Куни кеча Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Хоразм вилояти сафари мобайнида Урганч шаҳридаги “Имом Фахриддин ар-Розий” ўрта махсус ислом билим юртида имом-хатиблар, устоз-мураббийлар ва талаба-ёшлар билан учрашув ўтказдилар.
Мулоқотда муфтий ҳазратлари муҳтарам Президентимиз томонларидан диний-маърифий соҳани такомиллаштириш, мўмин-мусулмонларнинг дарду ташвишларини енгиллатиш, диний саводхонлигини ошириш, имон-эътиқодини мустаҳкамлаш ва Ислом динининг эзгу таълимотларини кенг тарғиб этиш йўлидаги тарихий ишларни теран англаб, бунинг учун эртаю кеч, туну кун Ҳақ таолога шукрона келтириш, бундай кунларнинг қадрига етиш зарурлигини жонли мисоллар билан изоҳлаб бердилар.
Шунингдек, муфтий ҳазратлари ҳамжиҳатликда ҳикмат кўп эканини билдириб, диёримиздаги барча мўмин-мусулмонлар жипс бўлиб яшашлари Яратган Парвардигор неъматларига муносиб шукроналик бўлишини айтиб ўтдилар.
Учрашувда Хоразм вилояти ҳокими ўринбосари Маҳмуджон Умрзоқов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Хоразм вилояти вакили Хайрулло Абдуллаев ва ишчи гуруҳ аъзолари иштирок этди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
“Янги Ўзбекистоннинг фидойиси бўлиб, маънавият тарғиботчисига айланамиз” ташаббуси доирасида 2024 йилги ҳожилар иштирокида ўтказилаётган маънавий-маърифий тарғибот тадбирлари қизғин давом этмоқда.
Мавсум бошидан ҳозирга қадар ўтказилган 88 минг 273 та тадбир доирасида 539 956 нафар юртдошимиз қамраб олинди. Уларнинг оилавий шароитларидан келиб чиқиб, тинчлик қадри, шукроналик, ёшлар тарбияси, иллатларга барҳам бериш, илм-маърифатга тарғиб, ёт ғояларга қарши курашиш мавзуларида суҳбатлар ўтказилмоқда.
Эҳтиёжмандлар ҳолидан хабар олиниб, озиқ-овқат маҳсулотлари, моддий ёрдамлар берилмоқда. Ушбу хайрли ишларга диний соҳа вакиллари билан бир қаторда 11 мингдан зиёд ҳожилар жалб этилган бўлиб, улар маҳаллаларда амалий ишларда кўнгилли равишда иштирок этишмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати