Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. Бундан ташқари саҳобаи киромлар, улуғ олимлар, Яқин Шарқ, Осиё, Европа ва Америка мутафаккирларининг бир қатор фикрлари ҳам берилган.
*****
Сенинг бировга қизиғинг бўлмаса ҳам, ота-онангга қизиғинг бор.
Барча томошабинлар сендан юз ўгирса ҳам, ота-онанг ёнингда туриб, барчанинг ўрнини босади.
*****
Агар орзуларингни рўёбга чиқариш учун ҳаракат қилмасанг, биров сендан ўзининг орзуларини рўёбга чиқаришда фойдаланади.
«Тарих муҳрлаган сўзлар»
*****
Тушларинг ҳақиқатга айланишини истасанг, бунинг учун қиладиган биринчи ишинг — уйғонишингдир.
«Тарих муҳрлаган сўзлар»
*****
Қоронғудан қўрқадиган ёш болани кечириш мумкин. Аммо нурдан, ёруғликдан қўрқадиган одамларни кечириб бўлмайди.
«Тарих муҳрлаган сўзлар»
*****
Ҳақиқий дўст – ҳамма сендан узоқлашаётган пайтда сен тарафга қараб юрган кишидир.
«Тарих муҳрлаган сўзлар»
*****
Агар фақирлик ва жоҳилликка қарши курашмасак, куни келиб камбағаллар ва жоҳиллар билан курашишга тўғри келади.
«Тарих муҳрлаган сўзлар»
*****
Сен ҳар қанча солиҳ шахс бўлсанг ҳам, одамлар сенга ўзларининг характерлари ва ҳожатларидан келиб чиқиб баҳо беришади.
«Тарих муҳрлаган сўзлар»
*****
Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи
Нозимжон Иминжонов
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Айтишларича, аббосийлар халифалиги даврида доимо дўстлари билан баҳслашиб юрадиган бир дамашқлик савдогар бўлган экан. Бир куни у дўстларига: "Мен ҳаётимда бирор марта ҳам тижоратда зарар кўрган эмасман", деди.
Дўстлари истеҳзоли табассум билан: "Қандай қилиб ҳаётингда ҳеч қачон зарар кўрмадинг? Бундай бўлиши мумкин эмас", дейишди.
Савдогар улардан ўзини синаш учун бирор муаммоли тижорат таклифини беришларини сўради. Шунда дўстлари унга: "Ироқда хурмо сотиб, фойда топиш етти имконсизликдан биридир, чунки у ерда хурмо чўлдаги қум каби кўп", дейишди.
Савдогар: "Мен сизларни тушундим ва таклифингизни қабул қилдим", деди. Шундан сўнг у Ироқдан келтирилган хурмоларни сотиб олиб, аббосийлар пойтахти — Бағдодга йўл олди.
Айтишларича, ўша пайтда халифа Воcиқ Биллоҳ баҳорни томоша қилиш учун Мосулга йўл олган экан. Мосул Ироқнинг энг гўзал шаҳарларидан бири бўлиб, "икки баҳор онаси" номини олган эди, чунки унинг об-ҳавоси ёзда ҳам, қишда ҳам баҳордай бўлар эди.
Саёҳатдан қайтиш чоғида халифанинг қизи бўйнидаги олтин зебигардонини йўқотиб қўйган ва йиғлаб отасига шикоят қилган эди. Шундан сўнг халифа уни топиб келган кишига катта мукофот ваъда қилиб, қизини унга никоҳлаб беришини эълон қилди.
Дамашқлик савдогар Бағдодга яқинлашганда, одамлар зебигардонни излаш учун йўлга отланганларини кўрди ва улардан бу шошилинчликнинг сабабини сўради. Улар зебигардон воқеасини айтиб беришди ва уларнинг каттаси: "Афсуски, биз узоқ йўлга чиқибмизу ўзимиз билан таом олишни унутибмиз, таомсиз қайтишга қийналиб қоламиз, таом олиш учун ортга қайтсак бошқалардан ортда қолиб кетишимиз мумкин", деди.
Шунда савдогар уларга: "Менда хурмо бор, олсангиз сотаман", деди. Одамлар ундан хурмони қиммат нархда сотиб олишди.
Халифа Воcиқ Бағдодда хурмо сотиб фойда топган дамашқлик савдогар ҳақида эшитиб, у билан кўришишни истади. Савдогар халифанинг ҳузурига бориб ўзи ҳақида сўзлай бошлади: "Эй, ҳукмдор, Аллоҳ давлатингизга барака берсин. Мен савдони бошлаганимдан бери ҳеч қачон зарар кўрган эмасман".
Воcиқ ундан бунинг сабабини сўради. Шунда у жавоб берди: "Мен етим бола эдим, онам эса ногирон эди. Мен кичиклигимдан уни парвариш қилар, ишлаб пул топар ва иккимизнинг кундалик ризқимиз учун ҳаракат қилар эдим. Йигирма ёшга етганимда, онам касал бўлиб, ётиб қолди. Вафот этиш арафасида у мени ҳақимга дуо қилиб, диним ва дунёмда ҳам ҳеч қачон зарар кўрмаслигимни, замонамизнинг энг шарафли оиласига куёв бўлишимни, қўлимга қум олсам олтинга айлантриб қўйишини Аллоҳдан сўраб дуо қилган эди".
Савдогар гапира туриб беихтиёр ердан бир сиқим қумни қўлига олди. Воcиқ унинг бу сўзларини мийиғида кулиб эшитаётган эди, бирдан савдогарнинг қўлидаги қумни орасида бир нарсани ялтираганига кўзи тушди. Унга қараган эди, қўлидаги ялтироқ нарса халифанинг қизининг йўқотган зебигардони бўлиб чиқди.
Шундай қилиб, онанинг дуоси билан бу дамашқлик савдогар тарихда биринчи бўлиб Ироққа хурмо сотиб, кўп фойда топган тижоратчи ва халифа Воcиқнинг қизига уйланиб, унинг куёвига айланди.
Онанинг дуоси ҳақиқатдан ҳам ижобат бўлган эди.
Хулоса:
Ҳеч ким сизга ташқаридан келиб, ҳаётингизга гўзаллик олиб кирмайди.
Сиз ўз қалбингиз эшикларини очиб, тиришқоқлик билан саъй-ҳаракат қилишингиз ва энг гўзал нарсаларни ўзингиз топишингиз керак.
Аллоҳ сизнинг ёрдамчингиз бўлишидан ҳеч қачон ноумид бўлманг.
Аллоҳим, ота-онамизга хизмат қилиш бахтини насиб эт. Улар вафот этган бўлсалар, уларнинг гуноҳларини кечир ва раҳматингга ол.
Бу ҳикояни ўқиб бўлгач, ота-онангиз ҳаққига дуо қилиб қўйишни унутманг.
Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга салавотлар айтиб, у зотга салом йўлланг.
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ
таржимаси