Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
28 Ноябр, 2024   |   27 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:02
Қуёш
07:26
Пешин
12:16
Аср
15:15
Шом
16:58
Хуфтон
18:17
Bismillah
28 Ноябр, 2024, 27 Жумадул аввал, 1446

Ўзбекистон масжидларида имконияти чекланган фуқаролар учун махсус Жума мавъизалари ташкил этилади

26.01.2019   6388   3 min.
Ўзбекистон масжидларида имконияти чекланган фуқаролар учун махсус Жума мавъизалари ташкил этилади

Хабарингиз бор, Дин ишлари бўйича қўмита ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан ногиронлиги бўлган фуқаролар, жумладан, эшитиш-сўзлаш ва кўриш қобилиятида нуқсони бўлган фуқаролар билан тизимли равишда учрашувлар, хайрия тадбирлари ўтказилиб келинмоқда. Бу каби учрашувлар, ўзларига қаратилаётган эътибордан мамнун бўлаётган юртдошларимиз ташкил этилаётган тадбирлардан ўзлари учун кўплаб билим, манфаатлар топаётганликларини кўзларда ёш билан изҳор қилишмоқда. Яқинда ўтган Робиъул аввал ойи муносабати билан илк бор имконияти чекланган мусулмонлар учун махсус Мавлид тадбирларида Пайғамбар солаллоҳу алайҳи васаллманинг муборак сийратлари гўзал ижод намуналари, кўргазмали воситалар асосида таништирилган эди.

Энди эса, яна бир хушхабар - юртимизнинг марказий  масжидларида имконияти чекланган фуқаролар, эшитиш ва нутқ аъзоларида нуқсони бор кишилар учун Жума мавъизаси Сурдо таржимон воситасида масжидда тўғридан-тўғри кўрсатилади. Бунинг учун Республиканинг ҳар бир худудидаги марказий масжидда Жума мавъизаларини сурдо-онлайн  узатиш имкониятлари яратилади. Бунда ўша масжид ташқи қисмига муайян тоифага мансуб ногиронлиги бор кишилар учун махсус имкониятлар мавжудлигини билдирирувчи халқаро белги қўйилади. Жума намозига келган имконияти чекланган фуқаролар ўзлари учун белгиланган жойда мониторларларда имом-хатибни, унинг ёнида эса сурдо таржимон ҳаракатларини кузатиб бориш имконига эга бўладилар.

Кеча  биринчи бор Тошкент шаҳрининг “Шайх Зайниддин”, Тошкент вилоятининг “Чирчиқ марказий жоме масжиди”, Самарқанд вилоятининг “Хўжа Исҳоқ Валий” жоме масжидларида Жума мавъизалари тўғридан-тўғри сурдо таржимон воситасида тушунтириб берилди.

Жума намози адо этилгач, намозхонлардан бири Шуҳрат Абдураҳимов ўзларига яратиб берилган бундай имкониятлардан севиниб, таржимон воситасида қуйидаги дил сўзларини изҳор қилди:

“Авваллари ислом дини ҳақидаги билимларга деярли эга эмасдим. Чунки буни менга ўргатадиган киши бўлмаган. Ташкил этилаётган суҳбатлар, мавъизалар ёрдамида шукурки, ҳидоятдан баҳраманд бўлмоқдаман. Бугун ҳам Аллоҳ таолонинг уйида мавъизалардан таъсирланиб, аввалги хатоларим, гуноҳларим учун пушаймонда бўлиб, йиғлаб тавбалар қилдим... Сизларга катта раҳмат. Бизларни тарбиялаяпсизлар. Маърифатга чорлаяпсизлар.

Бундай эзгу тадбирлар ҳар бир вилоятда, кўплаб масжидларда бўлишини истардим. Афсуски сурдо таржимонлар ҳозирда етарли эмас. Иншаллоҳ келажакда уларнинг сони кўпайиб, биз кабилар ҳам Жума мавъизаларидан роҳатланиб баҳраманд бўлишларини Аллоҳ насиб этсин.”

Келгуси Жума намозидан, 1 февралдан Республика бўйлаб 25 та жоме масжидда махсус сурдо-онлайн таржималар ташкил этилиши белгиланган. Мазкур лойиҳа босқичма-босқич кейинчалик ҳар бир вилоятда амалга оширилиши режалаштирилган. Бу каби хайрли лойиҳалар юртимизда диний сохада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарасидир.

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими

 

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Тошкентда Қоҳира университети филиали очилади

25.11.2024   2453   1 min.
Тошкентда Қоҳира университети филиали очилади

Ўзбекистон Республикасининг Қоҳирадаги элчиси Мансурбек Қиличев ҳамроҳлигидаги мамлакатимиз делегацияси аъзолари Қоҳира университети президенти доктор Муҳаммад Сами Абдул-Содиқ билан учрашди.

Мулоқот давомида талабалар билан ишлаш, академик ва тадқиқот соҳаларида ҳамкорлик ўрнатиш, профессор-ўқитувчилар, талабалар алмашинуви масалалари муҳокама этилди.

Ўзбекистон ва Миср ўртасида таълимнинг барча босқичлари бўйича ЖАДАЛ ривожланиб бораётган шериклик кўламини янада кенгайтириш, бу жараёнда шарқшунослик, архитектура йўналишларига алоҳида эътибор қаратиш, Қоҳира университети факультетларининг қатор муҳим мутахассисликлари бўйича магистратура бўлимида профессор-ўқитувчилар, талабалар учун жой ажратишга келишилди.

Муҳаммад Сами Абдул-Содиқ олий ўқув юрти тарихи, университет ҳузуридаги институтлар, факультетлар, ушбу таълим муассасасида ўқиётган мисрлик ва чет эллик талабалар сони ҳақида батафсил маълумот берди.

Дарвоқе, Коҳира университети “Times” нашри 2024 йил ноябрда эълон қилган рейтингда 92 мамлакат, хусусан минтақадаги 749 университет орасида 39-ўринни эгаллади.

Ўз навбатида, элчимиз Ўзбекистон олий ўқув юртлари Миср билан ўзаро манфаатли ҳамкорликка тайёрлигини билдирди.

ЎзА

Ўзбекистон янгиликлари