Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Мусулмон донишмандлар кенгаши раиси, доктор Султон Румайсий жанобларининг таклифига биноан Бирлашган Араб Амирлигининг Абу Даби шаҳрида бўлиб ўтаётган халқаро анжуманда иштирок этмоқда.
Бугун, 3 февраль куни Абу Даби шаҳрида Инсоний биродарлик бўйича анжуман ўз ишини бошлади. Анжуман бош ҳомийси БАА амири Шайх Муҳаммад бин Зоид ал-Наҳён ҳисобланади. Унда дунёнинг барча мамлакатларидан келган таниқли уламолар, машҳур муфтийлар, профессор-олимлар, етук экспертлар, давлат ва дин арбоблари ҳамда турли конфессия етакчилари иштирок этмоқда. Йиғинга бутун жаҳондан мингдан ортиқ меҳмонлар келган.
Дунё халқлари турли муаммоларга дуч келаётган ҳозирги мураккаб шароитда дин пешволари бир жойга жамланиб, ягона мақсад – йўлида ҳамкорлик қилишлари ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда. Мазкур анжуманда дунёнинг кўплаб мамлакатларидан бир неча юзлаб делегация вакиллари бир мажлисда жам бўлиб, муҳим масалаларни машварат қилишлари, албатта, ўзининг ижобий натижаларини беради, инша Аллоҳ.
Ушбу нуфузли анжуманда сўзга чиққан нотиқлар турли халқлар ўртасида ўзаро бирдамлик, ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, ўзаро аҳилликка эришиш, турли ихтилоф ва фирқачиликка барҳам бериш кераклиги борасида сўз қиладилар.
Анжуман ишини сайтимиз орқали ёритиб борамиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Аллоҳ таоло инсониятни озодаликка, жисму иймони, уй-жойи – Ватанини пок тутишга, боғу роғлар ўстирувчи ва Ер юзини обод қилувчилардан бўлишга чақиради.
Юқоридаги чақириққа монанд айни кунларда ЎМИ Бухоро вилояти вакили Жобир домла Элов бошчилигида вилоятимиздаги барча масжид, мадраса ва зиёратгоҳларда яшил маконларни кўпайтириш ишлари уюшқоқлик билан ташкил этилиб, дин пешволари томонидан ҳудудларда яшил майдонлар барпо этилмоқда.
Зеро, ҳадис шарифларда: “Албатта, фаришталар экин ёки кўчат экувчининг ҳаққига, модомики, эккан нарсаси кўкариб тураркан, истиғфор айтиб туришади”, - дейилади.
Яратган Зот бу ҳайрли ишларни бардавом ва барокатли қилсин!
Бухоро вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати