Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ ривоят қилган ҳадисда Оиша онамиз розияллоҳу анҳо шундай деганлар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйларида ёнбошлаб ётган эдилар. Болдирлари бироз очиқ эди. Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) киришга изн сўради. У зот унга ўша ҳолларича (ёнбошлаган ҳолларида) изн бердилар. У кириб, (ҳожатини) гапирди. Кейин Умар (розияллоҳу анҳу) киришга изн сўради. У зот ўша (ёнбошлаган) ҳолда унинг киришига изн бердилар. (У кириб, ҳожатини) гапирди. Кейин Усмон (розияллоҳу анҳу) киришга изн сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтириб олдилар ва кийимларини тузатдилар. У чиқиб кетгач мен: “Эй Расулуллоҳ, Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) кирди. Ўрнингиздан турмадингиз, қўзғалмадингиз, парво ҳам қилмадингиз. Кейин Умар кирган эди, унга ҳам ўрнингиздан қўзғалмадингиз, парво ҳам қилмадингиз. Сўнгра Усмон кирганда эса ўтириб олдингиз ва кийимингизни тузатдингиз?!” деган эдим, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Фаришталар ҳаё қилиб, уяладиган кишидан мен қандай уялмай?” дедилар”.
Нозимжон Иминжонов таржима қилди
Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан аҳоли билан йўлга қўйилган очиқ ва самимий мулоқот тизими фуқароларнинг мурожаатларини атрофлича ўрганиш ҳамда уларга тезкор ечим топишда муҳим омил бўлмоқда.
12 август куни Диний идора раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов навбатдаги фуқаролар қабулини ўтказиб, юртдошларимизнинг арз, таклиф ва мурожаатларини тингладилар. Юзма-юз суҳбат жараёнида масжидлар ҳолати ва фаолияти, имом-хатиблар иши, Ҳаж ва Умра зиёратларини ташкил этиш, оилавий муносабатларни тартибга солиш ҳамда моддий ёрдам кўрсатишга оид кўплаб масалалар чуқур таҳлил қилиниб, уларнинг аксарияти жойида ижобий ҳал этилди.
Эслатиб ўтамиз, бу каби қабуллар ва фуқаролар билан мулоқот тадбирлари Диний идоранинг ҳудудий вакилликлари ҳамда юртимиздаги барча жоме масжидларда ҳар ҳафтанинг чоршанба куни имом-хатиблар томонидан ўтказиб келинмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати