Россия Федерацияси Ҳаж миссияси вакиллари жорий йилда Саудия Арабистонининг Риёз шаҳрига ташриф буюрдилар. Ушбу ташриф доирасида Саудия Ҳаж вазирлигида учрашув ташкил этилди.
Ушбу ташрифдан кўзланган мақсад 2019 йил учун Россия мусулмонлари учун Ҳаж квоталарини белгилаш эканлиги айтиб ўтилган.
ТАСС агентлигига делегация вакилларидан бирининг берган хабарига кўра, россияликлар учун Ҳаж квотаси 2018 йилги кўринишда қолдирилган. Бунда 2019 йилда 20,5 минг нафар зиёратчи Ҳаж зиёратини амалга оширади. Россия томони Ҳаж квотасини беш минг кишига ошириш таклифи билан чиққан ва бунда Россия учун квота 25,5 минг ўринни ташкил этиши таклиф қилинган.
Islam-today интернет нашрининг маълум қилишича яқин вақт ичида 20,5 минг кишилик квота Россия Федерацияси минтақалари ўртасида тақсимланади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ўзбекистон элчиси Нодиржон Турғунов (қароргоҳи Ар-Риёз шаҳрида жойлашган) Баҳрайн адлия, ислом ишлари ва вақф вазири Наввоф бин Муҳаммад ал-Муовида билан учрашди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Вазир мулоқот аввалида Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан олимларнинг Ислом тамаддунига ҳисса қўшган ҳиссасини, мамлакат томонидан диний-маърифий соҳага қаратилаётган эътибор, ёш келажак авлод учун яратилаётган имкониятлар таҳсинга сазовор эканини таъкидлади. Унинг айтишича, Имом Бухорий, Имом Термизий, ал-Хоразмий, Фаробий, Замахшарий каби Ислом оламида юксак обрў-эътибор топган олимларнинг мероси дунё мусулмонларининг умумий бойлигидир.
– Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ўтказилаётган халқаро илмий-амалий конференциялар нафақат ўзбек халқи, балки бутун Ислом умматига хизмат қилмоқда. Баҳрайн Ислом меросини ўрганиш бўйича ўзбек томони билан яқиндан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва илмий изланишларни биргаликда амалга оширишга тайёр", – деди адлия, ислом ишлари ва вақф вазири Наввоф бин Муҳаммад ал-Муовида.
Мулоқот чоғида Тошкент шаҳрида барпо этилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг очилиш маросимида Баҳрайн делегацияни иштирокини таъминлаш, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Ислом цивилизацияси маркази билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, икки мамлакат илмий марказлар ўртасида алоқаларни ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Томонлар Ўзбекистон ва Баҳрайн ўртасида адлия, Ислом ишлари ва вақф соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, биргаликда илмий-амалий ишларни ташкил этиш мақсадида масъул ходим тайинлаш таклифини қўллаб-қувватладилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати