Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
19 Август, 2026   |   6 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:09
Қуёш
05:36
Пешин
12:27
Аср
17:16
Шом
19:21
Хуфтон
20:43
Bismillah
19 Август, 2026, 6 Рабиъул аввал, 1448

Диний идора вакиллари Искандария кутубхонасида бўлишди

31.01.2019   7146   2 min.
Диний идора вакиллари Искандария кутубхонасида бўлишди

Ўтган 27 январь куни Миср давлатида хизмат сафарида бўлиб турган Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим мудирлари Муҳаммад Аюбхон домла Ҳомидов ва Камолиддин Маҳкамов Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчихонаси вакиллари ҳамрохлигида Искандария шаҳридаги “Искандария” кутубхонаси фаолияти билан яқиндан танишиб, бой тажрибаларни ўзлаштирдилар.

Маълум бўлишича, Искандария кутубхонасида 2 млн. 310 мингдан зиёд қўлёзма, тошбосма ва бошқа  асарлар мавжуд. Кутубхона қўлёзмалар маркази мудири Мидҳат Ийса, қўлёзмаларни таъмирлаш бўлими бошлиғи Воил Муҳаммад Иброҳим ва қадимий асарларга кимёвий ишлов бериш бўлими бошлиғи Ҳусом ад-Дийб билан мулоқотлар ўтказилиб, фойдали маълумотларни қўлга киритилди.

Учрашувларда мисрлик мутахассислар ўзбекистонлик масъул ходимларга қўлёзма ва тошбосма асарларни сақлаш, кимёвий текширувлар ўтказиш, китобларни таъмирлаш, қўлёзма ва тошбосма асарлардан электрон нусха олиш ҳамда фойдаланиш тартиблари ҳақида батафсил гапириб бердилар.

28 январь куни эса мутахассисларимиз Қоҳира шаҳридаги Миллий кутубхона ва Давлат бош архиви фаолияти билан яқиндан танишдилар. Ушбу фондда “Усмон Мусҳафи” ҳамда қўлёзма ва тошбосма асарлар сақланар экан. Кутубхона ходимлари ўзбекистонлик мутахассисларга қўлёзма ва тошбосма асарларнинг сақланиши, кимёвий ишловлар бериш, китобларни таъмирлаш босқичлари ва нодир асарлар учун махсус қоғозлар тайёрлаш тартиблари ҳақида атрофлича маълумотлар бердилар.

Миср сафари давом этмоқда

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

 

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Регистон майдонини Имом ал-Мотуридий мақбараси билан боғлайдиган кўча реконструкция қилинмоқда

14.08.2026   26703   1 min.
Регистон майдонини Имом ал-Мотуридий мақбараси билан боғлайдиган кўча реконструкция қилинмоқда

Самарқанднинг тарихий қисмида туризм инфратузилмасини кенг кўламли янгилаш ишлари давом этмоқда. Амалга оширилаётган лойиҳаларнинг асосий мақсади хорижий сайёҳларнинг қолиш муддатини узайтириш, қулай шаҳар муҳитини яратиш ва бир вақтнинг ўзида маҳаллий аҳолининг ҳаёт сифатини оширишдан иборат.

“Самаркандский вестник” нашрига кўра, туризмни ривожлантириш дастури доирасида эски шаҳарнинг 13 та кўчаси босқичма-босқич замонавий пиёдалар йўлагига айлантирилмоқда. Бу ерда янги хизмат кўрсатиш объектлари барпо этилмоқда, жамоат жойлари ободонлаштирилмоқда, миллий меъморчилик анъаналарини сақлаб қолган ҳолда муҳандислик коммуникациялари ва бино фасадлари янгиланмоқда.

Энг йирик лойиҳалардан бири Регистон майдонини Имом ал-Мотуридий мақбараси билан боғлайдиган Бухоро кўчасини реконструкция қилиш бўлди. Кўчанинг 850 метр қисми тўлиқ пиёдалар ҳудудига айлантирилади. Лойиҳани ишлаб чиқувчилардан бири, Самарқанд давлат техника университети ўқитувчиси Жасур Бердиқуловнинг таъкидлашича, илгари бу ерда қатнов қисмининг торлиги туфайли мунтазам равишда тирбандликлар юзага келган, қулай пиёдалар йўлакларининг йўқлиги эса пиёдалар учун жиддий ноқулайликлар туғдирган. Ишлар якунлангач, кўча хавфсиз жамоат майдонига айланади. Аҳоли учун алоҳида тўхташ жойи ажратилган бўлиб, транспорт воситаларининг киришига фақат зарурат туғилганда махсус хизматларга рухсат берилади. Шу билан бирга, сув, газ, электр ва бошқа муҳандислик тармоқлари тўлиқ модернизация қилинмоқда.

Олтин аср маҳалласида жойлашган Бағдод кўчасида ҳам ишлар давом этмоқда. Бу ерда 600 метрлик ҳудуд ободонлаштирилмоқда. Лойиҳа доирасида замонавий туризм ва хизмат кўрсатиш инфратузилмасини яратиш, кичик бизнес ва хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш кўзда тутилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари