Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
13 Феврал, 2025   |   14 Шаъбон, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:01
Қуёш
07:21
Пешин
12:42
Аср
16:12
Шом
17:57
Хуфтон
19:11
Bismillah
13 Феврал, 2025, 14 Шаъбон, 1446

Мўминаларга ибрат мўминалар: Фотима бинти Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам (давоми)

14.01.2019   3953   5 min.
Мўминаларга ибрат мўминалар: Фотима бинти Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам (давоми)

Мушрикларнинг жабр-зулми кучайгач, мусулмонлар Мадинага ҳижрат қилдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қизлари Фотима розиялоҳу анҳо билан Умму Гулсум розиялоҳу анҳони олиб келиш учун ишончли саҳобаларни Маккага юбордилар. Шундай қилиб, Фотима розияллоҳу анҳо ўн саккиз ёшида Макка билан видолашди.                               Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Оиша розиялоҳу анҳога уйланганларидан кейин саҳобалардан, Фотима розиялоҳу анҳога совчилар кела бошлади. Фотима розиялоҳу анҳо оталарининг хизматларида тургани боис саҳобалар шу пайтгача бунга журъат қила олишмаган эди. Аввало, Ҳазрати Абу Бакр розиялоҳу анҳу ва кейинроқ Ҳазрати Умар розиялоҳу анҳу оғиз солдилар. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буюк бир назокат ила узр баён қилдилар. Ҳазрати Умар розиялоҳу анҳу бу шарафни Ҳазрати Али розиялоҳу анҳуга лойиқ кўриб, таклифини унга айтдилар. Аммо Ҳазрати Али розиялоҳу анҳу: “Ҳазрати Абу Бакр (розиялоҳу анҳу) ва ҳазрати Умар (розиялоҳу анҳу)дек зотларга рад жавобини берган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менинг таклифимни қабул қилишлари мумкинми?” деган андишада эди. Ҳазрати Умар розиялоҳу анҳу Ҳазрати Али розиялоҳу анҳуни Набий алайҳиссаломнинг куёви бўлишга энг муносиб зот эканлигига ишонтирдилар. Ҳазрати Али розиялоҳу анҳу Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларига бордилар. Аммо уялганларидан зиёрат сабабини айта олмадилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Абу Толиб ўғлининг қандай эҳтиёжи бор экан?” дедилар. Бўлажак куёв тортина-тортина гап бошладилар: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг қизлари Фотима (розиялоҳу анҳо)нинг қўлини сўраб келдим”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак чеҳраларида мамнуният ҳислари намоён бўлди. Эртасига Ҳазрати Али розиялоҳу анҳу такрор Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бордилар. Набий алайҳиссалом:

— Маҳр учун ёнингизда бирон нарса борми? — дея сўрадилар.

Али розиялоҳу анҳу:

— Йўқ, эй Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), — деди.

— Фалон куни сизга бир зирҳ берган эдим, ўша қани? Ҳазрати Али розиялоҳу анҳу хурсанд бўлиб:

— Ўзимда турибди, эй Набийуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), — деди. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сарпо, совға-салом олишлари учун уни сотишга буюрдилар. Ҳазрати Усмон розиялоҳу анҳу зирҳни 470 дирҳамга харид қилдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пулнинг бир қисмини хушбўйликлар олиш учун Билол розиялоҳу анҳуга қолган қисмини Умму Салама розиялоҳу анҳога бериб, Фотима розиялоҳу анҳо учун кийим-кечак харид қилишни буюрдилар. Сўнгра Сарвари олам соллаллоҳу алайҳи ва саллам Анас розиялоҳу анҳу орқали Ҳазрати Абу Бакр, Умар, Усмон, Талҳа, Зубайр розиялоҳу анҳулар ва ансорлардан яна шунча кишини ҳузурларига чорладилар. Фотима розиялоҳу анҳонинг қошига бориб: “Эй Фотима! Али сенга уйланмоқчи, бунга нима дейсан?” дедилар. Муҳтарама қизлари қаттиқ ҳаё ва иболари боис сукут сақлаб, ҳеч қандай жавоб бермадилар. Бу эса розилик аломати эди. Бу аснода чақирилган саҳобалар ҳам етиб келишди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга шундай дедилар:

— Танҳо ҳамду санога лойиқ, қудрати ила бутун мавжудотни яратган Аллоҳга беҳад шукрлар бўлсин. Шубҳасиз, Аллоҳ таоло оила қуришни ва қариндош-уруғларни ҳурматлашни амр этди: “У сувдан — нутфадан инсонни яратиб, сўнг уни насл-насаб эгаси ва куда-анда қилиб қўйган Зотдир. Дарҳақиқат, Парвардигорингиз (ҳар ишга) қодирдир” (Фурқон, 54) Энди мақсадга келсак, Ҳақ таоло амрига кўра, Фотимани Алига никоҳлаб бераман. Агар рози бўлса, тўрт юз мисқол кумуш эвазига вожиб бир амал ва қоим бир суннат ила Фотимани Алига узатаётганимга сизларни шоҳид қиляпман. Аллоҳ уларнинг мол-дунёларига барака бериб, наслларини азиз қилсин. Мана шуни сизларга маълум қилиб, ўзимга ва барчангизга Аллоҳдан мағфират тилайман”. Сўнгра Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир товоқ хурмо келтириб, мўьтабар меҳмонларга тортиқ қилдилар. Бу орада Ҳазрати Али розиялоҳу анҳу ҳам етиб келдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам табассум ила: “Эй Али! Мен тўрт юз мисқол кумуш эвазига Фотимани сенга никоҳладим”, дедилар. Ҳазрати Али розиялоҳу анҳу шукр саждасини адо қилдилар. Сарвари коинот соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳазрати Али розиялоҳу анҳу ва Фотима розиялоҳу анҳонинг ҳаққига: “Аллоҳ оилангизга барака ва хурсандчилик берсин. Сизларга солиҳ фарзандлар ато этсин”, деб дуо қилдилар. Ҳазрати Али розиялоҳу анҳу бениҳоя хурсанд бўлдилар. Зеро, ҳаётларида энг буюк воқеа юз берган - Пайғамбарлар хотами Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қизларига уйланиш шарафига муяссар бўлган эдилар. Давоми бор...

 

Саидаброр Умаров

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Алишер Навоий – илм ва маърифат соҳиби

9.02.2025   14378   5 min.
Алишер Навоий – илм ва маърифат соҳиби

Аллоҳ таоло Қуръонда бундай марҳамат қилади:

"Аллоҳдан бандалари ичидан фақат олимларигина қўрқарлар" (Фотир сураси, 28-оят). 

Бу оят бизга илмнинг улуғлигини ва ҳақиқий олимлар Аллоҳдан қўрқадиган, ҳақиқат йўлида хизмат қиладиган инсонлар эканини билдиради.

Ислом тарихига назар ташласак, кўплаб алломалар, адиблар ва мутафаккирлар илм-маърифат билан умматга хизмат қилганини кўрамиз. Ана шундай буюк зотлардан бири Алишер Навоий бўлиб,  нафақат шеърият, балки тилшунослик, тасаввуф, ахлоқий тарбия ва давлат бошқаруви соҳаларида ҳам улкан из қолдирган.


Бугунги мақоламизда биз Алишер Навоийнинг ҳаёти, илмий ва диний қарашлари ва толиби илмлар учун ибрат бўладиган жиҳатлари ҳақида фикр юритамиз.

Навоий ҳаёти ва илм йўлидаги ҳаракатлари


Алишер Навоий ҳижрий 844-йил (милодий 1441-йил) 9-февраль куни Ҳиротда таваллуд топган. Ёшликларидан Қуръон, ҳадис, тафсир, фиқҳ, наҳв (араб тили грамматикаси) ва мантиқ илмларини ўрганган. Уларнинг илмга бўлган муҳаббати шунчалик кучли эди-ки, бутун умрини илм ва маърифатга хизмат қилишга бағишлаган.


Ҳазрат Навоийнинг устозлари ичида машҳур олимлар, хусусан, Жомий ҳазратлари ҳам бор эди. Жомий тасаввуф ва фиқҳ илмларида етук олим бўлиб, Навоийнинг илмий ва ахлоқий шаклланишига катта таъсир кўрсатган.
 

Алишер Навоий илмни инсонни камолот сари етакловчи энг муҳим восита деб билган. У шундай деган:

"Жаҳолатдан илму йироқ қилғай,

Билим ила кўнглинг чароғ қилғай". 
 

Бу фикр Қуръонда келган қуйидаги оятга мос келади:
 

"Сен: Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўладими?, деб айт. Албатта, ақл эгаларигина эсларлар" (Зумар сураси, 9-оят)

Демак, илм одамни зулматдан нурларга олиб чиқади ва ҳақ йўлни кўрсатади.

Навоийнинг адабий мерослари ва тасаввуфий қарашлари

2.1. "Хамса" ва ахлоқий тарбия

Алишер Навоий буюк форс шоири Низомий Ганжавий анъаналарини давом эттириб, туркий тилда биринчи бўлиб "Хамса"ни яратди. "Хамса" таркибидаги асарлар:

"Ҳайрат ул-аброр" – ахлоқ ва тақво ҳақида.
"Фарҳод ва Ширин" – ҳалол меҳнатнинг улуғлиги.
"Лайли ва Мажнун" – илоҳий севги ва тасаввуфий юксалиш.
"Сабъаи сайёр" – тақдир ва синовлар.
"Садди Искандарий" – илм ва адолатнинг устунлиги.

Бу асарлар орқали Ҳазрат Навоий инсоннинг маънавий камолотга етиши, ҳаётнинг синовларига сабр қилиш ва Аллоҳга яқин бўлиш зарурлигини кўрсатган.
 

2.2. "Муҳокамат ал-луғатайн" ва тилнинг шарафланиши

Алишер Навоий ўзининг "Муҳокамат ал-луғатайн" асарида туркий тилнинг форсий тилдан бой ва ифодали эканини илмий жиҳатдан исботлаган. Улар шундай деган:

"Кимки туркий тилда гўзал сўз айта олса, унга форсий тил керак эмас."

Бу фикр Ислом динидаги ҳар бир миллат ўз она тилида Аллоҳга хизмат қилиши керак деган ғояга ҳам мос келади.


Қуръонда шундай марҳамат қилинган:

"Қайсики Пайғамбарни юборган бўлсак, баён қилиб бериши учун, ўз қавми тили ила юборганмиз" (Иброҳим сураси, 4-оят)

Шунинг учун ҳам Ҳазрат Навоий она тилларини ривожлантиришга катта эътибор қаратган ва биз бугунги ёшлар ҳам ўз тилимизни ҳурмат қилишимиз лозим.

2.3. Тасаввуф ва илоҳий муҳаббат

Алишер Навоий тасаввуф илмини чуқур ўрганиб, ўз асарларида нафсни поклаш, дунёнинг фонийлиги ва Аллоҳга муҳаббат билан боғланиш масалаларини кўп ёритган:

"Кўнглингни дунё иши билан қорама,

Зеро Ҳақ рози бўлмас жоҳил банда."


Демак, инсон Аллоҳ розилиги учун яшаса, у дунё ва охиратда бахтиёр бўлади.

Навоий ва илм-маърифатнинг жамиятдаги ўрни
Алишер Навоий илмли жамият тараққий этишини тушунган ҳолда, қуйидаги эзгу ишларни амалга оширган:

Мадрасалар, масжидлар ва кутубхоналар қурдирган.
Фақир ва етимларга ёрдам берган.
Адолатли давлат бошқаруви тамойилларини илгари сурган.
Унинг бу ишлари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг "Олимнинг обиддан фазли ҳудди ойнинг бошқа юлдузлардан фазлига ўхшайди" деган ҳадисларига мос келади.


Хулоса: Навоийдан бизга қандай ибрат бор?

Биз, Алишер Навоийнинг илм йўлидаги фидойилигидан ва диний қарашларидан ибрат олишимиз лозим. Унинг бизга қолдирган сабоқлари қуйидагилар:

Илм олишга интилиш ва илмни Аллоҳ йўлида фойдаланиш.
Она тилимизни ҳурмат қилиш ва бойитиш.
Ахлоқий поклик ва адолатни тарғиб қилиш.
Нафс тарбияси ва тасаввуфий юксалишга интилиш.

Навоий айтганидек:

"Илм ила кўнглинг чароғ қилғай,

Билим аҳли юксак бўлғай."


Аллоҳ таоло бизни ҳам Навоийнинг илмий ва ахлоқий меросидан ибрат олиб, умматга фойда келтирувчи илм эгаларидан бўлишимизни насиб этсин!

Зарифахон Абдуқаҳҳорова, 

Тошкент ислом институти талабаси