Хабарингиз бор, Дин ишлари бўйича қўмита ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан ногиронлиги бўлган фуқаролар, жумладан, эшитиш-сўзлаш ва кўриш қобилиятида нуқсони бўлган фуқаролар билан тизимли равишда учрашувлар, хайрия тадбирлари ўтказилиб келинмоқда. Бу каби учрашувлар, ўзларига қаратилаётган эътибордан мамнун бўлаётган юртдошларимиз ташкил этилаётган тадбирлардан ўзлари учун кўплаб билим, манфаатлар топаётганликларини кўзларда ёш билан изҳор қилишмоқда. Яқинда ўтган Робиъул аввал ойи муносабати билан илк бор имконияти чекланган мусулмонлар учун махсус Мавлид тадбирларида Пайғамбар солаллоҳу алайҳи васаллманинг муборак сийратлари гўзал ижод намуналари, кўргазмали воситалар асосида таништирилган эди.
Энди эса, яна бир хушхабар - юртимизнинг марказий масжидларида имконияти чекланган фуқаролар, эшитиш ва нутқ аъзоларида нуқсони бор кишилар учун Жума мавъизаси Сурдо таржимон воситасида масжидда тўғридан-тўғри кўрсатилади. Бунинг учун Республиканинг ҳар бир худудидаги марказий масжидда Жума мавъизаларини сурдо-онлайн узатиш имкониятлари яратилади. Бунда ўша масжид ташқи қисмига муайян тоифага мансуб ногиронлиги бор кишилар учун махсус имкониятлар мавжудлигини билдирирувчи халқаро белги қўйилади. Жума намозига келган имконияти чекланган фуқаролар ўзлари учун белгиланган жойда мониторларларда имом-хатибни, унинг ёнида эса сурдо таржимон ҳаракатларини кузатиб бориш имконига эга бўладилар.
Кеча биринчи бор Тошкент шаҳрининг “Шайх Зайниддин”, Тошкент вилоятининг “Чирчиқ марказий жоме масжиди”, Самарқанд вилоятининг “Хўжа Исҳоқ Валий” жоме масжидларида Жума мавъизалари тўғридан-тўғри сурдо таржимон воситасида тушунтириб берилди.
Жума намози адо этилгач, намозхонлардан бири Шуҳрат Абдураҳимов ўзларига яратиб берилган бундай имкониятлардан севиниб, таржимон воситасида қуйидаги дил сўзларини изҳор қилди:
“Авваллари ислом дини ҳақидаги билимларга деярли эга эмасдим. Чунки буни менга ўргатадиган киши бўлмаган. Ташкил этилаётган суҳбатлар, мавъизалар ёрдамида шукурки, ҳидоятдан баҳраманд бўлмоқдаман. Бугун ҳам Аллоҳ таолонинг уйида мавъизалардан таъсирланиб, аввалги хатоларим, гуноҳларим учун пушаймонда бўлиб, йиғлаб тавбалар қилдим... Сизларга катта раҳмат. Бизларни тарбиялаяпсизлар. Маърифатга чорлаяпсизлар.
Бундай эзгу тадбирлар ҳар бир вилоятда, кўплаб масжидларда бўлишини истардим. Афсуски сурдо таржимонлар ҳозирда етарли эмас. Иншаллоҳ келажакда уларнинг сони кўпайиб, биз кабилар ҳам Жума мавъизаларидан роҳатланиб баҳраманд бўлишларини Аллоҳ насиб этсин.”
Келгуси Жума намозидан, 1 февралдан Республика бўйлаб 25 та жоме масжидда махсус сурдо-онлайн таржималар ташкил этилиши белгиланган. Мазкур лойиҳа босқичма-босқич кейинчалик ҳар бир вилоятда амалга оширилиши режалаштирилган. Бу каби хайрли лойиҳалар юртимизда диний сохада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарасидир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими
Унутмангки, Аллоҳ таоло Ўзига юзланишингиз учун сизни турли мусибатлар билан синайди. Баъзан Аллоҳдан имтиҳонлардан муваффақиятли ўтишни ёки солиҳа жуфт ҳалол ё яна бошқа нарсаларни сўраб ой ва йиллар давомида дуо қиласиз. Аммо дуоингиз ижобат бўлмаётганидан ташвишга туша бошлайсиз.
“Нега Аллоҳ дуоларимни қабул қилмаяпти?” деган саволлар ҳаёлингизда тинмай айланади. Аммо Аллоҳ сизга қанча неъматларини тайёрлаб қўйганини билмайсиз! Сиз банда эканингизни эътироф этиб, ноумид бўлмай Аллоҳдан қанча кўп сўрасангиз, қалбингиз шунча юмшайди. Тобора Аллоҳга муҳтож эканингизни тушунасиз. Аслида, ҳар бир олган ва чиқарган нафасимиз Аллоҳнинг бизга берган чексиз неъматидир.
Аллоҳнинг юборган синовлари сабабли банда ожизлигини англаш билан бирга, Аллоҳдан бошқа ҳеч ким унга ёрдам бермаслигини тушуниб етади. Бу банданинг иймонини янада мустаҳкамлайди.
Агар Сиздан “Аллоҳга энг яқин бўлган вақтиниз қачон бўлган?” деб сўрасалар сиз “Оила қурганимда”, “фарзандли бўлганимда” ёки “янги ишга кирганимда” деб айтмайсиз. Балки ҳаётингизнинг энг қийин лаҳзаларини, қийинчиликка дуч келганингизда вазиятдан қандай чиқишни билмай қолганингизни, фарзандингиз касал бўлганда, онангиздан айрилганингизда Аллоҳга янада яқин бўлганингизни эслайсиз.
Сиз ҳаётингизнинг ана шундай энг мушкул вазиятларида Аллоҳга ҳар қачонгидан ҳам кўра кўпроқ ёлвориб дуо қилгансиз.
Нега? Чунки фақат Аллоҳ сизни бу қийинчиликлардан қутқариши мумкинлигини билгансиз. Аллоҳдан бошқа ҳеч ким ёрдам бера олмаслигини англаб етгансиз.
Ҳа, айрим бандалар турли синов-мусибатлар сабабли Аллоҳга юзланади, Роббига қайтади.
Яна баъзи бандаларнинг эса Аллоҳ таолога қайтишига гуноҳ амаллар сабаб бўлади. Бу ҳақда Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳи бундай дейдилар: “Гоҳида У Зот сенга тоат эшигини очади ва қабул эшигини очмайди. Гоҳида сенга гуноҳни тақдир қилади ва у (У Зотга) етишишга сабаб бўлади”.
Уламолардан бири айтади: “Банда гуноҳ сабабли жаннатга кириши ва савоб иш туфайли жаҳаннамга тушиши мумкин”, деди. Одамлар таажжубланиб: “Қандай қилиб бундай бўлиши мумкин?” деб сўрашди. Олим уларга: “Банда баъзан гуноҳга қўл уради, кейин ўзига келиб, қилган гуноҳига қаттиқ афсусланади, тинмай афсус-надомат чекади. Охир оқибат унда ўзини паст олиш, синиқлик ва надомат пайдо бўлади. Аввалгидан кўра тоат-ибодатга кўпроқ уринади, ихлос қилади. Натижада бу гуноҳи унинг жаннат сари ҳаракат қилишига сабаб бўлади. Яна бошқа банда бир яхшилик қилиб, кибрга, ужбга, мақтанишга, одамлардан мақтов эшитишга берилади. Айнан шу ҳол унинг ҳалокатига, дўзахга сари етаклайди”.
Даврон НУРМУҲАММАД