Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. Бундан ташқари саҳобаи киромлар, улуғ олимлар, Яқин Шарқ, Осиё, Европа ва Америка мутафаккирларининг бир қатор фикрлари ҳам берилган.
*****
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам муаттар бўйли инсон эдилар. Агар бирор киши билан қўл бериб сўрашган ёки кимнингдир бошини силаган бўлсалар, кун бўйи ўша одамнинг қўлидан ёки бошидан муаттар ҳид анқиб турар эди.
“Ховатир роқия журнали”
*****
Истиғфор – очилмайди деб ўйланган қулфларнинг очилишига сабаб бўлади.
“Ховатир роқия журнали”
*****
Илмнинг:
Биринчиси: жим туриш;
Иккинчиси: чиройли тинглаш;
Учинчиси: уни ёдлаш;
Тўртинчиси: унга амал қилиш;
Бешинчиси: уни тарқатиш.
Мустафо Манфулутий
“Ховатир роқия журнали”
*****
Одамларнинг уй қуриш борасидаги турли фикрларини кўп эшитсак ҳам, барибир уйимиз томсиз қолаверади.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Инсоннинг ақли пишиб боргани сари атрофидаги одамларнинг сони ҳам озайиб боради. Чунки пишган ақл лаганбардорликларга тоқат қила олмайди.
Жорж Бернард Шоу
*****
Комил фазилат – сенга қилишларини истамаган муомалани сен ҳам бошқаларга қилмаслигингдир.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Ҳолатингни шарҳлаб, изоҳлаб вақтингни кетказма. Одамлар нимани эшитишни истасалар, ўшанга қулоқ соладилар.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Сендан ғазаблангандан кейин сен билан гаплашиш учун яна олдингга келган киши сени қаттиқ яхши кўрадиган шахсдир.
“Ховатир роқия журнали”
*****
Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи
Нозимжон Иминжонов
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Севимли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотлари – қиёмат куни яқинлашиш аломатининг бири саналади.
Авф ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий алайҳиссалом қиёмат куни аломатларини санаётганларида: “Менинг ўлимим”, деб айтганлар (Имом Бухорий ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу дунёни тарк этишлари уммат учун энг катта мусибатдир. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага кирганларида бутун олам мунаввар бўлди, бу дунёни тарк этган кунларида эса бутун олам хиралашди” (Имом Термизий ривояти).
Набий алайҳиссаломнинг вафотлари билан ваҳий келиши тўхтади.
Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳум Умму Айман розияллоҳу анҳони зиёратига келганларида унинг йиғлаб турганини кўришди. Шунда ундан сўрашди:
– Сизни йиғлашга нима мажбур қилди? Зеро, Аллоҳнинг Расулуллоҳга бергани афзалроқдир!
У эса айтади:
– Мен Аллоҳнинг ҳузурида Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламга нима яхшироқ эканини билмайман. Аммо ваҳийнинг тўхтаб қолганига йиғлаяпман.
Шунда Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумо унга қўшилиб йиғладилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам башар эдилар. Шу боис у зот ҳам вафот этдилар. Зеро, бу ҳаётда ҳар бир жон ўлим шарбатини татиб кўради. Бу дунё – вақтинчалик бошпана ва ҳеч ким бу ерда абадий қолмайди. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “(Эй Муҳаммад!) Биз сиздан аввал бирор одамзотга мангу ҳаёт берган эмасмиз – Сиз ўладигану, улар мангу қолувчиларми?! Ҳар бир жон ўлимнинг тотувчисидир. Биз сизларни ёмонлик билан ҳам, яхшилик билан ҳам синаб, имтиҳон қилурмиз. (Кейин) Бизнинг ҳузуримизгагина қайтарилурсиз” (Анбиё сураси, 34–35-оят).
Имом Қуртубий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан сўнг ваҳий тўхтади. Шундай қилиб яхшилик тўхтади ва ёмонликлар ошкор бўла бошлади”.
София бинти Абдулмуталлиб айтади: “Қасам ичаманки, Пайғамбар вафот этгани учун йиғламайман. Лекин мен кейинги қотилликлардан қўрқаман”.
Дарҳақиқат, Набий алайҳиссалом вафотларидан сўнг турли фитна ва ихтилофлар бўй чўза бошлади.
Давоми бор...
Манбалар асосида
Баҳриддин ХУШБОҚОВ
таржимаси.