frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

«Навоий – буюк Ислом шоири»

05.02.2019   7460   9 min.
«Навоий – буюк Ислом шоири»

Ҳазрат Навоий ўз ижоди учун танлаган  тил ўзбек тили бўлгани эътиборидан ўзбек шоири, ўзбек шеърияти мулкининг султони ҳисобланади. Аммо у кишининг асарларининг асл манбаларига назар солинса, уларнинг булоғини суриштирилса, «Навоий – буюк Ислом шоири» экани аниқ равшан бўлади.

Шоирнинг обрўси шу қадар юқори эдики, ҳунармандлар ўз маҳсулотларининг бозоргир бўлиши учун Навоийнинг номи билан атар эдилар.

Навоийнинг қулоғи оғриб қолади  ва рўмол боғлаб юради. Буни кўрган Ҳирот аёллари рўмолларини қийшайтириб ўраб, бу усулни “Нози Алишерий” деб атайдилар.

Ҳусайн Бойқаро Алишер Навоийни шундай улуғлайди:

Эрур сўз мулкининг қаҳрамони,

Эрур гар чин десанг — соҳибқирони.

Ҳазратнинг деярли барча асарларида ояту-ҳадисларнинг, айниқса ислом тасаввуфининг,  исломий ҳикматнинг ифори шундоқ уфуриб туради.

Мовароуннаҳр маданий-маънавий муҳитида Алишер Навоий Қуръон илмлари, жумладан тафсир илмини ривожлантириш мақсадида мазкур соҳага ўз даврининг етук олим ва муфассирларини жалб қилган ҳамда уларга ҳомийлик ҳам  килганлар.

Ҳазрат Навоий ўз асарларида Қуръони каримдан ҳам кенг фойдаланган. Унинг “Хамса”, “Ситтаи зарурия”, “Насойим ал-муҳаббат”, “Тарихи анбиё ва ҳукамо”, “Сирож ал-муслимин” каби асарларида, умуман назм ва насрдаги ёзма меросида ислом масалалари бўйича кўп ҳолларда Қуръон оятларига асосланган мулоҳазалар баён қилинганини кўриш мумкин.

Ҳусайн Воиз Кошифийнинг илмий фаолиятига назар соладиган бўлсак, у зотнинг қаламига мансуб “Жавоҳир ат-тафсир” ва “Мавоҳиби Алийя” асарлари бевосита Алишер Навоийнинг таклифи ва ҳомийлиги остида ёзилган.

Навоий катта мулкдор бўлиб, бойлик ва унга кишининг муносабати қандай бўлишини ўз ҳаётларида кўрсатиб бердилар.Ўзларига тегишли боғлар экин майдонлари ва дўконлардан катта миқдорда даромад олганлар ва бу даромадларнинг деярли ҳаммасини инсонпарварлик, халқпарварлик ва ободончилик мақсадларига сарфлаган.

 Макоримул ахлоқда Хондамир ҳазрат Навоий қурдирган иншаотларни келтиради. Жумладан 40 дан ошиқ работлар, 30 га яқин ҳовузлар, 20 дан ортиқ кўприк, 9 та ҳаммом,

Навоий Қуръони карим таъсири борасида «Тарихи анбиё ва ҳукамо» асарини ёзган. Одам атодан тортиб, Нуҳ, Исо, Яъқуб, Сулаймон, Юсуф, Довуд ва бошқа пайғамбарлар ҳақида маълумотлар берилади.

Навоий Қуръони карим таъсирида «Сирож-ул муслимин» номли китоб ёзади. Бу китобда шариат аҳкомларини, Аллоҳнинг саккиз сифатини англатганидан сўнг, Ислом асосларини назмда баён этади.

Ҳазрат Навоий бутун ҳаёти ва ижодини Қуръон оятлари, ҳадислар асосига қурган комил мусулмоннинг ибратли намунасидир.

 Шоир ҳамиша Қуръон ўқишни ва унга амал қилишни комилликнинг асосий шарти деб тушунади.

Олам эли ичра гар гадо, гар шоҳ эрур,

Не дардки, ул кўнгли аро ҳамроҳ эрур.

Қуръонни тиловат этсун ар огоҳ эрур,

Эл кўнглига чун даво Каломуллоҳ эрур.

Навоий уч марта ҳаж сафарига отланган. Икки марта шоҳ турли баҳоналар билан рухсат бермагач, учинчи марта юзма-юз айтишга андиша қилган ҳолларида гапларини хат орқали баён қилади. Ҳусайн Бойқаро ҳам Навоийга хат орқали жавоб беради.

Жумладан, бундай дейди:

   «Сиз Хуросонда турар экансиз, ҳар қандай илтимосингиз бўлса, ҳурмат билан қабул қилинади. Мен шуни жуда аниқ биламанки, агар бу давлат сизнинг шарофатли вужудингиздан ҳоли бўлса, айрим шахслар ва халқ орасидаги ўзбошимчалик аҳвол ихтилофга айланиб кетади».

Унинг қувваи ҳофизаси жуда кучли эди. Шоир болалигида Қуръондан ташқари Фаридуддин Атторнинг «Мантиқут тайр» достонини ҳам ёд олган. Навоий йигитлик чоғлари 50 минг байт ғазални ёд билган.

 

Шоир ижодида Қуръон ва ҳадис ифодаси.

وَنُنزلُ مِنَ الْقُرْآنِ مَا هُوَ شِفَاءٌ وَرَحْمَةٌ لِلْمُؤْمِنِينَ وَلا يَزِيدُ الظَّالِمِينَ إِلا خَسَارًا } الإسراء: 82

Бил, кўнгулга истасанг шифони ўқумоқ,

Ким келди кўнгул шифоси они ўқумоқ,

Абдурраҳмон Жомий раҳматуллоҳи алайҳ форс тилида «Арбаъин» тузиб, унда фазилатли амалларга доир қирқта ҳадисни шеърий тўртликлар билан таржима қилган. Кейинроқ у кишининг хос шогирди, мумтоз шоир Мир Алишер Навоий ҳам устоз йўлидан бориб, ўзининг «Арбаъин» асарини битган.

Унинг энг кўзга кўринган асари, шубҳасиз, «Арбаъин» китобидир.

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرٍو رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «الْمُسْلِمُ مَنْ سَلِمَ الْمُسْلِمُونَ مِنْ لِسَانِهِ وَيَدِهِ». مُتَّفَقٌ عَلَيْهِ.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мусулмонлар унинг тили ва қўлидан омонда бўлган киши мусулмондир», дедилар».

Шоир ёзади:

Ким мусулмонлиғ айласа даъво,

Чин эмас гар фидо қилур жонлар.

Ул мусулмондурурки, солимдур.

Тилию илгидин мусулмонлар. 

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «وَالْكَلِمَةُ الطَّيِّبَةُ صَدَقَةٌ». مُتَّفَقٌ عَلَيْهِ.

Абу Ҳурайра  розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ва яхши сўз ҳам садақадир », дедилар».

Шоир ёзади:

Яхши сўз бирла ҳожат аҳлин сўр,

Бермасанг яхши тўъмадин нафақа.

Не учунким Расул қавли билан

Яхши сўз бордур ўйлаким садақа.

Хулоса шулки,

Аристотель, Суқрот, Афлотун, Софокл ўз ижодлари сабаб она  тилларини Оврўпада  мумтоз қилдилар.

Шарқ оламида форс-тожик  адабий тилини Фирдавсий, Низомий, Жомий  каби достоннавислар, Саъдий Шерозий, Хўжа Ҳофиз каби  ғазалнавислар,  Фаридиддин Аттор каби тасаввуф устозлари  мумтозлик даражасига кўтарган эдилар.

 Туркийзабон  адабиётда  эса «Насойим ул-муҳаббат», «Маҳбуб ул-қулуб», «Муҳокамат ул-луғатайн» каба асарларни  ёзилиши билан  Ҳазрат Алишер Навоий ўзбек тилини мумтозлик чўққиларига олиб чиқдилар. Ҳаттоки  иш юритишга оид юридик тилнинг мумтоз намунасини биринчи бўлиб Алишер Навоий  «Вақфия» асарида шакллантириб бердилар.

Мумтозлик — чиндан ҳам мисли йўқ нодир бир афзалиятки, ғарб адабиётларидаги «классика» деган тушунчаси мос келади.

Аристотель ва Платон каби  қадимги юнон алломаларининг асарлари ўз ватанларида йўқолиб кетади. Классик  юнон тили янги Грецияда истеъмолдан чиқди. Классик лотин тили ҳам «ўлик» тилга айланади,  фақат илм-фан  ва  тиббиётда  терминлари қолди халос.

Бизнинг мумтозадабиётимизнинг нодир дурдоналари шукрлар бўлсинки қўлимизда.  Бугун уни асраб авайлаш баробарида  китобхон ҳалқимизга етказишимиз зарур.

 2011 йилда  Ғофур  Ғулом нашриётидан ўн жилдлик  тўлиқ тўплами чиқди. Лекин бу борада ишларимиз кўламини кенгайтиришимиз керак.  Айнан шу тўлиқ тўпламни  тўлалигича  электрон кўринишда ҳам интернет тармоғига жойлаштириш муҳим ишларимиздан.

Бир гуруҳ адабиётшунос  олимлар Алишер Навоий қомусий луғати устида самарали  меҳнат қилдилар.

Навоий «Хамса»сининг ёзилганига беш юз йилдан ортиқ вақт ўтди. Шу асрлар давомида унинг айтганлари чиндан ҳам эл-юртга марғуб, кўнгилларга маҳбуб бўлди.

Деганимни улусқа марғуб эт!

Ёзғонимни кўнгулга маҳбуб эт!

Навоий асарларида  ёр, дилдор, дилбар, гулрў- Аллоҳ ва унинг расули

Жом-орифнинг қалби.

Майхона  -ҳонақоҳ  ёки  пир  ҳузури.

Мастлик -Аллоҳ ва унинг расулига  ошиқлиқ  ва шу муҳаббат ила ҳузурланиш.

Фейсбук ижтимоий тармоғида бир гуруҳ ёшлар  ҳазрат Навоийнинг уйланмаганлари ҳақида  бахс юритмоқдалар. Шу масалада тортишганларини кўрдим. Ҳатто нолойиқ фикрлар билдирилган.  Уларнинг ичида масалага ҳазил билан қараганлар ҳам учради.

Ёки  «Келмади»  ғазали остидаги комментларни ўқисангиз ачинасиз. Ҳатто баъзи адабиётшунослар “гулрў  келмади” ни кўз ёшим келмади деб талқин қилибдилар

Кеча  келгумдур  дебон Ул сарви  гулрў  келмади,

Кўзларимга  кеча тонг Отгунча  уйқу  келмади.

Демак бугун Навоийни  чин маънода англаш даври келди.

 

Раҳимберди Раҳмонов, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби   

 

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Муз нега сувда чўкмайди? Беруний ва Ибн Синонинг минг йил олдинги илмий баҳси

14.08.2026   24214   6 min.
Муз нега сувда чўкмайди? Беруний ва Ибн Синонинг минг йил олдинги илмий баҳси

Хоразмлик ёш мутафаккир Абу Райҳон Берунийнинг Аристотель физикасига билдирган тажрибавий эътирозлари ва Ибн Сино билан ёзишмалари Х-ХI асрлар бўсағасида Марказий Осиёда шаклланган мустақил танқидий илмий фикрнинг энг ёрқин намунаси ҳисобланади, хабар бермоқда ЎзА.

Х асрнинг охири ва ХI асрнинг бошларида Хоразм ва Бухоро илмий муҳитида антик давр юнон фалсафаси ҳамда табиий фанлар меросини қайта кўриб чиқишга бўлган қизиқиш ниҳоятда кучайди. Аристотелнинг “Осмон ва олам ҳақида” ҳамда “Физика” асарларидаги айрим хулосалар ўша давр тадқиқотчилари томонидан сўзсиз ҳақиқат сифатида қабул қилинаётган бир пайтда, тахминан 24–26 ёшлардаги Беруний антик муаллифнинг айрим қарашларини амалий кузатув ва математик мантиқ ёрдамида шубҳа остига олди. Беруний ўз эътирозлари ва саволларини хат орқали Бухорода яшаб ижод қилаётган, ўша вақтда 17–19 ёшларда бўлган Ибн Синога юборди. Ушбу тарихий мулоқотнинг бизгача етиб келган матни Ибн Синонинг Беруний томонидан берилган саволларга қатор жавобларидан иборат. Манбашунос ва шарқшунос Ю.Завадовский ушбу қўлёзма матнини рус тилига ўгирган ва у илк бор 1957 йилда Тошкентда нашр этилган. Кейинчалик, 1973 йилда Беруний таваллудининг 1000 йиллик юбилейи муносабати билан фалсафа фанлари номзоди А.Шарипов томонидан тайёрланган қайта нашрда ушбу ёзишмаларнинг илмий аҳамияти янада аниқроқ ёритилган.

Берунийни Аристотель таълимотидаги баъзи физик қоидаларнинг кузатув ва тажрибага зид келиши алоҳида ташвишга солган эди. Хусусан, “Физика” бўлимига оид саволлар орасида моддаларнинг нур синдириши ва иссиқлик йиғиш хусусиятига оид аниқ тажриба баён қилинади. Хоразмлик олим думалоқ ва шаффоф шиша идишни олиб, уни сув билан тўлдирганда у биллур лупа каби қуёш нурларини бир нуқтага тўплаб, аланга олдириш хусусиятига эга бўлишини кўрсатиб ўтади. Агар ушбу идиш сув ўрнига ҳаво билан тўлдирилса, ҳеч қандай нур йиғилмайди ва олов ҳосил бўлмайди. Беруний Ибн Синога мурожаат қилиб, сувнинг бундай ўзига хос таъсир кўрсатиши сабабини ва нега айнан сув мавжуд бўлганда нурлар тўпланишини сўрайди. Шарқшунос А.Шарипов тадқиқотларида таъкидланганидек, бу каби саволлар Берунийнинг шунчаки назарий мулоҳаза юритмагани, балки аниқ физик ҳодисаларни тажрибада текшириб кўрганини тасдиқлайди.

Ибн Сино Берунийнинг бу саволига жавоб берар экан, сувнинг табиатан тиниқ, зич ва силлиқ жисм эканини, шу сабабли у ўзидан ўтаётган нурни акслантириш ва қайтариш хусусиятига эгалигини тушунтиради. Оптимика масалаларида олимлар ўртасидаги баҳс Платон ва Аристотель мактабларининг қарашларини қиёслаш даражасигача етиб боради. Ибн Сино кўриш жараёни кўздан нур чиқиши орқали юз бермайди деган Аристотель позициясини ҳимоя қилади ва бу борада Платон қарашларидан фарқли ёндашувни илгари суради.

Берунийнинг яна бир эътиборга лойиқ тажрибавий саволи сув ва музнинг зичлиги ҳамда оғирлиги ўртасидаги муносабатга бағишланган. Аристотель назариясига кўра, совуқ ва тошсимон қаттиқ шаклга эга бўлган муз ўз моҳиятига кўра тупроқ элементига яқинроқ бўлиши ва сув тубига чўкиши керак эди. Лекин Беруний амалиётда музнинг сув юзида сузиб юришини кўриб, бу ҳодисанинг физик сабабини сўрайди. Ибн Сино ўз жавобида сув музлаган пайтда унинг таркибида ҳаво зарралари қотиб қолишини ва айнан шу суюқлик ичидаги ҳаво пуфакчалари музни сув тубига чўкишига йўл қўймаслигини таъкидлайди. Ю.Завадовский томонидан ўрганилган ушбу оммавий мунозара ўша давр учун моддаларнинг физик ҳолати ва термодинамика бошланғич тушунчалари бўйича муҳим қадам эди.

Космология ва фазовий геометрия соҳасида ҳам Беруний Аристотель даъволарини жиддий синовдан ўтказади. Аристотель фазода осмон сфераси оғирликка ҳам, енгилликка ҳам эга эмас, чунки у марказга ёки марказдан атрофга ҳаракат қилмайди деб ҳисоблар эди. Беруний эса хаёлий тафаккур нуқтаи назаридан осмон жисми энг оғир жисмлардан бири бўлиши мумкинлигини, унинг марказга тушмаслиги унинг вазнсизлигини англатмаслигини илгари суради. Шунингдек, Беруний фазо шакли борасида ҳам тўхталиб, осмон сфераси мукаммал шарсимон бўлиши шартлиги, у тухумсимон ёки ясмиқсимон шаклда ҳам бўлиши мумкинлигини тахмин қилади. Ибн Сино эса геометрия ва физика далилларини келтириб, агар сфера шарсимон бўлмаса, унинг ҳаракати пайтида бўшлиқ ҳосил бўлиши заруриятини исботлашга уринади.

Аристотелнинг фазода оламнинг ўнг ва чап томонлари ҳақидаги қарашлари ҳам Берунийнинг кескин танқидига учрайди. Аристотель жисмнинг ўнг томони ҳаракат бошланадиган жой деб таъриф бериб, кейинчалик Осмон ҳаракати шарқдан бошланади, демак Шарқ – бу ўнг томон деган хулоса чиқарган эди. Беруний бундай хулоса чиқариш логикада “мантиқий айлана” хатолигига олиб келишини кўрсатиб ўтади. Ибн Сино ўз жавобида Аристотель осмон сферасини тирик жисм сифатида тасаввур қилганини айтиб, антик муаллиф мантиғини ҳимоя қилишга ҳаракат қилади.

Ушбу ёзишмалар матни Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтининг 2385-рақамли қўлёзмалар фондида сақланиб қолган. Мазкур манбанинг бизгача етиб келишида хатларни кўчириб ёзган фақиҳ Маъсумийнинг хизмати борлиги хат охиридаги қайдларда эслатиб ўтилади. Ю.Завадовский ва А.Шарипов тадқиқотлари шуни кўрсатадики, ХI аср бошидаги бу илмий баҳс нафақат икки мутафаккирнинг шахсий мулоқоти, балки Туронда табиатшунослик фанлари ва кузатув тажрибаларига асосланган янги илмий услуб шаклланганининг тарихий исботидир.

Беруний ва Ибн Сино ўртасидаги ёзишмалар Х-ХI асрларда Хоразм ва Бухорода шаклланган илмий тафаккур даражаси антик давр фалсафасини шунчаки ўзлаштириш билан чекланмай, уни аниқ тажриба ва мантиқий таҳлил воситасида танқидий қайта кўриб чиқиш босқичига кўтарилганини англатади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ибратли ҳикоялар