Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
19 Ноябр, 2024   |   18 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:54
Қуёш
07:16
Пешин
12:13
Аср
15:19
Шом
17:03
Хуфтон
18:20
Bismillah
19 Ноябр, 2024, 18 Жумадул аввал, 1446

Нишонга урилган гаплар: “Эй, Роббим! Мени ва ота-онамни мағфират этгин!” деган дуони кўп қилинг!”

7.02.2019   3830   3 min.
Нишонга урилган гаплар: “Эй, Роббим! Мени ва ота-онамни мағфират этгин!” деган дуони кўп қилинг!”

Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. Бундан ташқари саҳобаи киромлар, улуғ олимлар, Яқин Шарқ, Осиё, Европа ва Америка мутафаккирларининг бир қатор фикрлари ҳам берилган.

*****

“Эй, Роббим! Мени ва ота-онамни мағфират этгин!” деган дуони кўп қилинг! Чунки, бу дуо ўзида учта ибодатни жамлайди:

- дуони;

- ота-онага яхшиликни;

- истиғфорни.

“Ховатир роқия журнали”

*****

  • Ким айбсиз дўст хоҳласа, ёлғиз яшайди.
  • Ким нуқсонсиз жуфт хоҳласа, бўйдоқ яшайди.
  • Ким муаммоларсиз қадрдон хоҳласа, ўшандай қадрдонни излаб ўтади.
  • Ким комил қариндош хоҳласа, қариндошларидан алоқани узган ҳолда яшайди.

“Ховатир роқия журнали”

*****

Агар «Деворнинг ҳам қулоғи бор» деган мақолни «Фариштанинг қалами бор» деган гапга алмаштирсак, одамлардан эмас, Аллоҳ таолодан қўрқиб, гуноҳдан тийиладиган ва Унинг Ўзидан умид қиладиган авлод етишиб чиққан бўларди.

«Ховатир роқия журнали»

*****

  • Уламоларнинг ёнида ақлинг билан ўтир.
  • Раҳбарларнинг ёнида илминг билан ўтир.
  • Дўстларнинг ёнида одобинг билан ўтир.
  • Оила аъзоларинг ёнида меҳринг билан ўтир.
  • Нодонларнинг ёнида ҳалимлигинг билан ўтир.
  • Ҳар бир жойнинг муносиб гапи бор.

«Ховатир роқия журнали»

*****

  • Оқила аёл эрига айтадиган ҳар бир гапига шакар қўшиб гапиради.
  • Оқила аёл эрига айтадиган ҳар бир гапидан тузни олиб ташлаб гапиради.

“Ховатир роқия журнали”

*****

Тўрт киши борки, уларни ҳаётингда йўқотиб қўйишдан эҳтиёт бўл:

  1. Ғазабланганингда сенинг гап-сўзларингга чидаган инсонни;
  2. Йўқлигингда сени ғийбат, ҳақорат ва бошқа нарсалардан ҳимоя қилган инсонни;
  3. Сиқилган пайтингда сени хурсанд қилишга уринган инсонни;
  4. Мағлуб бўлганингда сенга ёрдам берган инсонни.

“Ховатир роқия журнали”

*****

БЕШ ТОИФА ОДАМ УЙЛАНИШГА, ОИЛА ҚУРИШГА ЯРОҚЛИ ЭМАСЛАР:

  1. ДИНДОРЛИГИ КАМ.
  2. АХЛОҚСИЗ.
  3. БАХИЛ.
  4. АЁЛЛАРГА КЎЗ ОЛАЙТИРАДИГАН.
  5. ФЕЪЛ-АТВОРИ, ХАРАКТЕРИ ЁМОН.

“ХОВАТИР РОҚИЯ ЖУРНАЛИ”

*****

Фақирлар бойлардан кўра кўпроқ қўли очиқроқ, сахийроқ бўлишади. Чунки, улар эҳтиёж сезгиси нималигини жуда яхши билишади.

“Ховатир роқия журнали”

*****

- Менга жаннатнинг неъматларини васф қилиб бер, деди.

- У ерда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам борлар, деди.

“Ховатир роқия журнали”

*****

Ҳаётингдаги муҳим шахс - сен унинг борлигини ҳис қиладиган эмас, балки, сен унинг йўқлигини ҳис қиладиган шахсдир.

“Ховатир роқия журнали”

*****

Эй Роббим! Бизни раҳмат назаринг билан қараб, раҳм қилган, дуоларини эшитиб, ижобат қилган бандаларингдан айла!

Эй Роббим! Бизни, шукридан ожиз қоладиган неъмат билан ризқлантир! Бизни, сабридан ожиз қоладиган мусибат билан имтиҳон қилма!

«Ховатир роқия журнали»

*****

 

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

Нозимжон Иминжонов

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Гуноҳ қилган ҳар бир мусулмон...

19.11.2024   216   3 min.
Гуноҳ қилган ҳар бир мусулмон...

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Саҳифасида кўп истиғфор топган кишига тубо – жаннат бўлсин», дедилар (Ибн Можа ривояти).

2. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Нафсим қўлида бўлган Зот ила қасамки, агар гуноҳ қилмасангиз, Аллоҳ сизларни кетказиб, ўрнингизга гуноҳ қилиб, истиғфор айтадиган бир қавмни келтирур ва уларни мағфират қилур», дедилар (Муслим ва Аҳмад ривояти).

3. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қайси банда гуноҳ қилиб, сўнгра таҳорат қилса, таҳоратини мукаммал қилса, сўнг туриб икки ракъат намоз ўқиса, кейин ўша гуноҳига истиғфор айтса, Аллоҳ албатта уни кечиради», дедилар (Аҳмад, Насоий ва Термизий ривояти).

 4. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша розияллоҳу анҳога қараб: «Агар бир гуноҳ билан аламлансанг Аллоҳга истиғфор айт ва тавба қил. Албатта гуноҳдан тавба надомат ва истиғфор айтишдир» дедилар (Байҳақий ривояти).

5. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлолари Зайддан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким «Астағфируллоҳаллазий лаа илаҳа иллаа ҳувал ҳаййул қоййуму ва атуубу илайҳ» деса, ҳатто жангдан қочган бўлса ҳам, унинг гуноҳлари кечирилади», дедилар (Абу Довуд ривояти).

Маъноси: Ўзидан ўзга илоҳ йўқ, Ҳаййул Қоййум бўлган Аллоҳга истиғфор айтаман ва У Зотга тавба қиламан.

6. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Гуноҳ қилган ҳар бир мусулмон яхшилаб таҳорат қилиб, икки ракъат намоз ўқиб, сўнгра истиғфор айтса, албатта, Аллоҳ уни кечиради», дедилар ва ушбу оятни ўқидилар: «Ва фаҳш иш ёки ўзларига зулм қилиб қўйганларида Аллоҳни эслаб, гуноҳларини мағфират қилишини сўрарлар» (Оли Имрон сураси, 135-оят) (Термизий ривояти).

7. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Бир мажлисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Роббиғфирлий ва туб ъалайя, иннака антат тавваабур роҳийм» деб юз марта айтганларини санаганмиз» (Абу Довуд ривояти).

Маъноси: Роббим! Мени мағфират қил, тавбамни қабул қил, ахир Сен тавбаларни қабул қилувчисан, раҳмлисан.

8. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимни (амал) саҳифаси хурсанд қилишини яхши кўрса, бас, унда истиғфорни кўпайтирсин», дедилар (Байҳақий ривояти).

9. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитганман: «Аллоҳ табарока ва таоло шундай дейди: «Эй Одам боласи! Модомики Менга дуо қилар экансан, Мендан умидвор бўлар экансан, Мен сендаги жамики нарсани мағфират қиламан, парво қилмайман. Эй Одам боласи! Агар гуноҳларинг осмоннинг тепасига етган бўлса ҳам, кейин Менга истиғфор айтсанг, сени мағфират қиламан, парво қилмайман. Эй Одам боласи! Менга ер юзи тўла гуноҳ билан рўбарў келсанг ҳам, Менга ширк келтирмаган ҳолда Менга йўлиқсанг, Мен сенга уни (ерни) тўлдирадиган мағфират билан рўбарў келаман» (Термизий ривояти).

Анвар Турсунов
«Ҳилол» журнали 4 (61) сон

Мақолалар