Муҳтарам юртдошларимизнинг диний эҳтиёжларини қондириш ва уларни қизиқтирган шаръий саволларига ишончли жавобларни мўътабар уламолардан олишни ташкил этиш мақсадида, Ўзбекистон мусулмонлари идораси “Дин ва ҳаётга оид саволлар” номли онлайн телеграм каналини ишга туширганидан хабарингиз бор.
Ушбу телеграм канали фаолият бошлаганига 4-5 кун ўтар-ўтмас, обуначилар сони 1900 дан ошиб кетгани, бир кунда 250 дан зиёд саволга жавоб берилаётгани халқимизнинг, ҳақиқатан, шундай ишга катта эҳтиёжи борлигини намоён этди.
Одамларимиз бугунги кунда долзарб бўлиб турган ва жавобини тополмасдан қийналаётган масалаларга уламоларимиздан муносиб жавоблар ола бошладилар. Жумладан, дастлабки кунларда “қиблани аниқлаш”, “мазҳабга эргашиш зарурлиги”, “фолбинлик зарари”, “азондан будильник сифатида фойдаланиш” ва “телефон орқали Қуръон эшитиш” каби мавзуларда саволлар келиб тушди.
❓ “Телефон орқали Қуръони каримни тинглаш жоизми?” деган саволга шундай жавоб берилди:
– Қуръони каримни телефон ёки шунга ўхшаш бирор восита орқали тинглаш жоиз бўлиб, савобли амал саналади. Фақат унинг ўзига яраша одобларига риоя қилиниши шарт. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Аъроф сурасида: "Қуръон ўқилганда унга қулоқ тутинг ва жим бўлинг. шунда раҳм қилинурсиз"(204-ояти), деган.
Уламолар ушбу ояти каримага асосланиб, Қуръони карим оятлари тиловат қилинганда жим ўтириб тинглаш вожиб эканига иттифоқ қилганлар. Шу жиҳатига кўра, бирор иш билан машғул бўлиб, Қуръон эшитиш жоиз эмас. Қуръони каримни тинглаш қалбга шифо бўлиб, тингловчини тоат-ибодатга, тақвога даъват этади. Натижада банда Аллоҳ таолонинг раҳмат ва мағфиратига эришади ...
❓ Шунингдек, “Фол кўрувчилар жинлар билан ишлайдими?”, деган саволга:
– Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Фолбинларнинг баъзида ҳақ гапни айтиб қолишларининг сабаби шуки, жин гапларни ўғринча олиб, фолбиннинг қулоғига қуяди. Фол кўрувчи унга юзта ёлғон аралаштириб гапиради» деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Фолбинларнинг гапларига ишониш – куфр. Аллоҳ асрасин! Ҳадиси шарифда: «Кимки башоратчи ёки фолбиннинг олдига борса ва у айтган нарсани тасдиқласа, шубҳасиз, у Муҳаммадга (алайҳиссалом) тушган нарсага куфр келтирибди» дейилган (Абу Довуд, Насоий ривоятлари).
❓ Шунга ўхшаш муҳим саволлар қўшни Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон республикалари фуқароларидан, шунингдек, АҚШ, Россия, Туркия каби хорижий давлатлардан ва чет-элларда меҳнат қилаётган ўзбек ватандошларимиздан ҳам келиб тушмоқда.
Масалан, “Мен Россияда мусофирман, қазо намозларимни қандай адо қиламан?” ёки “Men AQSHda kirakashlik qilaman. Bitta mijoz adashib ko'p pul bervoribdi. Bunaqa holatlar ko'p bo'lib turadi. Shu pullarni ishlatsam halol bo'ladimi?” деган мазмундаги саволлар келиб тушган.
♦ Обуначилар саволларига олган жавобларидан қониқиш ҳосил қилгандан кейин ўзларининг ташаккурларини билдирмоқдалар. Жумладан:
• Iymon yulduzi_ bot миннатдорчилигини қуйидагича изҳор қилган:
Assalamu alaykum va rohmatullohi va barokatuh. Bizga mana shunday shart-sharoitlar yaratib bergan, hukumatimizga va bizning savollarimizga aniq javob berib, bizga yaxshilik va toʻgʻri yoʻlni koʻrsatish uchun “Din va hayotga oid savollar” deb nomlangan telegram kanalini joriy qilgan OʻZBEKISTON MUSULMONLARI IDORASI FATVO HAYATIga oʻz minnatdorchiligimni bildiraman!..”
• “Shoh...” номли канал эгаси ўзининг фикрларини бундай ёзган:
Assalomu alaykum hurmatli ustozlar. Savollarimga aniq va asosli javob berayotganliklaringizdan juda minnatdorman. Alloh taolo boshlagan ishlaringizni bundan-da barakali qilsin.
• Анбар:
Assalomu alaykum. Sizlarga dinimiz rivoji yurtimiz musulmonlari diniy salohiyati rivoji uchun hormay tolmay xizmat qilayotganligingiz uchun tashakkur.
• Asqarov Anvarxon Karimxon o'g'li:
Assalomu alaykum! Ming bor tashakkur! Alloh din yo`lidagi faoliyatinglarda kuch-quvvat, fazli barakot bersin! Rahmat!
Қайд этилганидек, ечими топилмаётган саволлар ва дил изҳорлари келишда давом этмоқда.
Фатво ҳайъати мўмин-мусулмонларимизни “Дин ва ҳаётга оид саволлар” номли расмий @diniysavollar телеграмм канали орқали саволларига қулай услубда, исталган вақтда жавоб олишларини тавсия этади.
Бунинг учун savollar.muslim.uz сайти ёки телеграмм мессенжеридаги “@SavollarMuslimUzBot”ига савол йўллаш кифоя.
Аллоҳ таоло ҳаммамизни тўғри йўлда собитқадам айласин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Шу йилнинг 9 январь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Бухоро вилояти вакили вилоят бош имом-хатиби Жобир домла Элов раҳбарлигида Вобкент туманида фаолият кўрсатаётган масжидлар имом-хатиб, имом-ноиб, маҳалла домлалари ва нуроний отахонлар иштирокида сайёр йиғилиш бўлиб ўтди.
Сайёр йиғилиш давомида барча имом-хатиб ва имом-ноиблар ўзларига бириктирилган МФЙлар билан мунтазам алоқада бўлиб, ёшлар тарбиясига катта эътибор қаратиши, илм-маърифатга қизиқтириш ва ёш авлод келажаги учун мустаҳкам пойдевор яратиш кабиларни алоҳида таъкидланди. Шундан сўнг барча имом-хатиблар маҳалла нуронийлари билан ўзларига бириктирилган маҳаллаларга чиқишди.
Шу куннинг ўзида сайёр қабул иштирокчилари 50 дан ошиқ хонадон ҳолидан хабар олди. Жумладан, Кўлиодина маҳалласида яшовчи юз ёшни қаршилаган меҳнат фахрийларини зиёрат қилди. Сўнгра шу маҳаллада истиқомат қилувчи биринчи гуруҳ ногиронлари, моддий кўмакка мухтожлар, ижтимоий кўмакка муҳтожларнинг хонадонларидан хабар олиниб, маънавий-маърифий суҳбатлар уюштирилди ва ҳомийлар иштирокида моддий жиҳатдан кўмаклар берилди.
Шунингдек, Вилоят бош имоми раҳбарлигида ҳамда Вобкент туманидаги имом-хатиблар иштирокида 2024 йил замонавий лойиҳалар асосида қурилган 120 ўринли 12-мактабгача таълимда ватанимиз келажаги бўлмиш жажжи болалар билан учрашиб, уларга хурсандчилик улашилди.
Куннинг иккинчи қисмида вилоят бош имом-хатиби Жобир домла Элов тумандаги Абдулазизхон жоме масжидида пешин намозида бўлиб, йиғилган жамоатга "Шукроналик", "Соф ислом таълимоти", "Тинчлик неъмати" мавзуларида маъвиза қилди ва кенг жамоат иштирокида юртимиз ҳаққига дуои хайрлар сўралди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Бухоро вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати