Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган:
مَثَلُ الَّذِينَ اتَّخَذُوا مِن دُونِ اللَّهِ أَوْلِيَاء كَمَثَلِ الْعَنكَبُوتِ اتَّخَذَتْ بَيْتاً وَإِنَّ أَوْهَنَ الْبُيُوتِ لَبَيْتُ الْعَنكَبُوتِ لَوْ كَانُوا يَعْلَمُونَ
“Аллоҳни қўйиб, ўзга дўстлар тутганларнинг мисоли ўзига уй тутган ўргимчакка ўхшайди. Ҳолбуки, энг заиф уй ўргимчакнинг уясидир. Кошки билсалар эди”. (Аллоҳдан ўзганинг йўлини тутганлар, унинг уйидан ўзга уйда яшашни ихтиёр қилганлар ўзларининг ўргимчак уясида яшашни ихтиёр қилаётганларини кошки билсалар эди. Уларнинг тузган тузумлари худди ўргимчак уясига ўхшаб, ўта нимжон эканини билсалар эди. Такаббурликлари ила Аллоҳ қуриб берган улуғвор қасрни инкор этиб, ўргимчак уясида яшашни ихтиёр қилаётганларини билсалар эди. Бу ҳақиқатни биладиларми, билмайдиларми — уларга фарқи йўқ.) (Анкабут сураси, 41-оят).
Аллоҳ таоло бу оятда Ўзидан бошқаларни дўст тутиб, улардан ёрдам сўраб, бошқаларга сиғиниб, Унга ширк келтирганларга ўргимчак уясини зарбулмасал қилиб келтирмоқда.
Ўргимчак инининг заифлиги нимада кўринади?
Ўргимчак ин қуриб, ўша инида яшайди, уни ҳимоя қилади. Аммо ушбу ин уни иссиқ-совуқдан, ёмғир-қордан ва бирорта душмандан ҳимоя қилолмайди.
Ўргимчак уяси ҳақида бир неча илмий ҳақиқатлар бор.
Эркак ўргимчак уя қура олмайди. Уяни фақат урғочи ўргимчак тўқийди. Унинг қорнида ип йигирув аъзоси бўлиб, бундай аъзо эркак ўргимчакларда йўқ.
Урғочи ўргимчак вояга етиб, кўпайиш пайти яқинлашганда, ин тўқишни бошлайди. Ушбу ин эркак ўргимчакни ўзига жалб этиш воситаси ҳисобланади. У ўз уясини ўта сезувчан бўлиши учун геометрик шаклда, режали тарзда, катакли қилиб тўқийди. Натижада бундай уя ташқаридаги бирор ҳаракатни дарҳол сезадиган, товуш тебранишлари таъсирида титрайдиган бўлади. Уясини тўқиш жараёнида унга ёпишқоқ елим модда қўшиб юборади. Бу эса уянинг ёнидан учиб ўтаётган бирор ҳашаротнинг унга ёпишиб қолишига ва чиқиб кета олмаслигига хизмат қилади. Ҳа, бу уя ўлжалар учун кишан вазифасини ўтайди. Бир четда кузатиб турган урғочи ўргимчак уясига илинган ўлжа олдига келади-да, уни паққос туширади.
Урғочи ўргимчак эркагидан уруғланиб, жуфтлашиш босқичи якунлангач, жуфтига ҳужум қилиб, уни ўлдириб, паққос туширади-да, кейин узоқроқ ва тинчроқ жойга кетади. Бундай ҳужум ўргимчаклар ҳаётида доим содир бўлади. Чунки тухумларнинг пишиб-етилишида эркак ўргимчак тўқималарининг ўрни жуда муҳимдир.
Уянинг заифлиги фақат ҳиссий бўлиб қолмай, балки маънавий, ижтимоий томондан ҳам заифдир. Зеро, ушбу уя эркак ўргимчак учун омонлик маскани бўлиб кўринади. Аммо унинг ҳалок бўлиши шу уяда содир бўлади. Унинг учун бу уй чинакам омонлик ва хавфсизлик маскани бўла олмайди.
Ҳа, бу уй дунёдаги энг заиф уйдир. Барча жонзотлар мустаҳкам, пишиқ уйлар қуради. Аммо ўргимчак шамол, ёмғир ва бироз таъсир натижасида бузилиб кетадиган уй қуради.
Сувда яшайдиган ўркимчаклар сувнинг сатҳида ҳаво пуфакчасини ҳосил қилиб, ўшанинг ичига ин қуради. Бундай уй арзимаган таъсир сабабли бузилиб кетади.

Баъзида ўргимчаклар янги ипак ишлаб чиқариш учун ўз уясини ейди. Она ўргимчак жуфтини, болаларини, ҳатто ака-ука, ота-онасини ҳам ейди. Уларнинг ҳаёти мана шундай тарзда кечиб, ижтимой жипслик йўқ.
Ўргимчакларнинг бошқа ҳашаротлардан фарқи шуки, улар ёлғиз яшайди. Уларда жамоа бўлиб яшаш шаклланмаган. Ўргимчакларда чумоли, асалари каби ўзаро ҳамкорлик, бир-бирига ёрдам бериш, қабиласи, оиласи учун ўзини қурбон қилиш деган тушунчалар йўқ.
Ер юзида 37 000 турдаги ўргимчак бор. Аммо олимлар ҳалигача уларнинг ипига ўхшаш ип ишлаб чиқара олмаяптилар. Ўргимчак кучли муҳандисларни ҳам ҳайратда қолдирадиган шаклда уй қуради.
Ўргимчаклар узоқни кўра олмайди. Улар нари борса бир неча сантиметрни кўриши мумкин. Аммо моҳир овчидир. Ўргимчаклар йиртқич ва кўпи заҳарли ҳашарот бўлиб, яқинига келган ҳашаротга заҳрини сочиб, овлайди.
Ўргимчаклар орасида “қора бева” деган тури бор. Эркаги билан қўшилгандан кейин дарҳол уни еб қўйиб, ўзи бева қолгани учун шундай ном билан аталган. Бу ўргимчак дунёдаги энг заҳарли турларидан бўлиб, раҳм-шафқат нималигини билмайди.

Юқорида ўргимчак танасида ип ишлаб чиқарадиган аъзоси борлигини айтгандик. Мазкур ип ўргимчак танасидаги махсус оқсиллар орқали ишлаб чиқарилади. Ип ташқарига чиқаётган пайтда суюқ бўлади, ҳаво билан тўқнашгач, қаттиқлашади. Уясини тўқишдан олдин худди архитекторларга ўхшаб, аввал унинг чизмасини чизиб чиқади, аниқроғи, олдин тўрнинг четларини тўқийди.
Ўргимчак ипининг қалинлиги 0.004-0.001 мм (яъни миллиметрнинг мингдан бир ва мингдан тўрт улушича) бўлиб, инсон соч толасидан 10-30 мартагача ингичка экан. Буни тасаввур қилиш учун тикувчиликда ишлатиладиган оддий ип билан йўғон арқонни солиштириб кўринг. Шунингдек, ўргимчак ипи пахтадан анча енгилдир.
Тайёр бўлган ўргимчак тўри ўзига нисбатан жуда узун бўлади. унинг бўйига нисбатан тўқиган уясининг узунлигини солиштирадиган бўлсак, ўртача 1.70 см бўлган одам 150 метр баландликдаги уйни қуриши билан тенгдир. Агар инсон 150 метрли уй қурмоқчи бўлса, унга бир неча йиллаб вақт сарфлайди. Ўргимчак эса ўз инини бир соатдан кўпроқ вақтда тўқийди.

Соҳа мутахассисларининг айтишича, ўргимчак ипи дунёдаги энг пишиқ ва мустаҳкам ип бўлиб, агар ушбу ипни диаметри 60 миллиметрли қилиб ишлаб чиқарилса, у устма-уст тахланган 150 та машинани кўтара олади.
Ҳарбий соҳада ишлатиладиган зирҳли ҳимоя нимчалари (бронежилетлар) ўта пишиқ модда бўлган кевлардан олинади. Бу модда −196°C паст ҳароратга қадар ўзининг куч ва эластиклигини сақлаб туради. Шунингдек, бу модда 150°C иссиқ ҳароратда қуввати пасайишни бошлайди. 160°C даражада 500 соат ичида унинг кучи 10-20 фоизга камаяди. 250°C даражада кевлар 70 соат мобайнида кучининг 50 фоизини йўқотади. Ҳарорат 430—480 °C бўлганда эса, парчаланади.
Аммо ўргимчак ипи пўлатдан беш марта, ушбу кевлардан ўн марта пишиқроқ ва чидамлироқдир. Ундан тайёрланган зирҳли ҳимоя нимачаси – бронежилет анча енгил ва ўта чидамли бўлади.
Ҳозирги пайтда катта-катта майдонларда ўргимчак боқилиб, уларнинг ипини олиш йўлга қўйилган.
Шунингдек, ўргимчак ипи авиасозликда ҳам кенг қўлланилади.
Шунга қарамай у мана шу пишиқ ипдан ўта заиф уй қуради. Ҳа, уйнинг ўзи кичик бир таъсирга ҳам дош беролмайдиган даражада заиф, аммо унга ишлатилган ип ўта пишиқ ва мустаҳкамдир.
Юқоридаги оятни яна бир бор келтирсак:
مَثَلُ الَّذِينَ اتَّخَذُوا مِن دُونِ اللَّهِ أَوْلِيَاء كَمَثَلِ الْعَنكَبُوتِ اتَّخَذَتْ بَيْتاً وَإِنَّ أَوْهَنَ الْبُيُوتِ لَبَيْتُ الْعَنكَبُوتِ لَوْ كَانُوا يَعْلَمُونَ
“Аллоҳни қўйиб, ўзга дўстлар тутганларнинг мисоли ўзига уй тутган ўргимчакка ўхшайди. Ҳолбуки, энг заиф уй ўргимчакнинг уясидир. Кошки билсалар эди”. (Аллоҳдан ўзганинг йўлини тутганлар, унинг уйидан ўзга уйда яшашни ихтиёр қилганлар ўзларининг ўргимчак уясида яшашни ихтиёр қилаётганларини кошки билсалар эди. Уларнинг тузган тузумлари худди ўргимчак уясига ўхшаб, ўта нимжон эканини билсалар эди. Такаббурликлари ила Аллоҳ қуриб берган улуғвор қасрни инкор этиб, ўргимчак уясида яшашни ихтиёр қилаётганларини билсалар эди. Бу ҳақиқатни биладиларми, билмайдиларми — уларга фарқи йўқ.) (Анкабут сураси, 41-оят).
Аллоҳ таоло бу оятда “ўзига уй тутган” маъносини ифода қилувчи اتَّخَذَتْ (иттахозат) феълини аёл жинси (женский род) сийғасида келтирган. Фақат урғочи ўргимчаклар ин қуришини, эркакларида бундай қобилият йўқлигини айтиб ўтдик. Яна оятда “энг заиф уй ўргимчакнинг уясидир” дейилган. Заифлиги қай даражада эканини юқорида айтиб ўтдик.
Энди савол: “Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам 1400 йил аввал ўргимчакларнинг фақат урғочиси ин уя солишини, уларнинг уяси дунёдаги энг заиф уя эканлигини қаердан билган эканлар?” Албатта, Аллоҳ таоло у кишига бу илмий ҳақиқат ҳақида хабар бергандир. Мазкур илмий ҳақиқатларнинг 14 аср олдин Қуръони Каримда баён қилиниши Қуръон Аллоҳнинг нозил қилган каломи эканига аниқ ва яққол далилдир!
Доктор Муҳаммад Ротиб Набулсий, Абдуддоим Каҳел ва бошқа интернет маълумотлари асосида
Нозимжон Иминжонов тайёрлади
Бугун вилоятимизда туризм соҳасидаги асосий мақсадлардан бири сайёҳлар сонини кўпайтириш билан бирга, уларнинг ҳудудда қолиш муддатини узайтириш ва сифатли хизматлар билан таъминлашдан иборат, дейди Самарқанд вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Шербек Бўронов.
Унинг айтишича, йилнинг биринчи ярим йиллигида Самарқандга 3,4 миллион нафардан ортиқ хорижий ва 4,7 миллион нафар маҳаллий сайёҳ келди.
“Туристларнинг ташриф давомийлиги ўртача 3 кунга етди. Бу аввалги даврга нисбатан 0,5 кунга кўпдир. Шунингдек, бир нафар сайёҳнинг ўртача харажати 400 долларни ташкил этиб, 70 фоизга ошди. Бунинг натижасида туризм хизматлари экспорти ҳажми 578,1 миллион долларга етди ва ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 144 фоиз ўсиш таъминланди”, - Бўронов сўзидан иқтибос келтиради “Зарафшон” нашри.
Унинг фикрига кўра, Самарқанднинг туристик салоҳиятида зиёрат туризми алоҳида ўрин тутади. “Зеро, буюк алломалар ҳаёти ва илмий мероси билан боғлиқ муқаддас қадамжолар йиллар давомида дунёнинг турли мамлакатларидан келувчи меҳмонларни ўзига жалб этиб келмоқда. Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасининг тўлиқ фойдаланишга топширилиши мазкур йўналишда янги имкониятлар яратди. Мажмуа кунига 65 минг нафар зиёратчини қабул қилиш қувватига эга бўлди. Охирги уч ой давомида зиёратгоҳга 2,8 миллиондан зиёд меҳмон ташриф буюрди”, - ўз сўзини якунлади Самарқанд вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати