Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. Бундан ташқари саҳобаи киромлар, улуғ олимлар, Яқин Шарқ, Осиё, Европа ва Америка мутафаккирларининг бир қатор фикрлари ҳам берилган.
*****
Авзоий раҳимаҳуллоҳ шундай деганлар: «Агар бировни ёмонлаётган кишини кўрсангиз, билингки, у киши «Мен ўша одамдан яхшироқман» деяётган бўлади».
*****
Хафалигингни онангдан яшир! Хурсанд бўладиган бўлсанг, онангнинг олдида хурсанд бўл! Чунки, сен ташвишингдан бир марта хафа бўлсанг, онанг минг марта сиқилади. Ютуқларингдан бир марта хурсанд бўлсанг, онанг минг марта севинади.
*****
Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ шундай деганлар: «Ўттиз йилдан бери (устозим) Шофеийнинг ҳаққига дуо қилмасдан ва унинг учун истиғфор айтмасдан туриб уйқуга ётмадим».
«Ал-Калимут тоййиб»
*****
Оталик вазифасини бажариш қўлидан келмайдиган кимсанинг уйланиб, фарзанд кўришга ҳаққи йўқ.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Ёмон ниятли кимсалар, бир-бирларини ёқтирмасалар ҳам, ҳамжиҳат бўлиб, бир сафда турадилар. Аммо яхшиликка чорловчи даъватчилар тарқоқдирлар. Мана шу уларнинг заифликлари сиридир.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Яқинларнинг зарбаси ўта хатарлидир. Чунки у яқин масофадан келади.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Бахтли яшай десанг, (тортишув ва иккиюзламачилардан) узоқроқ яша.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Фикрлаш “касаллиги”нинг давоси йўқ. Ҳатто ухлаётганингда ҳам фикрлаган нарсаларингни тушда кўриб чиқасан.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Уларни рози қилиш учун характерингни ўзгартирма.
Уларни қизиқтириш учун овозингни ўзгартирма.
Уларга мос бўлиш учун асосингга зид иш қилма.
Уларни рози қилиш учун сунъийлашма.
Аллоҳ таоло сенга ўзингга хос характер, овоз, тузилиш берган. Ўзлигингни йўқотма.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи
Нозимжон Иминжонов
14 январь – Ватан ҳимоячилари куни байрами юртимизда миллий ғурур ва фидойилик рамзи сифатида алоҳида ўрин тутади. Бу кун Ватан ҳимояси йўлида ҳалоллик ва жасурлик кўрсатган барча фуқароларни қадрлаш, уларнинг ҳиссасини эътироф этиш кунидир.
Ватан ҳимоячилари нафақат ҳарбийлар, балки мамлакат тинчлиги ва хавфсизлигини таъминлашга ҳисса қўшаётган барча инсонлардир. Улар соғлом, барқарор жамият қуриш йўлида фаолият олиб бораётган, эртанги куннинг тинчлиги учун меҳнат қилаётган ва бошқаларга намуна бўлаётган кишилардир.
Ҳар бир киши ватанпарварликни ўз оиласидан, маҳалласидан бошлаши лозим. Отинойилар, устозлар ва зиёлилар ёш авлодга Ватанга бўлган муҳаббатни, уни ҳимоя қилиш масъулиятини ёшликдан ўргатмоғи керак. Чунки келажак авлоднинг маънавияти ва иродаси Ватан мустақиллигини янада мустаҳкамлайди.
Бугунги кунда ёшлар ҳарбий билимлар билан бирга ахлоқий ва маънавий тарбияга ҳам катта аҳамият бериши керак. Шу йўл билан улар Ватанга фидойилик билан хизмат қилишга тайёр, шижоатли ва баркамол шахслар бўлиб етишади.
14 январь куни нафақат байрам, балки Ватанга садоқат ва масъулиятни эслатувчи муҳим сана бўлиб, ҳар биримизга миллий ифтихор ҳиссини уйғотади. Тинчликнинг қадрини билиш, уни асраш ва келажак авлодга соғлом юрт қолдириш барчамиз учун муқаддас бурчдир.
Ризвон Баҳрамова,
Бухоро вилояти бош имом-хатибининг
хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси