Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. Бундан ташқари саҳобаи киромлар, улуғ олимлар, Яқин Шарқ, Осиё, Европа ва Америка мутафаккирларининг бир қатор фикрлари ҳам берилган.
*****
Аллоҳ таоло йўқотган нарсангнинг ўрнига бошқасини беради.
Аллоҳ таоло сени Ўз фазлида билан бой қилади.
Аллоҳ таоло сенинг синган қалбингни тузатади.
Сенинг заифлигингни, ҳожатингни, тадбиринг озлигини Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким билмайди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам фақат Унга суян, Ундан ёрдам сўра!
“Фикр дурдоналари”
*****
Барчамизнинг бошимизда айблардан иборат юкларимиз бор. Агар Аллоҳ таолонинг беркитиши бўлмаганда эди хижолатдан бўйинларимиз синиб кетган бўларди.
“Фикр дурдоналари”
*****
Поябзалим йўқлиги учун йиғлаётган эдим, икки оёғи йўқ одамни кўриб, йиғидан тўхтадим. Менга иккита оёқ берган Аллоҳга ҳамд бўлсин!
“Фикр дурдоналари”
*****
Ер юзида қанчадан қанча биров танимайдиган кишилар бор. Улар самода машҳурдирлар. Меъёр тақводадир, куч-қувватда эмас.
“Фикр дурдоналари”
*****
Оламни ўзгартиришга уринардим. Аммо ҳозир бир ҳикмат мени қуршаб олди. Энди ўзимни ўзгартиришга уринаман.
Жалолиддин Румий раҳимаҳуллоҳ
*****
Ғазабланиб турганингда, гапирма. Гоҳида (бундай пайтда) сўзинг тўғри бўлиши мумкин, лекин услубинг хато бўлади.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Агар бўрилар билан юзма-юз келиш қўлингдан келмаса, ўрмонга кирма.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Бобонг улуғ инсон бўлган бўлса-да, агар сен ҳеч ким бўлсанг, бундан нима фойда?!
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Етарлича босим остида нарсаларнинг ва инсонларнинг ҳақиқий маъдани зоҳир бўлади.
Маҳмуд Ироқий
*****
Агар шакл ва жисм руҳдан муҳимроқ бўлганида, руҳ самога кўтарилмаган, жисм эса тупроқ остига кўмилмаган бўларди.
“Фикр дурдоналари”
*****
Фақат сирингни сақлайдиган, айбингни яширадиган, яхшиликларингни ёядиган, солиҳ амалларга чорлайдиган киши билан дўст бўл!
“Фикр дурдоналари”
Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи
Нозимжон Иминжонов
Шу йил 11 январь куни Жидда шаҳрида Ўзбекистон делегацияси ҳамда Саудия Арабистони Ҳаж ва умра вазирлиги раҳбарияти ўртасида мулоқот бўлиб ўтди.
Унда Ҳаж ва умра вазири доктор Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабиа, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар, “Ҳаж” ва “Умра” ишлари бўйича атташе Шуҳрат Амоний иштирокида ўзаро алоқаларнинг истиқболлари ҳамда “Ҳаж – 2025” мавсумини юқори даражада ташкил этиш муҳокама қилинди.
Учрашув аввалида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жаноби олийлари ҳамда Икки муқаддас масжид ходими, Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд, Валиаҳд ва Бош вазир Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд ўртасидаги дўстона муносабатлар жадал ривожланаётгани, Аллоҳ таолонинг меҳмони бўлган зиёратчиларга намунали хизмат кўрсатилаётгани алоҳида қайд этилди.
Айниқса, ҳаж квотаси аввалгига қараганда 2 карра оширилгани, кейинги етти йилда 60 мингдан зиёд юртдошимиз ҳаж амалларини бажаргани юқори баҳоланди. Умра сафарлари учун чекловлар олиб ташлангани, қонуний тартибга солингани таъкидланди.
Сўнгги йилларда давлатимиз Раҳбари ташаббуслари билан юртимизда ҳаж ва умра сафарлари йўналишида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ташкилий тадбирлар, ҳуқуқий асослар, рақамлаштириш жараёнлари ва ўзбекистонлик зиёратчиларнинг тартиб-интизоми Саудия томонидан юқори баҳоланди.
Шунингдек, Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабиа сўзининг давомида Янги Ўзбекистондаги ислоҳотларни эътироф этиш баробарида заминимиздан нафақат ислом уламолари, балки дунё цивилизациясига катта ҳисса қўшган Ибн Сино, ал-Хоразмий каби буюк мутафаккирлар, илм-фан намоёндалари етишиб чиққани ва юртдаги бугунги ўзгаришлар яна мана шундай алломалар чиқишига пойдевор бўлишини таъкидлади.
Мулоқот якунида томонлар эсдалик совғалари топширдилар.
ЎМИ Матбуот хизмати