Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. Бундан ташқари саҳобаи киромлар, улуғ олимлар, Яқин Шарқ, Осиё, Европа ва Америка мутафаккирларининг бир қатор фикрлари ҳам берилган.
*****
Баъзи фақирларни биламан. Уларнинг пулдан бошқа нарсалари йўқ.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Шундай инсонлар борки, хорижда таълим олишади. Касал бўлишса, хорижда даволанишади. Саёҳатга ҳам хорижга чиқишади. Уларнинг юрт ичида қиладиган ягона ишлари – Ватанга хиёнат қилиш, унинг молини ўғирлашдир.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Ахлоқнинг асоси – ёлғондан бутунлай тийилишингдир.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Ким асоссиз ҳолда яшаса, шарафсиз ҳолда ўлади.
Анис Мансур
*****
Хоҳ ҳозир бўлсин, хоҳ кейин, барча одамлар қилган ишларининг бадалини тўлайдилар.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Ҳатто муздан покроқ ва қордан тозароқ бўлсанг ҳам, чақимчиликдан қочиб қутулолмайсан.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Ҳақиқий юз деб ўйлаб юрганларимизнинг юзларидан ниқобнинг тушишидан кўра оғриқлироқ нарса йўқ.
Иброҳим Фиқий
*****
Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи
Нозимжон Иминжонов
Cавол: Масжидимиз уч томонидан қабристон билан ўралган. Баъзи танишларим қабристон ичида жойлашган масжидда намоз ўқиб бўлмайди, деб жамоат намозига, масжидга чиқишмайди. Уларни шу ишлари тўғрими? Қабристонга қўшни масжидда намоз ўқиб бўлмайдими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Агар масжид деворлар билан ўралган ёки бошқа бирор тўсиқ бўлиб қабристон ташқарида қолган бўлса, намоз ўқиш макруҳ бўлмайди. Бу ҳолатда бемалол намоз ўқиш мумкин. Аммо ўртада бирор тўсиқ бўлмаса намоз ўқиш макруҳ бўлади. Бу ҳақида мўътабар фиқҳ китобларимизда Бундай дейилади:
“Агар қабристонда намоз учун жой тайёрланган бўлиб у жойда қабр ҳам нажосат ҳам бўлмаса, намоз ўқишнинг бирор зарари йўқдир” (“Раддул муҳтор” китоби).
“Уламолар қабрга қараб намоз ўқиш макруҳлиги тўғрисида сўз юритиб, айримлари: “Макруҳлик сабаби бу ишда аҳли китобларга ўхшашлик бор”, баъзилари “Қабристонда маййитлар суяги бор бўлиб, улар нопок ва нажосатдир”, деганлар.
Уламолар айтган бу макруҳлик – намоз ўқиётган билан қабристон ўртасида девор ёки бирор тўсиқ бўлмаган ҳолатда бўлади. Агар девор ёки тўсиқ бўлса, намоз ўқиш макруҳ эмас.
Девор ажратувчи бўлади. Агар намоз ўқувчи билан қабрлар ўртасида бирор тўсиқ бўлмаса, жамоат масжидларида қабр тарафга юзланиш макруҳ бўлади” (“Ал-Муҳийт ал-Бурҳоний” китоби).
Замондош олимларимиз томонидан ёзилган мўътабар манбаларда ҳам ушбу масалага қуйидагича хулоса қилинган:
Ҳанафийлар: “Қабристонда агар қабр намоз ўқиётган киши олдида бўлиб, намозхон хушу билан намоз ўқиётганида (яъни, кўзи сажда жойига қараганда ҳам) кўзи қабрга тушадиган даражада бўлса (яъни бирор тўсиқ бўлмаса), намоз ўқиш макруҳ ҳисобланади”.
Агар қабр намозхоннинг тепаси, усти ёки остида бўлса, бу ҳолда кароҳият йўқдир. Бу худди нажосат ва нопок нарсалардан холи, намоз учун тайёрлаб қўйилган жойда намоз ўқиш макруҳ бўлмагани кабидир”, деганлар (“Ал-фиқҳул исламий ва адиллатуҳу” ва “Ал-фиқҳу алал мазаҳибил арбаъа” китоблари).
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, қабристонга қўшни масжидларда намоз ўқиш жоиз. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидлари бунга энг катта далилдир. Чунки ушбу масжид ҳам қадимдан “Бақиъ” қабристони билан ёнма-ён жойлашган. Расули акрам алайҳиссаломнинг муборак қабрлари ҳам масжид билан туташ. Шунга қарамай ҳозирга қадар бирорта уламо “Масжиди Набавий”да намоз ўқиб бўлмайди, деган даъвони қилгани йўқ. Қолаверса, шариатимизда қабристон атрофига масжид қуришдан қайтарилмаган. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази