Бугун, 30 январь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Самарқанд вилоятига ташрифлари чоғида янги бунёд этилган Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ҳадис илми мактаби фаолияти билан яқиндан танишдилар.
Муфтий ҳазратлари ушбу марказ Имом Бухорий ва бошқа улуғ алломаларнинг илмий меросини ўрганиш, улар таълиф этган асарларнинг таржима ва қиёсий матнларини нашр этиш, хорижий давлатлардаги кутубхоналарда сақланаётган қўлёзмаларнинг электрон нусхаларини тўплаш ҳамда уларни халқимизга етказиш билан шуғулланишдек муҳим ишларга алоҳида диққат қилдилар.
Имом Бухорий илмий-тадқиқот марказига ҳамоҳанг яна бир олий диний таълим муассасаси – Ҳадис илми мактаби фаолияти билан ҳам муфтий ҳазратлари яқиндан танишдилар.
Ҳадис илми мактаби фаолиятини ташкил қилиш мамлакатимиз маънавий тараққиётининг бугунги босқичида муҳим аҳамият касб этади. Ташкил этилган олий таълим муассаса ўз олдига ҳадис илмининг илмий-назарий асосларини чуқур ўрганиш, хорижий тилларни чуқур ўргатиш, диний қадриятларни асраб-авайлаш, ҳадис илми уламолари асарларининг таржима ва қиёсий матнларини тайёрлаш, ўзбек ва хорижий тилларда нашр этиш, конференциялар ташкил этишдек катта вазифаларни қўйган.
Муфтий ҳазратлари Ҳадис илми мактабида ўқитиш услубларини такомиллаштириш ва халқаро илмий марказлар билан ҳамкорликни ривожлантириш зарурлигини таъкидладилар.
Маълумот ўрнида, Ҳадис илми мактабида ўқиш муддати беш йил бўлиб, кундузги таълим шаклида олиб борилади. Мактабга араб тилини пухта ўзлаштирган, ҳадисларни ёд олишга салоҳияти бўлган ўрта махсус диний таълим муассасаларининг 10 нафар иқтидорли битирувчилари саралаб олинди.
Мактабда ҳадисшунослик фанлари билан бир қаторда Қуръони карим, фиқҳ, ақида, тафсир, ислом тарихи каби фанлар ҳамда хорижий тиллардан чуқур билим берилади.
Келажакда Ҳадис илми мактаби битирувчилари диний фанлар, хусусан, ҳадис илми соҳасида таълим бериб, диний ташкилотларда имом-хатиб, илмий ходим вазифаларида ишлаши, шунингдек, илмий-тадқиқот марказларида илмий ходим сифатида фаолият олиб бориши кўзда тутилган.
Битурувчилар таълимни ўз ихтисослигига кўра, Ўзбекистон халқаро Ислом академияси магистратурасида, таянч докторантура ва докторантура босқичларида давом эттиришлари мумкин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Аллоҳ таоло инсониятни озодаликка, жисму иймони, уй-жойи – Ватанини пок тутишга, боғу роғлар ўстирувчи ва Ер юзини обод қилувчилардан бўлишга чақиради.
Юқоридаги чақириққа монанд айни кунларда ЎМИ Бухоро вилояти вакили Жобир домла Элов бошчилигида вилоятимиздаги барча масжид, мадраса ва зиёратгоҳларда яшил маконларни кўпайтириш ишлари уюшқоқлик билан ташкил этилиб, дин пешволари томонидан ҳудудларда яшил майдонлар барпо этилмоқда.
Зеро, ҳадис шарифларда: “Албатта, фаришталар экин ёки кўчат экувчининг ҳаққига, модомики, эккан нарсаси кўкариб тураркан, истиғфор айтиб туришади”, - дейилади.
Яратган Зот бу ҳайрли ишларни бардавом ва барокатли қилсин!
Бухоро вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати