммад Жавод.
  11. Ҳасан Аскарий ибн Алий Ҳодий.
  12. Муҳаммад Маҳдий ибн Ҳасан Аскарий.

Шийъаларнинг ўн иккинчи имоми, Муҳаммад Маҳдий тўрт ёки саккиз ёшида «Сорра ман раъо» деган жойда отасининг ҳовлисида бир ғорга ўхшаш жойга кириб кетган-у, бир куни қайтиб чиқади, деб эътиқод қилинади. Шунингдек, уларнинг ақийдаси бўйича, имомлик ягона диний раҳбарлик бўлиб, у аввалги имомнинг васияти ила кейинги имомга ўтади. Мисол учун, Пайғамбар алайҳиссалом ўзларидан кейин имомликни ҳазрати Алийга васият қилганлар, ўз навбатида ҳазрати Алий имом Ҳасан ва Ҳусайнга ва ҳоказо.

Шийъа мазҳабидаги мусулмонларнинг эътиқоди бўйи­ча, имом гуноҳлардан пок бўлади ва тўлиқ илм соҳиби бўлади. Уларнинг пайғамбардан фарқи ваҳий тушмаслигида, холос. Имомлар мўъжиза соҳиби ҳам бўладилар. Улар ҳар куни шом намозидан кейин имом Маҳдий кириб кетган деб эътиқод қилинадиган ғор оғзига бир уловни олиб бориб, то юлдузлар кўрингунча имомнинг исмини айтиб чақирадилар, сўнгра эртага қайтиб келамиз, деб тарқалишади. Улар имом чиқса, ер юзини адолатга тўлдиради, шийъаларнинг душманларидан ўч олади, деб эътиқод қиладилар.

Баъзи ҳаддан ошган шийъа тоифалари фаришта Жаброил алайҳиссаломни ҳам сўкадилар. Улар у зотни ваҳийни адашиб Алийга эмас, Муҳаммадга олиб тушган деб айблайдилар.

Муҳаррам ойининг биринчи ўн куни шийъалар учун мотам кунлари ҳидсобланади. Улар ўша кунлари имом Ҳасан, имом Ҳусайн ва бошқаларга мотам тутадилар. Улардан баъзи бир ҳаддидан ошган тоифадагиларининг эътиқоди бўйича ўша кунлари ким ўзини кўпрок қийнаса, шунча кўп савоб олади.

Имомия шийъаларининг асосий маркази Эрондир. Тарихчилар бунинг асл сабаби имом Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг Эрондан уйланишлари бўлган дейдилар. Шу туфайли сиёсий жанжалларда эронликлар имом Ҳусайн тарафини оладилар ва у кишини келиб, ўзларига раҳбарлик қилишга чорлашади. Имом Ҳусайн шу чақириққа биноан келаётиб, Карбалода шаҳид бўладилар. Шунингдек, имомия шийъалари Ироқ, Қувайт, Покистон ва Ливанда сезиларли даражада тарқалганлар.

Озарбойжон аҳолисининг кўпчилиги шийъадир. Шунинг­дек, Шимолий Қофқознинг Озарбойжон чегарасига яқин жойларида яшайдиган аҳоли ҳам шийъалардир. Ўзбекистонда Самарқанд ва Бухорода ота-боболари қадимда Эрон­дан келиб қолган шийъа мазҳабига мансуб кишилар яшашади. Уларнинг маҳаллий аҳолиси асли Эрондан бўлгани учун эронийлар ҳам деб атайдилар. Ҳозирги кунда ўзларининг масжидлари бор, баъзи китобларини ҳам чоп этдилар.

Охирги пайтларда сунний ва шийъий мазҳаблари орасида яқинлашиш ишлари бўйича фаолият олиб борилмоқда. Ҳар мазҳаб ўзининг таълимотларини тутиши билан ўзгани ҳурмат қилиш ва муштарак манфаатлар йўлида ҳамкорлик қилиш ҳаракатлари йўлга қўйилмоқда. Эронда «Исломий мазҳабларни яқинлаштириш» деб аталган катта муассаса ишлаб турибди. Ҳар йили илмий анжуманлар ўтказилмоқда.

Ҳозирги пайтда имомия шийъалари билан аҳли сунналар орасида муносабатларни яхшилашга ҳаракатлар бўлиб туриб­ди. Имомия мазҳабидаги шийъаларни кофир дейилмайди.

Асосий бахсимизга қайтсак, умавийлар даврида шийъ­алар томонидан доимий равишда қўзғалонлар уюштириб турилган. Бундай қўзғалонларнинг боиси шийъаларда умавийларга нисбатан адоват кучли бўлиб, уларнинг нияти умавийларни бутунлай йўқотиш ва бу билан барча мусулмонларни заифлаштиришга эришиш эди.

 

КАРБАЛО ФОЖИАСИ
(ҳижрий 61 йил 10 муҳаррам; милодий 680 йил 10 октябрь)

Ҳижрий 60 йилда халифа Муовия ибн Абу Суфён вафот этиб, ўрнига унинг амрига биноан ўғли Язид халифа бў­либ қолгач, Шом аҳли унга байъат қилди. Сўнг Язид ўзига байъат олиш учун Мадинага одам юборди. Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу билан Абдуллоҳ ибн Зубайр унга байъат қилишдан бош тортдилар ва ўша кечаси Мадинаи мунавварадан чиўиб, Маккаи мукаррама томон йўл олдилар.

Муовиянинг замонидаёқ Ироқ аҳли имом Ҳусайн розиял­лоҳу анҳуга мактуб ёзиб, у кишини ўзлари томон чорлашар, халифаликни талаб қилишга ундар эдилар. Язид ибн Муовияга байъат қилинганидан кейин имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу бир тўхтамга келолмай, узоқ ўйладилар: бир томондан ўз жойларида қолишни, яна бир томондан Ироқ аҳли томон юришни афзал кўрдилар. Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу У кишининг Ироққа боришлари тарафдори бўлса, Аб­дуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу бунга қарши бўлдилар. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу эса: «Сен кетма, Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга дунё ёки охиратни танлаш ихтиёрини берганида у зот охиратни ихтиёр қилганлар. Сен у зотнинг бир бўлагисан, дунёга ноил бўлмайсан», дедилар. Лекин имом Ҳусайн ро­зияллоҳу анҳу Ироқ сари йўлга чиқишга қарор қилиб бўл­ган эдилар. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу у кишини қучоқлаб, йиғлаб хайрлашдилар. Кейинчалик Ибн Умар розияллоҳу анҳу: «Ҳусайн бизнинг гапимизга кўнмай, чиқиб кетган эди», деб юрар эдилар.

Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу Куфа томонга отланиб турганларида ҳузурларига Амр ибн Абдурраҳмон ибн Ҳорис ибн Ҳишом келиб: «Менга Ироққа бормоқчи эканинг ҳақида хабар етди. Амирлари, омиллари ва байтулмоллари бор юртга боришинг мени хавфга солади. Одамлар дирҳам ва динорнинг бандаларидир. Сенга ёрдам беришни ваъда қилганлар сенга қарши жангу жадал қилиб қолишларидан қўрқаман», деди. Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу унга яхши муомала қилиб, қайтариб юбордилар.

Сўнг Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу келиб: «Ироққа бормоқчи эканинг одамларни хавотирга соляпти. Нима қилмокчисан ўзи?» деди. «Шу икки кун ичида йўлга чиқишга қарор қилдим», дедилар имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу. «Ундай қилишдан сени Аллоҳнинг Ўзи асрасин! Ал­лоҳ раҳмингни егур, менга айт-чи, амирларини ўлдириб, душманларини йўқ қилган, юртига эга чиқиб олган қавмнинг олдига бормоқчимисан?! Улар сени алдашидан, ёлғончига чиқаришидан, сенга хилоф қилишидан, сени ташлаб қочишидан, сенга қарши чиқишидан, ашаддий душман бўлиб қолишидан қўрқаман», деди Абдуллоҳ ибн Аббос.

Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу бу гапга жавобан: «Мен Аллоҳга истихора қиламан. Кейин нима бўлишига қарайман», дедилар.

Эртасига Абдуллоҳ ибн Аббос яна қайтиб келиб: «Эй амакиваччам! Шунча уринсам ҳам сабр қила олмаяпман. Шу кетишда кетаверсанг, ҳалок бўлиб, томиринг қуришидан қўрқяпман. Ахир Ироқ аҳли хиёнаткор қавм. Уларга зинҳор яқинлашма! Шу ерда туравер. Ахир сен Ҳижоз аҳлининг саййидисан. Агар Ироқ аҳли ўзлари даъво қилаётганларидек, сени хоҳлайдиган бўлсалар, уларга хат ёз, аввал омилларини ва душманларини қувишсин, кейин сен уларнинг олдига бор. Жуда чиқишинг керак бўлса, Яманга бор. У ерда қўрғонлар, даралар бор. Унинг ери кенг. У ерда отангнинг тарафдорлари бор. Ўзинг оммадан четроқда бўласан. Одамларга хат ёзиб юборасан, чорловчиларингни шу йўл орқали ёясан. Менимча, ана шунда офиятда турган ҳолингда ўзинг хоҳлаган нарсага эришасан», деди.

Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу У кишининг бу гапларини ҳам қабул қилмадилар. Шунда Абдуллоҳ ибн Аббос ро­зияллоҳу анҳу: «Агар борадиган бўлсанг, аёлларингни, ёш болаларингни олиб борма. Усмон қатл қилинганидек, сен ҳам аёлларинг ва болаларинг кўз ўнгида қатл қилинишингдан қўрқаман», деди.

У кишининг бу гаплари ҳам фойда бермади. Имом Ҳу­сайн розияллоҳу анҳу аёллари ва бола-чақалари билан йўлга тушдилар. Йўлда у кишига машҳур шоир Фараздак дуч келди. Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу ундан: «Одамлар қандай?» деб сўрадилар. «Одамларнинг қалби сен билан, қиличлари Бану Умайя билан. Қазо осмондан нозил бўлур, Аллоҳ хоҳлаганини қилур», деди Фараздак.

Сўнг имом Ҳусайн розияллоҳу анҳуга Абдуллоҳ ибн Жаъфар розияллоҳу анҳудан мактуб келди. У киши Аллоҳ иоми билан қасам ичиб, зинҳор юртдан чиқмасликни сўраган эдилар. У кишининг мактуби билан бирга Мадинанинг амири Амр ибн Саъиднинг омонлик хати ҳам бўлиб, ортга қайтишни сўраган эди. Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу йўлларида давом этавердилар.

Йўлда у кишига Абдуллоҳ ибн Мутийъ дуч келди. У имом Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг қаёққа кетаётганларини билгач, «Аллоҳнинг номи ила эслатаман, эй Расулуллоҳ қизининг ўғли! Ислом ҳурмати ўтиниб сўрайман, араблар ҳурмати, Ал­лоҳнинг номи ила ўтиниб сўрайман, бундай қилма! Аллоҳга қасамки, агар Бану Умайянинг қўлидаги нарсани талаб қиладиган бўлсанг, улар сени албатта ўлдиришади. Сендан кейин эса ҳеч кимдан тап тортмай қўйишади. Аллоҳга қасамки, Ис­лом ҳурмати, Қурайш ҳурмати, араб халқи ҳурмати, бундай қилма! Ўзингни Бану Умайяга тутиб берма!» деди.

Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу бу гапларга ҳам эътибор бермай, йўлларида давом этдилар. У киши ўз одамлари билан Саълабийя деган жойга етганларида Муслим ибн Ақийлнинг қатл қилингани ҳақида хабар келди. Баъзи кишилари: «Ал­лоҳ номи ила илтимос қиламиз, шу ердан ортингизга қай­тинг!» дейишди. Аммо Муслимнинг яқинлари бунга қарши чиқиб «Аллоҳга қасамки, ўчимизни олмагунча қўймаймиз. Ёки Муслим тотган нарсани биз ҳам тотамиз!» дейишди.

Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу одамлари билан юриб бориб, Батни Ақаба номли ерга тушдилар. Ўша ерда у ки­шига араблардан бир киши учраб: «Аллоҳнинг номи ила илтимос қиламан, ортингга қайт! Аллоҳга қасамки, найзаларнинг учига, қиличлар тиғига қараб кетяпсан! Анави сени чақирганлар сени жангга керакли нарсалар билан таъминлаганларида, ҳамма нарсани тайёрлаб қўйганларида, борсанг бўлар эди. Аммо ҳозир сен васф қилган ҳолатда зинҳор бориб бўлмайди! Ортингга қайт!» деди.

У кетганидан кейин Ҳар ибн Язид Тамимий бошлиқ минг нафар отлиқ келди. Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу уларга: «Эй одамлар, Аллоҳга ҳам, сизга ҳам узр! Мен сизлардан кўплаб мактублар олганим, элчилар кўрганим учун, улар «Бизнинг олдимизга кел, бизнинг имомимиз йўқ, шояд, Аллоҳ сен ила бизни ҳидоятга бошласа», деганлари учун келдим. Агар сизлар менга кўнглимни тўлдирадиган ваъда берсангиз, шаҳрингизга бораман, бўлмаса, келган еримга қайтиб кетаман», дедилар. Улар индашмади.

Бироздан кейин Ҳар: «Бизга агар сени учратсак, Куфага – Убайдуллоҳ ибн Зиёднинг олдига олиб боргунимизча сизлардан ажрамаслик амр қилинган», деди. Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу унга: «Бундан кўра ўлганинг яхши эмасми?!» дедилар. Сўнгра у киши ўз одамларини отланиб ортга қайтишга амр қилдилар. Ҳар эса уларнинг йўлини тўсди. Шунда имом
Ҳусайн розияллоҳу анҳу: «Онанг кўкингни кийгур, биздан нима истайсан?!» дедилар.

«Аллоҳга қасамки, бу гапни сендан бошқа араб айтганида, ким бўлишидан қатъи назар, онасини (ёмон сўз билан) зикр қилмай қўймас эдим. Аллоҳга қасамки, сенинг онангни яхшиликдан бошқа билан зикр қила олмайман», деди ва у кишининг Мадинага қайтиб кетмасликлари учун ҳамма чораларни кўрди.

Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу шимол томон юриб, Найнавога бордилар. Ўша ерда Ибн Зиёд уларга қарши юборган лашкар етиб келди. Ўша лашкарнинг бошлиғи Умар ибн Саъд одам юбориб: «Нима учун келдинг?» деб сўради. Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу: «Юртингизнинг одамлари мактуб ёзиб, келишимни сўрашди. Агар хоҳлашмаса, қайтиб кетаман», дедилар.

Умар бу ҳақда Ибн Зиёдга хат юборди. Шеърий услуб ила ёзилган хатда «Чангалимизга тушганда нажот топмоқчи, энди иложи бормикан?» деган маъно бор эди.

Ибн Зиёд: «Ҳусайнга Язидга байъат қилишни таклиф қил. Агар қабул қилса, ўйлаб кўрамиз, ундан ва одамларидан сувни тўсиб қўй», деб буйруқ берди. Имом Ҳусайн ро­зияллоҳу анҳу: «Менга имкон беринглар, келган жойимга қайтиб кетаман», дедилар. Улар: «Ибн Зиёднинг ҳукмига туш», дейишди. У киши бу гапни қабул қилишлари мумкин эмас эди. Урушдан бошқа илож қолмади.

Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу билан бирга келган эркаклар саксон кишидан ортмас эди. Жанг бошланди. Кўп ўтмай имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу ва у кишининг барча яқинлари қатл қилинди. Ироқликлардан саксон саккиз киши ўлди. Бу нобакорлик Карбалода содир бўлди.

Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳуни Синан ибн Авс ибн Амр ан-Нахаъий найза санчиб ўлдирган эди. У от устида туриб, ўз одамларидан Хавлий деган кишига: «Унинг калласини уз», деди. Хавлий имом Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг бошларини таналаридан узмоқчи бўлиб ҳаракат қилган эди, холсиз бўлиб, уза олмади. Синан ўзи отдан тушиб, каллани танадан узди. Бу мислсиз жиноят хижрий 61 йил жума куни бўлди. Ўша куни Ашуро кунига тўғри келган эди.

Жиноятчилар гуруҳи қолган шаҳидларнинг ҳам бошларини таналаридан ажратиб олишди. Сўнг каллаларни кўтариб, қизлар ва аёлларни ҳайдаб, Убайдуллоҳ ибн Зиёднинг олдига шошилишди. Мусибат ўтида ёнаётган қиз-аёллар имом Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг тирик қолган ягона ўғли Алий ибн Ҳусайнни кўтариб, фиғонлари дунёни тўлдириб боришар эди.

Нобакорлар ўз хўжайинларига яхши кўриниш мақсадида етмиш икки дона бошни бўлиб олиб, кўтариб боришарди.

  1. Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг бошларини Ҳувлий ибн Язид олиб борарди.
  2. Киндаликларга ўн учта бош теккан эди.
  3. Ҳавозинликлар йигирмата бошни олиб боришарди.
  4. Бану Тамим ҳам йигирмата бошга эга бўлган эди.
  5. Бану Асад еттита бошни кўтариб олган эди.
  6. Мазҳижликлар ўн битта бошни олишган эди.

Уларнинг раҳбарлари Шимр ибн Зилжувшан, Қайс ибн Ашъас, Амр ибн Ҳажжож ва Урва ибн Қайслар эди. Улар ана шундай ҳолда ўз бошлиқлари Убайдуллоҳ ибн Зиёд­нинг олдига кириб боришди.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ибн Зиёднинг олдида эдим. Бир пайт Ҳусайннинг бошини келтиришди. У қўлидаги чўп билан унинг бурнига ишора қилиб: «Бунингдек чиройни кўрмаганман», деди. «У ўшаларнинг ичида Расулуллоҳ соллал­лоҳу алайҳи васалламга энг ўхшагани эди», дедим».

Имомлар Бухорий ва Термизий ривоят қилишган.

Ўша ерда бошқа бир саҳоба – Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳу ҳам бор эдилар. У киши қонхўр Убайдуллоҳ ибн Зиёдга: «Ол чўпингни! Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша сенинг чўпинг тегиб турган жойдан ўпганларини кўрганман!» деб бақириб, сўнг бор овозлари билан ҳўнграб йиғлаб юбордилар.

Ибн Зиёд у кишига: «Аллоҳ кўзингни йиғига тўлдирсин! Агар мункайиб, ақли кетиб қолган чол бўлмаганингда, бўйнингни чопардим», деди.

Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳу кетганларидан кейин одамлар ичида шивир-шивир гап бошланди. Улар: «Аллоҳга қасамки, Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳу бир гап айтдики, Ибн Зиёд эшитганда, уни ўлдирар эди», дейишди.

«Нима деди?» деб сўради бирови.

«Эй араблар, сизлар бугундан бошлаб қул бўлдиларинг! Фотиманинг ўғлини ўлдирдиларинг! Маржонанинг ўғлини ўзингизга амир қилдиларинг! У бўлса сизнинг яхшингизни ўлдириб, ёмонингизни қул қилмоқда. Йўқолсин хорликка, орга рози бўлганлар!» деди», дейишди.

Ҳар қандай золим жазосини тортмай қолмайди. Кўп ўтмай, золим ва фосиқ Убайдуллоҳ ибн Зиёд ҳам қилмишига яраша жазосини тортди. Ҳижрий 66 йилнинг зулҳижжа ойида Мухтор Сақафийнинг амрига биноан Иброҳим исмли лашкарбоши Жозир деган жойда Ибн Зиёд ва унинг одамларини ўлдириб, каллаларини узди ва товоққа солиб, бошлиғининг олдига олиб борди. Уларнинг бошлари Мухтор Сақафийнинг олдига ташланди. Шунда бир кичик илон келиб, Ибн Зиёднинг оғзига кириб кетди ва бир оз ўтиб, бурнидан чиқди. Кейин бурнидан кириб, оғзидан чиқди. Илон тинмай унинг ҳали оғзидан, ҳали бурнидан кириб-чиқаверди. Сўнг жиноятчиларнинг бошлари Маккага, Ибн Зубайр розияллоҳу анҳуга юборилди ва улар ўша ерда кўчага осиб қўйилди. Ибн Зиёд ва унинг шерикларининг мурдаларини эса Аштар куйдириб ташлади.

Шунингдек, имом Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг қатлларида ҳозир бўлганларнинг ҳаммаси ҳам бу дунёдан хору зор бўлиб ўтишган. Ҳатто уларнинг зурриётлари ҳам доимий равишда хорликда ўтганини тасдиқловчи ривоятлар тарих китобларимизда кўп учрайди.

Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу ва у зотнинг яқинларининг вахшиёна ўлдирилиши бутун Ислом оламини дахшатга солди. Бану умайяликлардан нафратланиш, ироқликларни сўкиш оддий бир холга айланиб қолди. Ҳатто рахбарлар ўзларини оқлаш учун гумашталарини жазолашга ҳам ўтишди. Мусулмон оламининг имом Ҳусайн розияллоҳу анҳуга бўлган чексиз муҳаббати уларни хавф-хатар остида қолдирган эди.

Бу улкан жиноят содир бўлганда дунё мусулмонларнинг кўзига бошқача кўриниб қолди. Бу ҳақда ҳар хил ривоятлар жуда кўп. Айниқса, имом Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг ўлдирилишлари тафсилоти кишининг юрагини қон қилмай қўймайди.

Эҳтимол, шунинг учундир, буюк аллома Жалолиддин Суютий «Тарихи хулафо» номли китобларида: «Унинг (имом Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг) қатл этилиш баёни узоқдир. Уни зикр қилишни қалб кўтара олмайди», деб ёзганлар.

Ушбу фитна энг оз деганда одамларнинг ўртасида тафриқа бобини кенг очди ва минглаб, миллионлаб мусулмон­ларнинг бошига офат келтирди. Мана шу фитнанинг эшиги ҳозиргача очиқ турибди. Мусулмонлар бундан катта зарар кўрдилар ва зарар кўришда давом этмоқдалар.

 

ҲАРРА ВОҚЕАСИ ВА МАДИНАНИ МУБОҲ САНАШ
(ҳижрий 63 йил зулҳижжа; милодий 683 йил август)

Карбалонинг хабари Мадинага етиб борди. Шунда Аб­дуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу Язидни халифа эмас деб эълон қилди ва одамлардан ўзига байъат қилишларини сўради. Мадина аҳли у кишига байъат қилди.

Шундан кейин Язид Ҳижозга бошқа волий тайинлади. Мадинада Язид ҳақида гап кўпайди. Язид уларга Нўъмон ибн Баширни юбориб, огоҳлантирди, итоатга чақирди. Улар бундан бош тортиб, Язидни ишдан бўшатганларини эълон қилдилар ва Абдуллоҳ ибн Ҳанзалага байъат қилишди. Улар Язид тайинлаган янги волий Усмон ибн Муҳаммад ибн Абу Суфёнга қарши чиқишди. Бану Умайяни Марвон ибн Ҳакамнинг ҳовлисида қамал қилишди.

Язидга бу хақда хабар етиб келгач, Муслим ибн Уқба раҳбарлигида Мадинага лашкар юборди. У ўз лашкари билан Мадина шаҳрининг шарқий тарафидаги Дарра – қора тошлар минтақасига келиб, Мадина аҳлига уч кун муҳлат берди. Сўнг Мадинага кириб бориб, у ернинг муқаддаслигини, ҳарамлигини ўзларича бекор қилишди. Юзлаб саҳобаларни, уларнинг фарзандларини қатл қилишди. Бу машъум ҳодиса ҳижрий 63 йил зулҳижжа ойининг охирларида юз берди.

Сўнг Муслим ибн Уқбанинг лашкари Макка сари йўл олди. Йўлда Муслим ибн Уқба вафот этди. Унинг ўрнига Язид Ҳусайн ибн Нумайрни тайинлади.

Макка ва Ҳижознинг барча аҳли Абдуллоҳ ибн Зубайрга байъат қилишган эди. У киши ўз одамлари билан шомликларга қаттиқ қаршилик кўрсатди. Яқинларидан кўпчилик ҳалок бўлди. Язиднинг одамлари Маккаи мукаррамани қа­мал қилишди. Ҳижрий 64 йил рабиъул аввал ойида Байтуллоҳни манжаниқ билан тошга тутишди ва ўт қўйишди.

Макканинг қамали давом этиб турган пайтда, 14 рабиъул аввалда Язиднинг ўлгани ҳақида хабар келди. Умавийларнинг лашкарбошиси Ҳусайн ибн Нумайр Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳуга байъат қилди. У кишини Шомга бориб раҳбарлик қилишга чорлади. Лекин Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу бу таклифни қабул қилмади. Умавийларнинг қўшини Шомга қайтиб кетди.

Язиднинг вафоти

Язид ҳижрий 64 (милодий 683) йил рабиъул аввал ойида вафот этди. Унинг халифалиги тўрт йил давом этди.


ИККИНЧИ МУОВИЯ ИБН ЯЗИД
(ҳижрий 64 йил; милодий 683 йил)

Язид ибн Муовиянинг ўлимидан кейин халифаликни унинг ўғли – Иккинчи Муовия ибн Язид эгаллади. Унинг халифалиги фақат 40 кун давом этди, холос. Сўнг беморлиги, заифлиги сабабли халифаликдан воз кечди. Уйида узлат қилиб ўтириб олди ва уч ойдан кейин вафот этди. Мана шу ерда умавийлар халифалиги вақтинчалик узилиб қолди.

 

Кейинги мавзулар:

Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг халифалиги;
Мухтор Сақафий ҳаракати;
Умавийлар халифалигининг қайта тикланиши;
Абдурраҳмон ибн Ашъас ҳаракати.