Куни кеча Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Хоразм вилояти сафари мобайнида Урганч шаҳридаги “Имом Фахриддин ар-Розий” ўрта махсус ислом билим юртида имом-хатиблар, устоз-мураббийлар ва талаба-ёшлар билан учрашув ўтказдилар.
Мулоқотда муфтий ҳазратлари муҳтарам Президентимиз томонларидан диний-маърифий соҳани такомиллаштириш, мўмин-мусулмонларнинг дарду ташвишларини енгиллатиш, диний саводхонлигини ошириш, имон-эътиқодини мустаҳкамлаш ва Ислом динининг эзгу таълимотларини кенг тарғиб этиш йўлидаги тарихий ишларни теран англаб, бунинг учун эртаю кеч, туну кун Ҳақ таолога шукрона келтириш, бундай кунларнинг қадрига етиш зарурлигини жонли мисоллар билан изоҳлаб бердилар.
Шунингдек, муфтий ҳазратлари ҳамжиҳатликда ҳикмат кўп эканини билдириб, диёримиздаги барча мўмин-мусулмонлар жипс бўлиб яшашлари Яратган Парвардигор неъматларига муносиб шукроналик бўлишини айтиб ўтдилар.
Учрашувда Хоразм вилояти ҳокими ўринбосари Маҳмуджон Умрзоқов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Хоразм вилояти вакили Хайрулло Абдуллаев ва ишчи гуруҳ аъзолари иштирок этди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Шу йил 9 январь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Дин ишлари бўйича қўмита ҳамкорлигида ўтказиб келинаётган намунавий-амалий тадбирларнинг навбатдагиси Сирдарё туманида ўтказилди.
Мазкур тумандаги “Абу Бакр” масжидидаги йиғилишда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов бошчилигида Сирдарё вилоят вакиллиги ходимлари, туманлар бош имом-хатиблари ва тажрибали имом-хатиблардан иборат Ишчи гуруҳ тузилиб, улар ҳудуддаги 7 та масжид ва 21 та маҳаллага бириктирилди. Шунингдек, маҳаллалардаги “Ҳаж – 2024” зиёратчилари маънавий-маърифий тадбирларга жалб этилди.
Тадбир доирасида имом-хатиблар 105 та оилага, 21 та оилага, умумий ҳисобда 126 та оилага кириб, тарғибот ва амалий ёрдам ишларни олиб борди.
Хусусан, 38 та хонадонда ёт ғоялар таъсирига мойил бўлганлар билан суҳбатлашилиб, уларнинг тушунчалари тўғриланди. 19 оила бузилишининг олди олинди. Ногиронлиги бор, эҳтиёжманд ва табаррук ёшдаги қариялар яшайдиган 5 та оилага кириб совға-саломлар улашилди.
Шунингдек, ишчи гуруҳ аъзолари имом-хатиблар фаолиятини ўрганди. Жумладан, устав асосида иш юритиш, жамоани бошқариш, масжидни тоза ва озода сақлаш, унда қулай шароитлар ҳозирлаш каби жиҳатлар кўриб чиқилди. Натижада имом-хатиб бошчилигидаги масжидлар жамоасининг фаолиятига ижобий баҳо берилди.
Бундан ташқари, ишчи гуруҳ аъзолари ўзларига бириктирилган масжидларда пешин намозини адо қилиб, қавмга “Тинчлик неъмати”, “Шукроналик”, “Ўзаро ҳамжиҳатлик”, “Оила муқаддаслиги”, “Ҳусни хулқ”, “Қўшничилик одоблари”, “Мазҳабга эргашиш ва ёт ғоялар таъсиридан сақланиш” каби долзарб мавзулардаги маъруза қилишди. Уларда 1 300 нафардан ортиқ намозхон қамраб олинди.
Тадбир сўнгида Сирдарё тумани имом-хатибларининг маънавий-маърифий ва масжид бошқарувидаги фаолиятида кузатилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан кўрсатма ва тавсиялар берилди.
Маълумот ўрнида Сирдарё вилояти имом-хатиблари фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган Ишчи гуруҳ фаолияти 2025 йилнинг 28 январь куни Ховос туманида ўтказилиши режа қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати