Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. Бундан ташқари саҳобаи киромлар, улуғ олимлар, Яқин Шарқ, Осиё, Европа ва Америка мутафаккирларининг бир қатор фикрлари ҳам берилган.
*****
Сенинг бировга қизиғинг бўлмаса ҳам, ота-онангга қизиғинг бор.
Барча томошабинлар сендан юз ўгирса ҳам, ота-онанг ёнингда туриб, барчанинг ўрнини босади.
*****
Агар орзуларингни рўёбга чиқариш учун ҳаракат қилмасанг, биров сендан ўзининг орзуларини рўёбга чиқаришда фойдаланади.
«Тарих муҳрлаган сўзлар»
*****
Тушларинг ҳақиқатга айланишини истасанг, бунинг учун қиладиган биринчи ишинг — уйғонишингдир.
«Тарих муҳрлаган сўзлар»
*****
Қоронғудан қўрқадиган ёш болани кечириш мумкин. Аммо нурдан, ёруғликдан қўрқадиган одамларни кечириб бўлмайди.
«Тарих муҳрлаган сўзлар»
*****
Ҳақиқий дўст – ҳамма сендан узоқлашаётган пайтда сен тарафга қараб юрган кишидир.
«Тарих муҳрлаган сўзлар»
*****
Агар фақирлик ва жоҳилликка қарши курашмасак, куни келиб камбағаллар ва жоҳиллар билан курашишга тўғри келади.
«Тарих муҳрлаган сўзлар»
*****
Сен ҳар қанча солиҳ шахс бўлсанг ҳам, одамлар сенга ўзларининг характерлари ва ҳожатларидан келиб чиқиб баҳо беришади.
«Тарих муҳрлаган сўзлар»
*****
Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи
Нозимжон Иминжонов
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: “Аёл киши тўрт нарсаси учун никоҳланилади: моли, насл-насаби, жамоли ва дини учун. Бас, диндорини танла, қўлинг тупроққа белангур (“барака топгур”)!” (Муттафақун алайҳ).
Яъни, эркакни никоҳга рағбатлантирадиган нарса аёлдаги тўрт хислатдир. Эркак аёлдаги мазкур хислатлардан истаганини кўзлаб никоҳланиши мумкин. Лекин диндорини танлаш афзалдир.
Ушбу ҳадисда қандай умр йўлдош танлаш масаласи баён қилинмоқда. Зеро, инсон бу масалада кўпинча иккиланиб қолади. Бу борада мўмин киши учун мезон диндорлик бўлиши керак. Чунки унс-улфатликда одамлар бир-бирларига таъсир ўтказадилар. Яхши ҳамроҳ билан сафарнинг машаққати камайганидек, яхши умр йўлдош билан ҳаётнинг машаққатлари енгил кечади. Мўмин киши диндор аёлни танласа, у билан кўп масалаларда, айниқса, диний масалаларда ўзаро муроса қила олади. Шунинг учун Набий алайҳиссалом диндорини танлашга буюрмоқдалар.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аёлларга ҳусни учун уйланманглар, эҳтимол, ҳусни уларни ҳалок қилар. Уларга мол-давлати учун ҳам уйланманглар, эҳтимол, моллари уларни туғёнга кетказар. Аммо динлари учун уйланинглар. Албатта, бурни кесик, қулоғи тешик диндор қора чўри (дини йўқ ҳур аёлдан) яхшидир”, деганлар (Имом Ибн Можа ривояти).
Шунингдек, наслу насабдаги тенгликка ҳам риоя қилиш мустаҳабдир. Зеро, бу омил ҳам оиланинг тинч-тотув бўлиши, бир-бирларига нисбатан ҳурмат-эҳтиромни давом эттиришига сезиларли даражада таъсир қилади. Аммо ё диндорини, ё насл-насаби тенгини танлашга тўғри келса, албатта, диндори муқаддам қўйилади.
Азизбек ХОЛНАЗАРОВ
тайёрлади.