Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
10 Январ, 2025   |   10 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:24
Қуёш
07:48
Пешин
12:36
Аср
15:32
Шом
17:16
Хуфтон
18:35
Bismillah
10 Январ, 2025, 10 Ражаб, 1446

Фатво ҳайъати: Дин ва ҳаётга оид саволингиз борми?

17.01.2019   4690   4 min.
Фатво ҳайъати: Дин ва ҳаётга оид саволингиз борми?

Муҳтарам юртдошларимизнинг диний эҳтиёжларини қондириш ва уларни қизиқтирган шаръий саволларига ишончли жавобларни мўътабар уламолардан олишни ташкил этиш мақсадида, Ўзбекистон мусулмонлари  идораси “Дин ва ҳаётга оид саволлар” номли онлайн телеграм каналини ишга туширганидан хабарингиз бор.

Ушбу телеграм канали фаолият бошлаганига 4-5 кун ўтар-ўтмас, обуначилар сони 1900 дан ошиб кетгани, бир кунда 250 дан зиёд саволга жавоб берилаётгани халқимизнинг, ҳақиқатан, шундай ишга катта эҳтиёжи борлигини намоён этди.

Одамларимиз бугунги кунда долзарб бўлиб турган ва жавобини тополмасдан қийналаётган масалаларга уламоларимиздан муносиб жавоблар ола бошладилар. Жумладан, дастлабки кунларда “қиблани аниқлаш”, “мазҳабга эргашиш зарурлиги”, “фолбинлик зарари”, “азондан будильник сифатида фойдаланиш” ва “телефон орқали Қуръон эшитиш” каби мавзуларда саволлар келиб тушди.

 

 ❓  “Телефон орқали Қуръони каримни тинглаш жоизми?” деган саволга шундай жавоб берилди:

– Қуръони каримни телефон ёки шунга ўхшаш бирор восита орқали тинглаш жоиз бўлиб, савобли амал саналади. Фақат унинг ўзига яраша одобларига риоя қилиниши шарт. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Аъроф сурасида: "Қуръон ўқилганда унга қулоқ тутинг ва жим бўлинг. шунда раҳм қилинурсиз"(204-ояти), деган.

Уламолар ушбу ояти каримага асосланиб, Қуръони карим оятлари тиловат қилинганда жим ўтириб тинглаш вожиб эканига иттифоқ қилганлар. Шу жиҳатига кўра, бирор иш билан машғул бўлиб, Қуръон эшитиш жоиз эмас. Қуръони каримни тинглаш қалбга шифо бўлиб, тингловчини тоат-ибодатга, тақвога даъват этади. Натижада банда Аллоҳ таолонинг раҳмат ва мағфиратига эришади ...

 

 ❓  Шунингдек, “Фол кўрувчилар жинлар билан ишлайдими?”, деган саволга:

– Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Фолбинларнинг баъзида ҳақ гапни айтиб қолишларининг сабаби шуки, жин гапларни ўғринча олиб, фолбиннинг қулоғига қуяди. Фол кўрувчи унга юзта ёлғон аралаштириб гапиради» деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Фолбинларнинг гапларига ишониш – куфр. Аллоҳ асрасин! Ҳадиси шарифда: «Кимки башоратчи ёки фолбиннинг олдига борса ва у айтган нарсани тасдиқласа, шубҳасиз, у Муҳаммадга (алайҳиссалом) тушган нарсага куфр келтирибди» дейилган (Абу Довуд, Насоий ривоятлари).

 

 ❓  Шунга ўхшаш муҳим саволлар қўшни Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон республикалари фуқароларидан, шунингдек, АҚШ, Россия, Туркия каби хорижий давлатлардан ва чет-элларда меҳнат қилаётган ўзбек ватандошларимиздан ҳам келиб тушмоқда.

Масалан, “Мен Россияда мусофирман, қазо намозларимни қандай адо қиламан?” ёки “Men AQSHda kirakashlik qilaman. Bitta mijoz adashib ko'p pul bervoribdi. Bunaqa holatlar ko'p bo'lib turadi. Shu pullarni ishlatsam halol bo'ladimi?” деган мазмундаги саволлар келиб тушган.

 

♦ Обуначилар саволларига олган жавобларидан қониқиш ҳосил қилгандан кейин ўзларининг ташаккурларини билдирмоқдалар. Жумладан:

• Iymon yulduzi_ bot миннатдорчилигини қуйидагича изҳор қилган:

Assalamu alaykum va rohmatullohi va barokatuh. Bizga mana shunday shart-sharoitlar yaratib bergan, hukumatimizga va bizning savollarimizga aniq javob berib, bizga yaxshilik va toʻgʻri yoʻlni koʻrsatish uchun “Din va hayotga oid savollar” deb nomlangan telegram kanalini joriy qilgan OʻZBEKISTON MUSULMONLARI IDORASI FATVO HAYATIga oʻz minnatdorchiligimni bildiraman!..”

 

• “Shoh...” номли канал эгаси ўзининг фикрларини бундай ёзган:

Assalomu alaykum hurmatli ustozlar. Savollarimga aniq va asosli javob berayotganliklaringizdan juda minnatdorman. Alloh taolo boshlagan ishlaringizni bundan-da barakali qilsin.

 

• Анбар:

Assalomu alaykum. Sizlarga dinimiz rivoji  yurtimiz musulmonlari diniy salohiyati rivoji uchun hormay tolmay xizmat qilayotganligingiz uchun tashakkur.

 

• Asqarov Anvarxon Karimxon o'g'li:

Assalomu alaykum! Ming bor tashakkur! Alloh din yo`lidagi faoliyatinglarda kuch-quvvat, fazli barakot bersin! Rahmat!

 

Қайд этилганидек, ечими топилмаётган саволлар ва дил изҳорлари келишда давом этмоқда.

Фатво ҳайъати мўмин-мусулмонларимизни “Дин ва ҳаётга оид саволлар” номли расмий @diniysavollar телеграмм канали орқали саволларига қулай услубда, исталган вақтда жавоб олишларини тавсия этади.

Бунинг учун savollar.muslim.uz сайти ёки телеграмм мессенжеридаги “@SavollarMuslimUzBot”ига савол йўллаш кифоя.

Аллоҳ таоло ҳаммамизни тўғри йўлда собитқадам айласин.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Қалбнинг зангини кетказувчи амал

8.01.2025   7345   3 min.
Қалбнинг зангини кетказувчи амал

Инсон қалби гоҳ у тарафга, гоҳ бу тарафга ўзгариб туради: савобли иш қилганида, қалби яйрайди, дили чексиз қувончга тўлади. Гуноҳ-маъсият кирлари эса дил ойнасини хиралаштиради. Оқибатда қалб қораяди, кўнгли хижил бўлади.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Темирга сув тегса занглайди. Худди шунга ўхшаб қалбларни ҳам занг босади", дедилар. Шунда: "Ё Расулуллоҳ, унинг жилоси нима?" деб сўралди. У зот: "Ўлимни кўп эслаш, Қуръон ўқиш", дедилар.

Қалб худди темир каби занглайди. Темирга сув тегса, сиртини занг босади. Гуноҳлар йиғилиб йиғилиб қалбни занглатади, дилни қорайтиради, кўнгилни ғаш қилади. Қалб қорайиши оқибатида инсон шуури ўтмаслашади, меҳр-оқибат туйғуси киши билмас тарзда кўтарилиб боради.

Мазкур ҳадисда айтилишича, ўлимни эслаган, Қуръон ўқиган одамнинг қалби занглардан тозаланади. Қандай қилиб, дейсизми? Гап шундаки, ўлимни эслаган кишининг ўткинчи дунёга хоҳиши сўнади. Ўлимни эслаган, охиратни ўйлаган инсон гуноҳлардан тийилади, нафаси кириб-чиқиб турганида Парвардигорига тезроқ тавба қилишга шошилади, ўзини ислоҳ қилади. Инсон ўлимни эслаганда лаззатлар парчаланади, ҳакалаб отиб турган нафс хоҳишлари сал бўлсаям жиловланади. Бир кунмас-бир кун дунёни тарк этишини билган киши оқибатли бўлади, бир иш қилишдан олдин охирини ўйлайди, мулоҳаза юритади.

Юқоридаги ҳадисда айтилишича, Қуръон тиловати қалбдаги зангларни кетказади. Ҳақиқатан, Қуръон ўқиш билан қалб яйрайди, кўнгил таскин топади. Мўмин банда қироатдан бир дунё маънавий озуқа олади. Шу йўсин қалбни қоплаган занг қурумлари аста-секин тозаланиб боради. Бежизга "Қуръон қалбга малҳам, дилни тозалайдиган илоҳий даво", дейилмаган.

Маълумки, темирга доим ишлов бериб турилмаса, кўп ўтмай занглайди. Худди шунга ўхшаб, Қуръон ўқилмаса, дилни занг босади. Ҳамиша Қуръон ўқийдиган инсон қалбига гард юқмайди. Тиловат билан жилоланган қалби ойнадек ярқираб туради.

Ҳозирги "замонавий" одамларнинг кўпи дунёга ҳирс қўйиш дарди билан оғриган. Кишилар орасида ўзаро ишонч, садоқат, вафо, меҳр-оқибат камайиб кетаётгандек. Бизнингча, бунинг сабаби битта: ўлимни унутиш, Қуръон ўқимаслик.

Айрим одамларга ўлимни эслатсангиз, охиратдан гап очсангиз: "Қўйинг, яхши мавзуда гаплашайлик!" дея сўзингизни бўлади. Ўлимни эслаш ёмонми?! Ҳар кимнинг бошида бор-ку бу савдо! Ўлимдан қочиб-қутулиб бўлмайди. Шунинг учун ўлимга тайёргарлик кўриш керак. Қандай қилиб, дейсизми? Ўлимга ҳозирлик солиҳ амаллар билан бўлади, қоронғи гўрни ёритувчи Қуръон тиловати билан бўлади. Қуруқ кафанлик олиб ёки қабристондан ўзи учун алоҳида жой ажратиб қўйган одамни охират сафарига ростмана шай деб бўлмайди.

Толибжон домла Хурсанмуродов,
Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси.

Али ибн Ҳусомиддин Муттақий Ҳиндий. "Канзул уммол фи сунанил ақволи вал афъол". – Байрут.: Муассасатур рисолат, 1989. - Б. 210.