Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. Бундан ташқари саҳобаи киромлар, улуғ олимлар, Яқин Шарқ, Осиё, Европа ва Америка мутафаккирларининг бир қатор фикрлари ҳам берилган.
*****
Унинг буйрагини ҳар икки ойда 30 марта ювишади. Оғриқдан жинни бўлай дейди. Аллоҳ таоло сенинг буйрагингни ҳар куни 33 марта ювади. Сен эса ҳеч нарсани сезмайсан. Аллоҳнинг сенга берган неъматлари ҳақида яхшилаб ўйлаб кўргин ва Алҳамдулиллаҳ дегин!
“Ҳикмат дурдоналари”
*****
Мазлум одамнинг ҲАСБИЯЛЛОҲУ ВА НЕЪМАЛ ВАКИЙЛ деган гапининг маъносини биласизми? Бу дегани ўша мазлум “Кўрган зулмлари папкаси”ни ердан самога юбораётган бўлади.
“Ҳикмат дурдоналари”
*****
Муваффақиятсизлик ўтирволиб, (ҳеч нарса қилмасдан) омад, муваффақият келишини кутадиганларга етади.
Иброҳим Фақий
*****
Бир донишманддан “Сизга озор берган кишидан нега ўч олмайсиз?” деб сўрадилар. Донишманд “Мени тишлаган итни мен ҳам тишлашим ҳикматдан бўладими?!” деб жавоб берди.
“Ҳикмат дурдоналари”
*****
Агар осмондан вафо ёмғир бўлиб ёққанида, хоинлар соябон ушлаб олганларини кўрардинг.
“Ҳикмат дурдоналари”
*****
Баъзи кўзлар кўзёшисиз йиғлайди. Баъзи қалблар шикоятсиз оғрийди.
“Ҳикмат дурдоналари”
*****
Сен билан бирор шахснинг алоқаси ўзгариб қолса, маҳзун бўлма. Эҳтимол актёрлик қилавериш жонига тегиб, аслига қайтгандир.
“Ҳикмат дурдоналари”
Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи
Нозимжон Иминжонов
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Баъзи ҳолатларда фарзанд аҳли солиҳ, ота-она фожир ва фосиқ бўлиши ҳоллари ҳам учраб туради. Агар ота-она Аллоҳ таоло ҳаром қилган ишни қилса, бола нима қилиши керак? Бу саволнинг жавоби қуйидаги ривоятда келади.
عَنْ مُحَمَّدِ بْنِ أَبِي حَاضِرٍ قَالَ: كَانَ أَوَّلُ مَا ذُكِرَ بِهِ الْحَسَنُ أَنَّ رَجُلًا أَتَى حَلْقَةً فِيهَا الْحَسَنُ، فَقَالَ: مَا تَقُولُ فِي رَجُلٍ غَلَبَتْهُ أُمُّهُ أَيَضْرِبُهَا أَوْ يُقَيِّدُهَا؟ قَالَ: فَأَحْجَمَ الْقَوْمُ بِأَنْ يَأْمُرُوهُ فِي أُمِّهِ بِشَيْءٍ، فَقَالَ الْحَسَنُ: أَيُّهَا الرَّجُلُ قَيِّدْهَا؛ فَإِنَّكَ لَا تَصِلُهَا بِشَيْءٍ أَفْضَلُ مِنْ أَنْ تَحْجِزَهَا عَنْ مَحَارِمِ اللهِ. قَالَ النَّاسُ: قَالَ الْحَسَنُ كَذَا وَكَذَا، فَكَانَ ذَلِكَ أَوَّلَ مَا ذُكِرَ بِهِ الْحَسَنُ.
Муҳаммад ибн Абу Ҳозирдан ривоят қилинади: «Ҳасаннинг зикри тарқалишига сабаб бўлган аввалги масала қуйидаги эди. Бир киши Ҳасан ўтирган мажлисга келиб, «Онаси ғолиб келиб, ҳоли-жонига қўймаётган одам ҳақида нима дейсан? Уни урсинми ёки боғлаб қўйсинми?» деди.
Қавм унга онаси ҳақида бирор нарса дейишни билмай, тўхтаб қолди. Шунда Ҳасан: «Ҳой одам! Сен уни боғлаб қўй. Сен унинг учун Аллоҳ ҳаром қилган нарсалардан тўсишдан кўра афзалроқ силаи раҳм қила олмайсан», деди.
Одамлар: «Ҳасан ундай деди, бундай деди», дейишни бошладилар. Ҳасаннинг зикри биринчи бор шундай тарқалди».
Шарҳ: Ҳазрати Ҳасан Басрий ушбу ривоятдаги масала сабабли машҳур бўлиб кетдилар. У киши бу масалага тўғри жавоб топиб, илк бор эл оғзига тушган эдилар.
Сўралган савол қуйидагича экан: Бир кишининг онаси уни ҳеч ўз ҳолига қўймай, нуқул жанжал кўтариб, кун бермас экан. Азбаройи жонидан тўйиб кетган киши на онасини уришни, на уни боғлаб қўйишни билмай, кўпчилик уламолар ўтирган мажлисга мурожаат қилган экан.
Дарҳақиқат, бу жуда оғир савол эди. Унда фарзанднинг онага муносабатидек нозик масала кўтарилган эди. Илмий суҳбат қилиб ўтирганлар бу мушкул саволни эшитиб, индамай қолишибди.
Шунда Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳи шундай дебдилар: «Эй йигит! Онанг шу қадар ҳаддидан ошган бўлса, урмагин, балки боғлаб қўйгин. Чунки онангни боғлаб қўйиб, уни Аллоҳ ҳаром қилган ишлардан тўсишинг афзал силаи раҳмдир».
Фарзанд ҳаддидан ошган онасини боғлаб қўйса, уни гуноҳдан тўхтатади, унинг зулмидан халос бўлиб, зиммасидаги барча яхшиликни қилишда давом этаверади, онага қўл кўтариш гуноҳидан сақланади. Овқатини беришда, ҳурматини қилишда давом этаверади, ёмонлигидан эса сақланади. Онани Аллоҳ ҳаром қилган нарсалардан тўсиб қўйиб, унга яхшилик қилишда давом этиш онанинг ўзи учун ҳам яхши бўлади.
Агар мазкур гуноҳни ота-онадан бошқа одам қилса, уни урса бўлар эди. Аммо ота-онанинг ҳурматидан фарзанд уларни ура олмайди. Шундай пайтларда уларни боғлаб қўйиши мумкин экан. Бу иш ота-онасининг гуноҳдан тийилишига сабаб бўлади. Қолаверса, фарзанднинг ўз ота-онасини Аллоҳ таоло ҳаром қилган ишдан боғлаб қўйиши уларга қилган яхшилиги бўлади.
«Яхшилик ва силаи раҳм» китоби 1-жуз.