Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. Бундан ташқари саҳобаи киромлар, улуғ олимлар, Яқин Шарқ, Осиё, Европа ва Америка мутафаккирларининг бир қатор фикрлари ҳам берилган.
*****
Нега Айюб алайҳиссалом сабр қилдилар?
Нега Марям онамиз одамларнинг олдига гўдакларини кўтариб чиқдилар?
Нима учун Иброҳим алайҳиссалом оловдан қўрқмадилар?
Нима учун севикли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ғорда маҳзун бўлмадилар?
Чунки уларнинг барчалари Аллоҳ таоло ҳақида яхши гумонда бўлган эдилар.
“Фикр дурдоналари”
*****
Вафо жуда қиммат нарса. Уни арзон кимсалардан кутманг.
“Фикр дурдоналари”
*****
Биз уларни таниганимиздан бери битта юз билан юрганларга ташаккур айтамиз!
“Фикр дурдоналари”
*****
Ҳаёт қанчалик қийин, эшиклар ҳар қанча қулф бўлмасин, эсингда тут, Мусо алайҳиссаломга денгизни иккига ажратиб, йўл очиб берган Зот сен учун ҳам барча берк эшикларни очишга қодирдир. Сен қўлларингни кўтариб: “Эй Роббим!” дегин!
“Фикр дурдоналари”
*****
Юзимиздаги ажинлар дўстларнинг фироқи, яхши кўрган инсонимиз кўнглимизни қолдириши, маҳзунли хабар сабабли пайдо бўлади.
“Фикр дурдоналари”
*****
Агар сенга асабинг бузилишига сабаб бўладиган мактуб келса, унга жавоб беришга шошилма. Жавоб беришни эртанги кунга қолдир. Эртаси куни асабларинг жойига келгач, шошмасдан, ҳикмат билан жавоб беришинг ёки мазкур мактуб жавоб ёзишга арзимайдиган бўлиши ҳам мумкин.
“Фикр дурдоналари”
*****
Агар бир маъсиятга тушиб қолсанг, уни ҳеч бир одамга айтма. Чунки одамлар ёйиб, шарманда қиладилар. Аллоҳ таоло беркитиб, афв қилади.
“Фикр дурдоналари”
Тўплаб, таржима қилувчи Нозимжон Иминжонов
"Макка бўлмаганида сени ташлаб кетмас эдим!!!"
Мадина! Сенга йиллар талпингандик, соғингандик, сени ҳажрингдан кўз ёшларимизни тўккандик. Сени севмаган мўмин борми дунёда, сенга интилмаган муслим борми дунёда.
Сени гоҳо тушларимизда кўрардик, бу тушлардан ҳеч-ҳеч уйғонгимиз келмасди, сени нега яхши кўрамиз, сени нега юракдан севамиз!?
Чунки сенда энг яхши кўрганимиз, суюклигимиз, соғинганимиз, сени шарафлантирган Расулуллоҳ алайҳиссалом борлар!
Чунки сенда биз дунёга келмасимиздан туриб бизни соғинган, бизни яхши кўрган Зот бордир.
Чунки сенда, охирга нафасларида ҳам "умматим, умматим" дея ғариб умматларини ҳолидан ташвишланган Зот бордир.
Яна сенда, агар Расулуллоҳ алайҳиссалом айтган бўлсалар мен ҳаммасига ишондим дея Сиддиқ мақомини топган Зот бордир, Расулуллоҳ алайҳиссаломни амакиси иймонга келишини яхши кўрган, Расулуллоҳ сут ичганларида чанқоғи босилган Абу Бакр розияллоҳу анҳу бордир.
Яна сенда, юрган кўчасидан шайтон қочган, сўзларини Қуръон тасдиқлаган, "Умар хато гапирди" дея олган Амирул мўминийн бордир.
Яна сенда фаришталар ҳаё қилган Зуннурайн Ҳазрати Усмон, вафоти Расулуллоҳни кўзларини ёшлатган ўғли Иброҳим, қизлари Умму Кулсум, Руқайя, Фотима, Азвожу мутоҳҳарот оналаримизни ва яна ўн минга яқин саҳобани бағрига олган Жаннатул Бақеъ бордир.
Бизни яхши кўрадиган, биз уни яхши кўрадиган, Саййиди шуҳада Ҳазрати Ҳамзани бағрига олган Уҳуд тоғи бордир.
Яна сенда, тақво асосида барпо қилинган, унда ўқилган икки ракаат намозга умрани савоби бериладиган Масжидил Қубо бордир.
Сендаги фазилатларни санасам тугамайди. Сенда саҳобаларни излари бордир, Расулимизни ҳидлари бордир.
Аллоҳга ҳамд бўлсинки, ошиқ маҳбубига етганидек сени висолингга етдик, суюклигимиз живорига келдик, яхши кўрганларимиз бўйларига тўйдик.
Сендан ҳеч кетгим келмайди, Мадина!
Чунки, “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимки Мадинада вафот эта олса, унда вафот этсин. Чунки, унда вафот этган кишини шафоат қиламан” дедилар” (Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан Имом Термизий ривояти).
Мадина! Макка бўлмаганида сени ташлаб кетмас эдим!!!
ТИИ “Қуръон илмлари” кафедраси ўқитувчиси Адҳам Юсупов