Жорий йилнинг 6 февраль кунги зилзила Туркияда яшовчи суриялик тадбиркор Умар Абдулқодирнинг тўқимачилик бизнесига зарар келтирди. У етказилган талофотни қоплаш учун суғурта компаниясига мурожаат қилади.
Компанияси унга 716 000 доллар товон пули тўлаб беради. Аммо бу маблағ у сўраган суммадан анча кўплиги маълум бўлди. Бу хатоликни пайқаган тадбиркор ортиқча пулни компанияга қайтарди. Бу ҳақда IslamNews маълум қилган.
“Баъзилар менга пулни бермасликни маслаҳат беришди. Ҳозир бу сенинг пулинг, дейишди. Лекин мен ҳалол бўлмаган пулни ололмаслигимни айтдим”, деди у.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Дунёда шундай ишлар борки, Аллоҳ таолога суюкли бўлади. Улардан бири кўнгилни шод этиш ҳисобланади.
Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қилганлар: “Аллоҳ таолога фарз ибодатлардан кейин энг мақбул иш – мусулмон кишининг кўнглига сурур (хурсандчилик) етказишдир”.
Дарҳақиқат, ўзга кишининг кўнглини олиш, уни хурсанд қилиш хайрли амаллардандир. Ҳазрати Алишер Навоий:
Кимки бир кўнгли бузуғнинг хотирин шод айлагай,
Онча борким, Каъба вайрон бўлса, обод айлагай, дея бежиз айтмаган.
Мусулмоннинг кўнглига озор бериш эса, хунук ишлардандир. Бу ҳақда халқимизда: “Дилозордан Худо безор”, деган нақл бор.
Аллоҳ таоло барчамизни ўзгаларга озор беришдан сақлаб, Аллоҳ таолога суюкли бўлган ишларни қилишга муваффақ айласин!
Руҳиддин Акбаров,
ЎМИнинг
Қашқадарё вилоят вакиллиги ходими